Меню
Қашқадарё
Вилоят қўғирчоқ театри жамоаси Германияда спектакль намойиш этди
Театр санъати
Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театри ижодий жамоаси 16-21 сентябрь кунлари Берлин шаҳрида бўлиб ўтган болалар ва ўсмирлар театрларининг "Болалар театр ва иқлим кунлари" мавзусидаги халқаро фестивалида иштирок этиб қайтди.
Германиянинг "Theater 28" театри, "Ballhaus Prinzenalle" маданият маркази томонидан Алфред-Вегенер номидаги Қутб ва денгиз тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу фестивалда болалар учун мўлжалланган ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши каби мавзуларга оид спектакллар ижро қилинди ва маҳорат дарслари ташкил этилди. Унда қашқадарёлик ижодкорлар "Салом, менинг соям" номли спектакль билан иштирок этди, дея хабар беради dunyo.info манбаси.
Маълум қилинишича, қўғирчоқ театри жамоасининг чиқишлари германиялик болажонлар билан бир қаторда ушбу мамлакатдаги ватандошларимизнинг фарзандларига ҳам катта қувонч улашган. Жажжи юртдошларимизга она Ватан меҳрини туюш, ўзбек маданияти ва санъатидан баҳраманд бўлиш имкониятини берган. Пантомима жанридаги мазкур саҳна асари ёш томошабинларга манзур келиб, уларнинг олқишларига сазовор бўлган.
- Бу йил болалар театр фестивалини саккизинчи марта ташкил қилдик, - деган "Theater 28" театри раҳбари, театршунос Уфук Гюлли. - Унга Ўзбекистондан қўғирчоқ театрини меҳмон давлат сифатида таклиф этдик. Бугунги томошамизга кўплаб болажонлар келишди, уларга спектакль жуда манзур бўлди, деб ўйлайман. Ташкилотчилар Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театри ижодий жамоаси ташрифидан жуда хурсанд. Биз биргаликда саҳна асарларини яратиш, ўзаро гастрол сафарларини ташкил этиш мақсадида мазкур театр билан ҳамкорлик ўрнатишни ва ўз спектаклларимиз билан Ўзбекистонга боришни режалаштиряпмиз.
Фестиваль доирасида Германиянинг "Theater 28" болалар ва ўсмирлар театри ҳамда Қашқадарё вилояти қўғирчоқ театри ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган.
Ўз мухбиримиз