Меню
Қашқадарё
Вилоят ишчи гуруҳи маҳалладаги муаммоларни “хонадонбай” ўрганади
Вилоят ҳокими Муротжон Азимовнинг шу йил 10 мартдаги фармойишига асосан воҳамизда яна бир ишчи гуруҳи тузилди. Унинг фаолияти ҳар бир туман ва шаҳарда аҳоли кайфиятига таъсир кўрсатувчи иқтисодий-ижтимоий, қишлоқ хўжалиги ва инвестиция тадбирларини комплекс ўрганиб, биринчи навбатда, ривожланиш даражаси паст бўлган маҳаллаларда аҳоли муаммоларини жойида ҳал қилишга қаратилади.
Туман ва шаҳарлардаги иқтисодий, қишлоқ хўжалиги, инвестиция, ижтимоий ҳолат ва маҳаллаларни “хонадонбай” ўрганиш бўйича вилоят ишчи гуруҳининг таркибига 37 нафар масъул шахс, шу жумладан, вилоят ҳокимининг барча ўринбосарлари киритилган бўлиб, вазифалари кўлами ҳам анча кенг. Масалан, маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни “хонадонбай” ўрганиш чоғида гуруҳ аъзоларидан ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, камбағалликни қисқартириш, нотинч оилаларни аниқлаш ҳамда оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар ҳамда доимий даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз аҳолининг, айниқса, меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлигини баҳолаш талаб қилинмоқда. Шунингдек, масъуллар маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик, чорвачилик, савдо ва хизмат кўрсатиш бўйича микромарказларни ташкил этиш бўйича имкониятларнинг сафарбар этилганлиги, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилганлиги ва уларни тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда чет элда юрган меҳнат мигрантлари оила аъзоларига кўмаклашиш тадбирлари натижадорлигини ҳам баҳолайдилар.
Айни пайтда ишчи гуруҳи зиммасига жойларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, туман ва шаҳарларни “ишсизликдан ҳоли ҳудуд”га айлантириш, пахта ва ғалла майдонларидан қисқартирилган ер майдонларини тарқатиш ва улардан фойдаланиш, маҳаллаларда инфратузилма (ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминоти), инвестиция лойиҳалари, саноат ва экспорт соҳалари, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари билан боғлиқ энг долзарб масалаларни ҳал этиш функциялари ҳам юклатилган.
Фармойишга кўра, ишчи гуруҳ аъзолари ташриф буюрадиган маҳаллаларда маданият соҳаси вакиллари, олимлар, маънавият тарғиботчилари, таълим ва спорт соҳасида юксак натижаларга эришган ёшлар иштирокида “Ҳар қадамда ҳар кун янгилик, Янги Ўзбекистон – янги имкон бу!” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилади.
Ўз мухбиримиз