Меню

Қашқадарё

29.03.2019 1625

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ КИТОБ ТУМАНИДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

Қайд этиш лозим, фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш бугуннинг долзарб вазифаларидан бирига айланган. Ушбу жараён ҳар бир раҳбарга алоҳида масъулият юклаб, халқ дарди билан яшаш, муаммоларга ечим излашга ундайди.

2 мингга яқин фуқаро ва мутасадди ташкилот вакиллари иштирок этган қабул давомида ҳар бир мурожаат атрофлича кўриб чиқилиб, эътирозли ҳолатлар бўйича ҳокимлик, масалага дахлдор бошқарма, ташкилот ва корхоналар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.

Шу асосда ногиронлиги бўлган 40 кишига ногиронлик аравачаси, қўлтиқтаёқ, ҳасса, эшитиш мосламаси, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга телевизорлар, бошқа уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. 50 кишига тиббиёт муассасаларига йўлланма берилиб, Давлат хизматлари маркази томонидан паспорт, гувоҳнома олиш, мулкка эгалик ҳуқуқи каби масалалар бўйича 60 дан ортиқ хизмат кўрсатилди. Шу куни Китоб тумани Бештерак маҳалласида яшовчи 115 ёшли Умида ая Холмуродовага ҳам ногиронлик аравачаси ва совға-саломлар топширилди.

Асли наманганлик Ғофур Умрзоқов Китобнинг Бештерак қишлоғига келиб, бу ерда қуёнчилик билан шуғулланишни мақсад қилган. Қисқа муддатда қуёнлар сони 500 дан ошиб кетган. Бироқ уларни боқиш учун етарли майдон йўқлиги анча қийин ҳолатни юзага келтирган. Ва иложсиз қуёнлар сотиб юборилган, айни пайтда 75 та қуён қолган, холос. Ғофур Умрзоқов ҳоким олдига шу масалада ёрдам сўраб келган.

- Вилоят ҳокими томонидан тегишли масъулларга ер ажратиш бўйича топшириқлар берилди, - дейди фуқаро. - Муаммо ижобий ҳал этилса, фаолиятни кенгайтириб юбораман. Ҳар ҳолда етарлича тажрибам бор.

Эътиборли жиҳати, аксарият аҳоли вакиллари томонидан  нафақат ўзи ёки оиласига тегишли, балки маҳалла, туман ижтимоий ҳаёти билан боғлиқ 615 та масала ўртага ташланди. Хусусан, Боғбон қишлоғида яшовчи С.Муҳаммадиев ва бошқалар қишлоқда кўприк, мактабда эса спорт зали қуриш бўйича мурожаат қилишди. Бу масала шу йилнинг иккинчи ярмидаги дастур асосида ўз ечимини топадиган бўлди.

Матмонлик Ражабали Турдиевнинг шикояти қишлоқда замон талабларига жавоб берадиган шифохона йўқлиги хусусида.

- Қишлоғимизда 500 хўжаликда 2200 дан зиёд киши истиқомат қилади, - дейди меҳнат фахрийси. - Қишлоқ аҳли учун хизмат кўрсатадиган дўхтирхона шу вақтгача гоҳ магазинда, гоҳ ўрмон хўжалиги биносида фаолият кўрсатди. Ҳозир дўхтирлар бир кишининг "времянка"сида турибди, агар эгалари келадиган бўлса, улар яна кўчишига тўғри келади. Ҳолбуки эски мактаб ўрнида замонавий шифохона қурса бўлади. Бугун шу ҳақда вилоят ҳокимига айтгандим, керакли топшириқлар берилиб, муаммо тез орада ҳал бўлиши маълум қилинди.

Албатта, халқ билан мулоқот ҳудудлардаги мавжуд вазиятни пухта таҳлил қилиш имконини бериши билан ҳам аҳамиятлидир.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!