Меню

Қашқадарё

07.06.2024 5481

Вилоятда болаларни ёзги дам олдириш мавсумига старт берилди

Жорий йил ёзги мавсумда Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманлари ва Шаҳрисабз шаҳридаги сўлим гўшаларда жойлашган 16 та стационар болалар оромгоҳида 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган 22 минг нафар  болани дам олдириш ва соғломлаштириш режалаштирилган.

Мавсумнинг 1 навбати  5 июндан бошланиб, оромгоҳларга 4500 нафарга яқин болажон жўнатилди. Шу кунларда кўпгина дам олиш масканларида ёзги мавсумнинг тантанали очилиш маросимлари ўтказилмоқда.

Болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши ва спорт билан шуғулланиши учун зарур шароитлар яратиш ҳамда малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят Кенгаши болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бошқармалари билан ҳамкорлик режалари ишлаб чиқилди.

- Барча болалар соғломлаштириш оромгоҳларида кутубхоналар, турли тўгараклар, спорт секциялари фаолияти йўлга қўйилди, айниқса, ҳар бир мавсумда болалар учун чет тили тўгараклари ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилди, - дейди департаментнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Исмат Очилов. - Соғломлаштириш мавсумида оромгоҳларга 300 нафарга яқин педагог, 16 нафар кутубхоначи, 40 нафарга яқин тиббиёт ходими жалб этилди. Шунингдек, ушбу масканларга қўшимча равишда 30 минг дона бадиий, илмий  адабиётлар етказиб берилди.

Мавсум давомида барча оромгоҳларда маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари, концерт дастурлари, спорт-соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилиб, уларга таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар таклиф қилинади, “Мустақиллик менинг тақдиримда”, “Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати”, “Касаба уюшмалари – болаларга” акциялари ўтказилиб, болажонларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти юксалтирилади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!