Меню

Қашқадарё

28.06.2019 1631

ВИЛОЯТДА КАНАЛИЗАЦИЯ ТАРМОҚЛАРИ ВА ОҚОВА СУВНИ ТОЗАЛАШ ТИЗИМИДА АҲВОЛ ЎНГЛАНДИМИ?

Масалан, кўп қаватли уйда яшайдиган оила бир кунда ўртача 150 литр сув ишлатади, дейлик. Бу сув дастлабки фойдаланишдан сўнг бевосита чиқинди сувга айланади ва у хонадондаги канализация тармоғи орқали оқизилади. Ўз навбатида, минглаб хонадонлар ва бошқа объектлардан чиқадиган оқова сув марказий тармоққа қўшилиб, кейинчалик эҳтиёжга кўра қисман ёки тўлиқ тозаланган ҳолда иккиламчи қайта фойдаланишга йўналтирилиши ёки зарарсизлантирилган ҳолда хавфсиз ҳудудга чиқариб юборилиши мумкин. Аслида бу тизим шундай ишлаши керак. Аммо бугунги кунда мамлакатимизнинг аксарият ҳудудлари сингари вилоятимизда ҳам канализация ва оқова сувни тозалаш тармоғи рисоладагидек фаолият юритаяпти, деб бўлмайди. Йирик шаҳарларда бу борадаги аҳвол қониқарсиз бўлиб турган бир пайтда чекка ҳудудлардаги тармоқлар ҳақида гапириш ҳам ўринсиз.

Қуйидаги рақамларга эътибор қаратинг. Бугунги кунда вилоят аҳолиси қарийб 3 миллион 226 минг кишини ташкил этмоқда. Шундан 1 миллион 388 минг 600 нафари ёки умумий аҳолининг 43 фоизи шаҳар ва шаҳарчаларда истиқомат қилади. Бироқ, 2019 йилнинг 1 март ҳолатида вилоят аҳолисининг атиги 6,3 фоизига оқова хизматлари кўрсатилмоқда. Канализациядан фойдаланувчилар сонини фақат шаҳар аҳолисига нисбатан олганимизда ҳам 15 фоиз атрофида бўлади. Бошқа шаҳарларни қўя турайлик, вилоят марказининг ўзида ҳам канализация билан боғлиқ муаммолар талайгина.

- Яқинда Насаф кўчасида қурилган кўп қаватли уйларнинг биридан янги хонадон харид қилдик, - дейди Қарши шаҳрилик Муяссар Акромова. - Бироқ ҳалигача кўчиб ўтолганимиз йўқ. Сабаби канализация тизими яхши ишламас экан. Аввалига қурувчига мурожаат қилиб, буни тўғрилашини талаб қилдик. Аммо уй канализация тармоғига уланган экан, асосий тармоқдаги носозликлар туфайли сув кетиши яхши эмаслигини айтишди. Энди муаммомиз қачон ҳал бўлишини билолмай сарсонмиз. 

Афсуски, юқорида тилга олинган мисол ягона эмас. Канализация билан боғлиқ муаммолар шаҳарнинг бошқа кўчаларида, шу жумладан, замонавий кўп қаватли уйлар қурилган янги мавзеларда ҳам учраб турибди.

Шунингдек, Қарши шаҳрида мавжуд тармоқларнинг эскирганлиги натижасида тез-тез авария ҳолатлари содир бўлиши ҳам одатга айланиб улгурди. Бунинг асосий сабабини аниқлаш қийин эмас. Шаҳарда аҳоли сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Шунга мос равишда янги оқова сув тармоқларини қуриш, маънан эскирган тизимларни таъмирлаш талаб этилади. Аммо шу вақтгача тармоқлар деярли қурилмаганлиги ҳам сир эмас.

Қолаверса, айни пайтда вилоят бўйича 3 та: Қарши шаҳридаги 1979 йилда фойдаланишга топширилган оқова сув тозалаш иншооти, Шаҳрисабз шаҳридаги 1989 йилда фойдаланишга топширилган "Шаҳрисабз" ҳамда Муборак туманидаги 1980 йилда ишга туширилган "Геолог" оқова сув тозалаш иншоотлари мавжуд.

