Меню
Қашқадарё
ВЕЛОСИПЕДЧИ НЕГА ЖАРИМАГА ТОРТИЛАДИ?
Кейинги кунларда велосипедда юрган фуқароларни ЙПХ ходимлари тўхтатиб, уловининг техник ҳолатини текшираётгани ва носозлик аниқланса, уларга нисбатан жарима қўллаётгани тўғрисидаги гап-сўзлар қулоққа чалина бошлади. Бундан йўл ҳаракати инспекторларининг фаолиятда асосан автотранспорт воситаларига эътибор қаратиши, велосипед, мопед ва араваларга кўп-да парво қилмаслигига одатланган кимдир ҳайрон, кимдир ҳайратда. Бироқ бу жараёнда ҳеч қанақа ажабтовур ҳолат йўқ.
Маълумки, йўл ҳаракати иштирокчиларининг барча тоифалари учун аниқ талаблар ишлаб чиқилган. Бунда асосий мақсад ҳаракатланишни тартибга солиш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган. Шунга монанд, йўлларда велосипед, мопед ва аравалар ҳаракатланишига, уларнинг техник жиҳозланишига оид қатъий талаблар ҳам мавжуд.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган "Йўл ҳаракати қоидалари"да йўлда велосипед, аравани бошқариш, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонларни ҳайдаб ўтиш 14 ёшдан кичик бўлмаган, мопедни бошқариш эса 16 ёшдан кичик бўлмаган шахсларга рухсат этилиши қайд қилинган.
Шунингдек, велосипедлар, мопедлар, аравалар, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонлар йўлнинг четки ўнг бўлагида имкони борича ўнг томонидан бир қатор бўлиб ҳаракатланишига йўл қўйилади. Агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасидан ҳаракатланишга ҳам рухсат этилади.
Техник талабларга кўра, улов сифатида фойдаланишда бўлган велосипед товушли ишора мосламаси билан жиҳозланган ва тормоз тизими соз бўлиши зарур. Қоронғи вақтда ва етарлича кўринмаслик шароитида ҳаракатланиш учун велосипеднинг олд томонига оқ рангли нур қайтаргич ва чироқ, орқа томонига қизил рангли нур қайтаргич ва чироқ, ён томонларига эса зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши керак.
Велосипед ва мопед ҳайдовчиларига: рулни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш (манёврдан олдин ишоралар бериш бундан мустасно); йўловчи ташиш (ишончли оёқ қўйгич билан жиҳозланган қўшимча ўриндиқда 7 ёшгача бўлган йўловчини ташиш бундан мустасно); габаритдан бўйига ва энига 0,5 метрдан ортиқ чиқиб турган ёки бошқаришга халақит берадиган юкларни ташиш; велосипед йўлкаси бўлган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиш кабилар тақиқланади.
Бундан ташқари, велосипед ва мопедларни шатакка олиш, шунингдек, улардан шатакка олишда фойдаланиш ҳам тақиқланади.
Ана шу талабларни бузган шахслар эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли нормалари билан жаримага тортилиши мумкин.