Меню
Қашқадарё
ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ПОЙТАХТДА ҚАШҚАДАРЁЛИК ЗИЁЛИЛАР БИЛАН УЧРАШДИ
Тадбир
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Тошкент шаҳридаги "Тож маҳал" ресторанида илм-фан, адабиёт, ижод, журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланаётган бир гуруҳ қашқадарёликлар билан учрашди.
Мулоқот чоғида Зойир Мирзаев Қашқадарёда бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар, режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот бериб, кўп сонли қашқадарёлик ижодкорлар, журналистлар, фан, санъат ва адабиёт соҳаси фидойиларининг ушбу жараёндаги фаол иштироки қанчалик муҳимлигини таъкидлади. Учрашувда шунингдек, халқ фаровонлигини таъминлаш, муаммо ва камчиликларни биргаликда бартараф этиш, узоқ туман ва қишлоқларда кутубхоналар очиш ва уларни адабиётлар билан таъминлаш, мусиқа ва санъат соҳасида иқтидорли ёшларни етиштириш хусусида фикр алмашилди.
Зойир Мирзаев вилоят раҳбари сифатида бу борадаги ташаббусларни доимо қўллаб-қувватлаши, ташаббускорларга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
- Бу учрашув азим пойтахтда фаолият олиб бораётган қашқадарёлик ижодкорлар, олимларга янги куч, янги илҳом ва янги-янги ғоялар бахш этди, - дейди ёш шоира Мадина Норчаева. - Байрамона руҳда ўтган бу мулоқотда фаоллар қатламининг ҳаётий таржиба ва билимларидан самарали фойдаланган ҳолда воҳа ривожи ва ёшлар таълим-тарбияси йўлида бирлашиш ҳақида ҳам фикр билдирилди. Вилоятда бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга ҳам эришилди.
Қашқадарёлик таниқли санъаткорлар Замира Суюнова, Ўктам Ахмедов, Бекмурод Жўраев, Аслиддин Дўстов, Алижон Исоқов ижросидаги дилбар куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