Меню

Қашқадарё

29.10.2019 1397

ВИЛОЯТДА ҚАТОР ҲУДУД ВА ИДОРАЛАР РАҲБАРЛАРИ ЎЗГАРДИ

 

Навбатдан ташқари сессия

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов иштирокида 26 октябрь куни халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоятда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришилган натижалар қайд этилиши билан бирга йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар, мавжуд муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди. Ижтимоий-иқтисодий, инвестиция ва қурилиш салоҳияти тўлиқ ишга солинмаётгани, вилоят, туман ва шаҳар сектор раҳбарлари ўз вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашаётгани танқид қилинди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди.

Хусусан, 2013 йил 27 сентябрдан бери вилоят ҳокими сифатида ишлаб келаётган Зафар Рўзиев вазифасидан озод этилиб, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманини бошқариб келаётган Зойир Мирзаев Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Ўз навбатида вилоят прокурори Ботир Юсупов, ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дилшод Турсунбоев ва давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Равшан Насимов ҳам ишдан кетди.

Шу вақтгача Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган Эркабой Тожиев вилоят прокурорлигига, Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган Шуҳрат Сотиболдиев Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиқлигига тайинланди. Вилоят солиқ тизимига  эса бунгача Навоий вилояти давлат солиқ бошқармасини бошқарган Азамат Бозоров раҳбарликка келди.

Вилоятда юқоридаги "тўртлик" билан бир қатор туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам ишдан олинди. Қарши шаҳри ҳокими Жамшид Фозилов, Чироқчи тумани ҳокими Рустам Жўрақобилов, Миришкор туманининг сўконғичлиги билан танилган ҳокими Равшан Комилов масъулиятсизлиги сабаб, Китоб тумани ҳокими Рустам Саъдуллаев эса соғлиғи ёмонлашгани боис ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилди.

Касби тумани ҳокими сифатида ташаббускорлик кўрсатиб ишлаган ва халқнинг ҳақли эътирофини қозонган Нормўмин Холбоев эса энди вилоят маъмурий маркази - Қарши шаҳрига раҳбарлик қилади.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Хуррам Джўраев ва ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Бахтиёр Ражабов бошқа ишга ўтиши муносабати билан вазифасидан озод этилди. Уларга сўнгги имкон берилиб, Хуррам Джўраев Чироқчи туманига, Бахтиёр Ражабов эса Миришкор туманига ҳоким лавозимига қўйилди.

Хуррам Джўраев ўрнига Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ўткир Бўтаев ҳокимнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозими ҳозирча очиқ қолди.

Шу вақтгача Қишлоқ хўжалиги вазирлигида масъул ходим сифатида ишлаб келган Тўхтамурод Менглиевга Касби тумани, "Микрокредитбанк" АТБ Қашқадарё вилоят филиали бошлиғи бўлиб ишлаган Алишер Зокировга эса Китоб тумани раҳбарлиги ишониб топширилди.

Бундан ташқари, Нишон тумани прокурори Абдурайхон Муҳаммадиев ишдаги камчиликлари сабаб вазифасидан озод этилди. Жойларда ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, секторлар фаолиятидаги масъулиятсизлиги учун Миришкор ва Деҳқонобод тумани ички ишлар бўлими бошлиқлари ҳам ўз вазифасини тарк этди.

Огоҳлантиришлар ҳам бўлди. Вилоят ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ойбек Шагазатов ва вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Сирожиддин Азизов  ўз йўналишидаги ишларни кўнгилдагидек йўлга қўймагани учун огоҳлантирилди ва вилоят ҳокими вазифасида иш бошлаган Зойир Мирзаевга уларнинг ишда қолиш-қолмаслик масаласи юзасидан Президент администрациясига белгиланган муддатда таклиф киритиш вазифаси топширилди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати таъкидига кўра, янги "тўртлик" осон пайтда бошқарувга келишди: пахта хирмони қарийб 70 фоизга етган, ғалла ўрими аллақачон тугаган пайт. Улар янги режалар тузиб, ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожида, қашқадарёликлар ҳаётида катта ўзгаришлар қилишлари кутилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, вилоятнинг собиқ ҳокими Зафар Рўзиев айни пайтда Жиззах вилояти Зарбдор тумани ҳокими сифатида иш бошлаган. Расмий маълумотларга кўра, Зарбдор тумани майдони 710 квадрат километр бўлиб, ҳудудда 83 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!