Бироқ ҳозир ушбу иншоотлар маънан эскирган ва кўнгилдагидек ишлаётгани йўқ. Натижада оқова сувлар зарарсизлантирилмасдан табиатга чиқарилиш ҳолатлари учрамоқда. Хўш, бу табиатга, экологияга жиддий зарар етказмайдими? 

Мутасаддиларнинг айтишича, узоқ йиллар давомида тизимга эътибор берилмагани, таъмирлаш ишлари олиб борилмагани шу ҳолатга сабаб бўлган. Бироқ ҳозирги кунга келиб, ҳукумат томонидан оқова сувни тозалаш ва канализация тармоқларини кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда ва аҳвол тез орада яхшиланади.

- Бу йил Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги оқова сув тозалаш иншоотларида реконструкция ишлари бошланмоқда, - дейди вилоят "Сувоқова" давлат унитар корхонаси бўлим бошлиғи Мустафо Ҳимматов. - Жумладан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги "Қарши шаҳрида канализация тизимини такомиллаштириш ва оқова сув тозалаш иншоотини қайта реконструкция қилиш" лойиҳасига кўра, бу борадаги ишлар учун 56,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ йўналтирилмоқда. Лойиҳа тақдим этилганидан сўнг айни  кунга қадар Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертлари 3 маротаба Қарши шаҳрига келиб, барча бирламчи ҳужжатларни тайёрлашди ва расмий жараёнлар деярли ҳал этилди. Реконструкция ишлари 2019-2024 йиллар давомида амалга оширилиши белгиланган. Бу ишлар доирасида шаҳардаги мавжуд оқова сув иншооти ҳамда 14 та оқова сув насос станцияси     реконструкция қилинади. Шунингдек, яна 2 та янги оқова сув насос станцияси қурилиши ҳамда 90 километр канализация тармоқларида қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилиши кўзда тутилган. Мана шу ишлар амалга ошганидан сўнг Қарши шаҳрида оқова сув тортиш кўлами сезиларли даражада ошади. Бундан ташқари, шаҳар ҳудудидаги чиқинди сувларни белгиланган тартибда тозалаб, маълум мақсадлар учун фойдаланишга йўналтириш ёки зарарсизлантирилган ҳолда чиқариб юбориш имконияти пайдо бўлади.

Мутасаддининг таъкидлашича, Шаҳрисабз шаҳридаги оқова сув тозалаш иншооти ҳам "Шаҳрисабз ва Китоб шаҳарларида оқова сув тозалаш иншоотларини ва оқова сув тармоқларини таъмирлаш" лойиҳасига асосан  2019-2022 йилларда тўлиқ реконструкция қилинади. Бу лойиҳа учун Франция тараққиёт агентлиги маблағ ажратмоқда. Умумий ҳажми 25,3 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган ушбу инвестициялар ҳисобидан шаҳардаги оқова сув тозалаш иншооти,  3 та оқова сув насос станцияси реконструкция қилиниши, яна 2 та янги оқова сув насос станцияси қурилиши ҳамда 39,5 километр канализация тармоқларида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

БМТ маълумотларига кўра, юқумли касалликларнинг 80 фоиздан ортиғи сув таъминотида санитария-гигиена қоидаларига амал қилинмаслиги оқибатида юзага келмоқда. Ҳар куни ривожланаётган мамлакатлар болаларидан 6 минг нафари санитария-гигиена қоидаларига тўғри келмайдиган сув истеъмол қилгани учун ҳаётдан кўз юммоқда. Хўш, бу сувлар қаердан пайдо бўлмоқда? Албатта, аксарият ҳолларда бунга оқова сувнинг зарарсизлантирилмасдан табиатга чиқарилиши, дарё ва каналларга қуйилиши сабаб бўлмоқда. Муаммонинг бартараф этилиши эса биринчи галда канализация хизматлари ва оқова сувни тозалаш тизимларининг кўнгилдагидек ишлашига боғлиқ.

Айни пайтда вилоятимизда бу тизимнинг ҳолати қониқарли эмаслиги аниқ, аммо бошланажак лойиҳалар аҳвол ўнгланишига умид уйғотади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!