Меню

Қашқадарё

20.12.2019 1919

"ВАТАНПАРВАРЛАР" БОFИДА ПЛАНЕТАРИЙ ТАШКИЛ ҚИЛИНСА...

Илм-фан: таҳлил ва таклиф

Планетарий - ўзига хос илмий-маърифий маскан. Унинг имкониятларидан фойдаланиб, кишиларга, авваламбор, ёш авлодга сунъий осмон (тўнтарилган қозон кўринишидаги) гумбазида бош планетарий аппарати ва бошқа кўплаб проекцион қурилмалар ёрдамида ҳосил қилинган осмон жисмларининг ҳаракатли тасвири (юлдузлар, Қуёш, Ой, планеталар ва  бошқа осмон жисмлари) намойиш этилади. Планетарийга кираверишда ва атрофидаги майдончада Қуёш соати, Ер ва Ой глобуси, планеталар системасининг модели каби қурилмалар жойлаштирилади. Бу ерда астрономия  ва космонавтиканинг ривожланиш тарихига оид фото ва ёзма материаллар, баннерлар, юлдузлар харитаси каби бадиий ижод намуналарини жойлаштириш ҳам мумкин.

"Фан ибодатхонаси" деб аташ мумкин бўлган планетарийда аниқ ва табиий-илмий фанлар, технология ҳамда космонавтиканинг охирги йилларда эришган катта ютуқлари Китоб халкаро кенглик станцияси ва Майданак, баландтоғ обсерваторияси, Китоб комплексида ўзбек олимлари олиб бораётган ишлар), Зоминда (Жиззах вилояти) қурилаётган радиотелескоп макети, думли юлдузлар, Қуёш ва Ой тутилиши акс этган экспонатлар қўйилади.

Планетарий томошабинларига   астрономия ва космонавтика фани эришган ютуқларни намойиш қилиш орқали осмон билан боғлиқ кўп афсоналар ва мифлар (учар ликопчалар,  астрологик башоратлар, экстрасенсорика кабилар)га барҳам берилиб, дунёқарашда кескин ижобий бурилиш ясалади. Планетарий хизматидан баҳраманд ёшлар математика, информатика, физика, астрономия, кимё, биология, геология, аэронавтика, аэрокосмик технология ва аэронавигация каби йўналишлар бўйича ўз билим, ўқув ва кўникмаларини ривожлантириш имкониятига эга бўладилар.

Планетарийнинг аҳамияти ҳақида гапирганда, шуни айтиш мумкинки, биргина Москва планетарийсида (суратда) ташкил этилган астрономик тўгаракда қатнашган тингловчилардан Н.Кардашев, Ю.Ефремов, В.Курт, А.Гурштейн,  И.Новиков, А.Шаров, П.Щеглов сингари таниқли астрономлар етишиб чиққан. У ерда машғулот  ўтган В.Амбарцумян, С.Блажко, Ю.Гагарин, Д.Максутов (телескоп ихтирочиси) сингари олимларнинг фан ривожига қўшган ҳиссаси улкан.

Планетарий ташкил этилса, унинг махсус дастурлари орқали қизиқувчиларга коинотнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши ҳамда Катта портлаш назарияси тушунтирилади. Яна Ер геологиясини кўргазмали ўрганиш, бошқа планета ва галактикалар тузилиши ва, шунингдек, Ер қобиғи тектоник плиталари ҳаракати, яъни Ер қимирлаш сабабларини яққол кўрсатиш имконияти мавжуд бўлади.

Айни пайтда Жиззахдаги учувчилар тайёрлаш билим юрти Қарши шаҳрига кўчирилгани эътиборга олиниб, унинг тарбияланувчилари учун авиация ва навигация астрономияси бўйича ҳам зарур билимлар бериш мумкин.

Шунинг учун Қарши шаҳридаги "Ватанпарварлар" боғида замонавий планетарий ва унинг музейи ҳамда астрономик майдончасини ташкил этиб, у ерда турли хил маънавий-маърифий ва илмий-оммабоп тадбирлар режа асосида ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир. Ривожланиб бораётган давлатлардан орқада қолиб кетмаслик учун ҳам бундай зиё масканлари бизга жуда зарур.

Болта КЕНЖАЕВ,

астроном

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!