Меню
Қашқадарё
ВИЛОЯТ ИҚТИСОДИЙ СУДИ – ЯНГИ БИНОДА
Таъкидлаб ўтиш жоиз, ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг энг муҳим шартларидан бири суд ҳокимиятининг мустақиллиги механизми яратилишидир. Шундан келиб чиққан ҳолда, Президентимиз бошчилигида суд-ҳуқуқ соҳасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, адолатни қарор топтиришда тизим зиммасига жуда катта масъулият юкланган. Эътиборли жиҳати, қўйилаётган талаб билан бир қаторда, судьяларга ўз фаолиятини амалга ошириши учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш масаласига ҳам устувор аҳамият қаратилаётир. Буни вилоят иқтисодий судининг янги биноси фойдаланишга топширилиши мисолида ҳам кўриш мумкин.
- Аввалги мослаштирилган бинода иш жараёнида кўплаб муаммоларга дуч келардик, - дейди вилоят иқтисодий суди раиси Ғайрат Эгамов. – Мисол учун, суд мажлиси заллари етишмаслиги, фуқароларнинг кутиш хоналари кичиклиги ва шу каби камчиликлар доимо сезилиб турарди. Янги бинода эса фаолиятни амалга ошириш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бир вақтнинг ўзида бир нечта суд мажлисларини ўтказиш мумкин. Суд заллари иш учун зарур бўлган барча замонавий техника воситалари билан жиҳозланган. Жараёнлар видеотасвирга ёзиб олиниши, унда жамоатчилик вакилларининг эркин иштирок этиши учун ҳам шарт-шароитлар мавжуд.
Шунингдек, янги замонавий бинодан 20 ўринга мўлжалланган ошхона, тренажёр зали, очиқ ва ёпиқ автомобиллар тураргоҳлари, фуқароларнинг кутиш заллари ўрин олган.
Лойиҳа қиймати 6 миллиард 67 миллион сўмни ташкил этган ушбу замонавий бино “Чоштепа чашмаси” фирмаси қурувчилари томонидан бунёд этилди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратда: вилоят иқтисодий судининг янги биноси
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.