Меню
Қашқадарё
ВИЛОЯТ БОСҚИЧИГА ҒУЗОРДАН КИМЛАР ЙЎЛЛАНМА ОЛДИ?
Маълумки, бу ўзига хос беллашув юртимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, муайян даврда фаолиятида маҳсулдорлик кўрсатган хусусий сектор вакилларини муносиб рағбатлантириш, улар орасида илғор тажрибаларни янада оммалаштириш мақсадида ташкил этиб келинмоқда. Ҳудудий босқичларда қатнашган ғолибликка даъвогарлар иши ҳам шу мақсаддан келиб чиқувчи қатор мезонлар асосида баҳоланди.
Иштирокчилар орасидан асосий беш йўналиш бўйича ғолиблар, қўшимча номинациялар совриндорлари аниқланди. Юқори ўринлар соҳибларига кўрик-танловнинг вилоят босқичига йўлланмалар берилди.
Ғузор тумани босқичи ҳам қизиқарли ўтганини таъкидлаш ўринли. Танловда иштирок этганларнинг аксариятини ҳунармандлар ташкил қилди. Тадбирда ўз маҳсулотлари кўргазмаси билан ҳозир бўлган саноат тармоғи, хизмат кўрсатиш соҳаси ва фермерлик ҳаракати вакиллари салмоғи нисбатан кам экани ҳам эътибордан четда қолмади.
Туман босқичида саноат соҳасида "Йилнинг энг яхши тадбиркори" йўналишида биринчи ўрин эшик-ром сингари қурилиш материали ишлаб чиқарувчи "Глобал базис" хусусий корхонаси раҳбари Тўлқин Норсаидовга насиб этди. Бугунги кунда тикув машиналарини таъмирлаш, ўрнатиш хизмати таклиф этаётган, шу билан бирга, махсус иш кийимлари тикиш билан шуғулланаётган "King graw" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳусан Турдиев хизмат кўрсатиш жабҳасида "Йилнинг энг яхши тадбиркори" деб топилди.
"Okean white bird" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Руслан Қудратов бултур "Ёшлар - келажагимиз" Давлат дастури доирасида тижорат банкидан имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўйганди. У мазкур молиявий кўмакдан самарали фойдаланиб, ҳудуд қурилиш саноатида янгилик ҳисобланган травертин маҳсулоти ишлаб чиқаришни ташкил этганди. Лойиҳа муваффақиятли амалга ошиши натижасида Руслан ўзи тенги бир қанча ёшни ҳам иш билан таъминлай олди. Бугун ички бозорга харидоргир маҳсулот етказиб бермоқда.Танловда ёш ишбилармоннинг ютуқлари ҳам алоҳида эътироф этилмасдан қолмади. "Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори" йўналишида ғолибликка лойиқ кўрилди.
"Йилнинг энг яхши фермери" йўналишида тумандаги деҳқончилик ва чорвачиликка ихтисослашган "Бурхон" фермер хўжалиги раҳбари Бурхон Қораев ғолиб бўлди.
- Фермер сифатида узоқ йиллик тажрибага эга бўлсам-да, "Ташаббус" кўрик-танловида биринчи марта омадимни синаб кўрдим, - дейди шу йўналишдаги бошқа бир иштирокчи "Жамила-Жасмина" фермер хўжалиги раҳбари Зубайда Жўраева. - Якунда иккинчи ўрин беришди. Ҳар ҳолда илк уринишдаги натижам ёмон эмас, ундан қониқдим. Фаолиятимиз кўп тармоқли, чорвачилик, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантираяпмиз. Яқинда 4 гектар майдонда боғ барпо этиб, бодом, ўрик, шафтоли ниҳолларини экдик. Наслчилик билан ҳам шуғулланамиз. Асалари оиласи ва жўжа кўпайтирамиз. Бу эса бизга шу йилдан бошлаб таъминотчи бўлиш имконини берди. Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки ривожлантириш учун банкдан имтиёзли кредит олаётган фуқароларни маҳсулот билан таъминлаяпмиз. Шу пайтгача ўз ишини йўлга қўймоқчи бўлган хонадон соҳибларига 150 асалари оиласи ва 2 минг бош маҳаллий зотга мансуб жўжа тарқатдик. Ҳали режаларимиз кўп, шу билан чекланиб қолмаймиз.
Юқорида айтганимиздек, танловнинг Ғузор тумани босқичида ҳунармандларнинг кўплиги ушбу йўналишда ғолибни аниқлашда ҳакамлар ишини бироз қийинлаштирди. Уларнинг якдил хулосасига кўра, заргарликни санъат даражасига етказган, ўз ишида миллий анъаналарни давом эттириб келаётган якка тартибдаги тадбиркор Шарифжон Раупов кўрик-танловнинг кейинги босқичида "Йилнинг энг яхши ҳунарманди" йўналишида тумани шарафини ҳимоя қиладиган бўлди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг махсус диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Маълумот ўрнида эслатиш жоиз, "Ташаббус-2019" кўрик-танловининг вилоят босқичи шу йил 7 июнь санасида бўлиб ўтади.
М.ЖЎРАЕВ
Суратларда: кўрик-танловнинг Ғузор тумани босқичидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.