Меню

Қашқадарё

18.03.2017 2109

ВИЛОЯТ МАРКАЗИДАГИ ИСТИРОҲАТ БОҒИДА ҚУЛАЙЛИКЛАР ОРТАДИ

Шундан келиб чиққан ҳолда, мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг муносиб турмуш тарзини таъминлаш, маданий ҳордиқ чиқариши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун қулай шароитлар яратиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилди. Юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий типдаги янги маданият марказлари, истироҳат боғлари, сайлгоҳлар бунёд этилди, мавжудларидаги шарт-шароитлар тубдан  яхшиланди. Кўрган дилни яйратадиган, фусункор ва фараҳбахш масканлар, яшил хиёбонлар, сайлгоҳлар қурилиб фойдаланишга топширилаяпти.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги “2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2013- 2016 йиллар давомида вилоятимизда 20 та маданият ва аҳоли дам олиш маркази қуриб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, ҳудудий манзилли дастурлар асосида вилоятимизнинг барча жойларида янги маданият ва истироҳат боғлари ташкил этилиб, мавжудлари реконструкция қилинмоқда ҳамда замон талабларига биноан жиҳозланмоқда. Айни вақтда вилоят ва туманлар марказларидаги 13 та маданият ва истироҳат боғида барча шарт-шароитлар яратилиб, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш ташкил этилган бўлса, Қарши, Деҳқонобод, Миришкор туманлари марказларидаги истироҳат боғларида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Қарши шаҳри марказидаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида ҳам ишлар қизғин. Бир вақтлар нари борса тўрт-бешта аттракционлари мавжуд бўлган бу боғ йил сайин замонавий қиёфа касб этиб бораяпти.

- Яратилган қулайликлар, шарт-шароитлар боис истироҳат боғимиз аҳолининг ҳордиқ чиқарадиган севимли масканларидан бирига айланди, - дейди маскан директори Аброр Маҳмудов. - Ўтган даврда 50 гектар ҳудудни эгаллаган боғ замонавий кўринишга келтирилди, кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Ҳозирги пайтда бу ерда мавжуд аттракционлар сони 50 дан ошиқни ташкил этади. Боғ ҳудудида 200 дан зиёд махсус ўтириш жойлари, 450 дан зиёд тунги чироқ ўрнатилган. 6 та музқаймоқ ва салқин ичимликлар дўкони бор. Бироз аввал ҳудудда икки қаватли замонавий ресторан иш бошлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида ушбу истироҳат боғида келгусида амалга ошириладиган реконструкция ишлари билан танишиб, бу ерга келувчилар учун барча шароитларни яратиш, яшил майсазорларни кўпайтириш, турфа гул ва манзарали дарахтлар экиш бўйича зарур кўрсатмалар берган эди. Шундан келиб чиқиб, боғда кенг ҳажмдаги қурилиш, бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди.

- Маданият ва дам олиш масканлари қурилишида ҳам тадбиркорларимиз томонидан  янги-янги лойиҳалар таклиф этилаётгани қувонарлидир, - дейди вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олим  Маматов. – Хусусан, Алишер Навоий номли истироҳат боғида “Асинза-БЗ” масъулияти чекланган жамияти томонидан ана шундай лойиҳалардан бири рўёбга чиқарилмоқда. Тегишли қарор асосида мазкур тадбиркорлик субъектига боғ ҳудудидан 5 гектар ер майдони ажратиб берилди. Бу ерга Хитойнинг “Zhengzhou Beston Amusement Equipment Co. Ltd.” компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган 30 дона замонавий аттракцион олиб келиб ўрнатиш режалаштирилган. Шунингдек, замон талаблари асосида спорт ва болалар майдончалари қурилади. Бир сўз билан айтганда, маданият ва истироҳат боғида шаҳар аҳолиси, айниқса, болажонлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва мириқиб дам олиши учун янада кўпроқ қулайликлар муҳайё қилинади.

Албатта, маданият ва аҳоли дам олиш масканлари, истироҳат боғлари, сайргоҳларнинг замонавий қиёфа касб этиши аҳолининг тобора ўсиб бораётган маданий эҳтиёжларини қондиришга, ёшларнинг лаёқати ва қизиқишини тўғри йўналтиришга, халқимиз учун янада муносиб турмуш шароитлари яратишга хизмат қилади.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!