Меню

Қашқадарё

21.11.2024 30

"Вилоят ҳокими стипендияси" танлови ғолибларига гувоҳномалар топширилди

Хабарингиз бор, иқтидорли ёшларни моддий ва маънавий рағбатлантириб, уларни таълим олишда янада юқори кўрсаткичларга эришишга ундаш мақсадида 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб Қашқадарёдаги олий таълим ташкилотларида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ўқиётган талабалари ўртасида "Вилоят ҳокими стипендияси" танлови йўлга қўйилган эди.

Вилоят ҳокими Муротжон Азимовнинг ўтган йил якунида ёшлар билан ўтказган мулоқоти чоғида ушбу лойиҳани мактаб ўқувчилари ўртасида ҳам жорий этиш таклифи билдирилди ва бу борадаги ташаббус кенг жамоатчилик, маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.

Ишлаб чиқилган низомларга кўра, "Вилоят ҳокими стипендияси" танловига номзодини тақдим этган олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасидан 14 нафари, мактаб ўқувчилари орасидан 6 та йўналиш бўйича 18 нафари тегишли тартибда ғолиб деб топилиб, уларга ўқув йили давомида мос равишда БҲМнинг 3 ва 1,5 баравари миқдорида стипендия тўлаб бориш кўзда тутилган.

  Вилоят ҳокимлигида ана шу танлов ғолибларини тақдирлаш маросими уюштирилди.

- Қашқадарёда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўқиш, касб эгаллашга бўлган интилишларига рағбат бериш, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш бўйича кўплаб лойиҳаларни амалга ошираяпмиз, - деди    Муротжон Азимов вилоят ҳокими стипендиатларини қўлга киритган ушбу муваффақияти билан табриклар экан. - Албатта, сизлар қатнашган танлов ҳам ана шу йўналишдаги амалий саъй-ҳаракатларимизнинг бир ифодаси бўлиб, унинг совриндорларини аниқлаш осон бўлмади. Минг-минглаб номзодлар орасидан муносиблари, энг иқтидорлилари саралаб олинди. Шу маънода, сизлар тенгдошларингизга намуна бўладиган, барча ҳавас билан қарайдиган ёшларсиз.

Танлов ғолибларига "Вилоят ҳокими стипендияси совриндори" гувоҳномалари топширилди.

Эслатиб ўтамиз, вилоят ҳокими стипендияси вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилиб, ҳар ойда таълим ташкилотлари орқали совриндорларга етказилади.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!