Меню

Қашқадарё

11.01.2024 6015

ВАТАННИ ШОН-ШУҲРАТ ОРТИДАН ҚУВАДИГАНЛАР ЭМАС, ДУШМАННИ ТОР-МОР ЭТАДИГАН МАРДЛАР ҲИМОЯ ҚИЛАДИ

Сараланган сатрлар

Ватан ҳимоячиси! Бундай рутбага эга бўлиш ҳар қандай инсон, мард йигит учун шараф. Бироқ қуруқ гапнинг ўзи билан ҳеч нарса битмайди: Ватанни севиш, уни борича қадрлаш, мавжуд бойликларини асраш, одамларини эъзозлаш керак. Қўлда қурол тутиб, чегарада сергак турган аскардан тортиб, мактабдаги дарсини виждонан ўтадиган ўқитувчи, одамларни тамасиз даволайдиган шифокор, ҳалол ризқ билан оиласини боқадиган оддий инсонгача - барчасини Ватан ҳимоячиси деб аташга ҳақлимиз.

Аммо тарихнинг турли даврларида турфа мамлакатларда Ватан ҳимояси қўлга қурол олиб, жанггоҳларга киришни тақозо этган. Жумладан, жаҳон урушлари кўплаб давлатлар кулини кўкка совурганини тарихдан яхши биламиз. Аммо асли форс, аждодлари Бокуга келиб яшаб қолган Алихон эса ўзга фикрда: токи душман ўз юртига чанг солмас экан, манфаат талашадиган дунёбузарлар учун жангга кирмайди. Бу эса ён-атрофда дастлаб салбий муносабатни юзага келтирган бўлса, кейинчалик мантиқсиз уруш миллатнинг кўплаб йигитларини сафдан қирқиб кетгач, уни тушунишни бошлашади.

Ўша даврда  Озарбайжон бир тарафдан Эрон, бир томондан Англия ва Россия ўртасида талаш бўлиб турганда, рус қўшинлари она Ватанига аскар тортиб кирар экан, Алихон қўлига қурол олиб, ҳақиқий душманга юзланади. Бир вақтлар боболари қаҳрамонларча ҳалок бўлган жойда қони тўкилади...

Китоблари каби шахси ҳам жумбоқларга тўла Қурбон Саид қаламига мансуб "Али ва Нино" романида шу ҳақда сўз боради. Асар бир қарашга севги тарихига ўхшайди: мусулмон йигит ва насроний қизнинг муҳаббати ўз даври тарихий воқеалари фонида баён этилади.

Билсангиз керак: Батумида Али ва Нино шарафига ҳайкал ўрнатилган: рўпарама-рўпара ишланган темир ҳайкаллар доим ҳаракатланиб туради ва ҳеч қачон бирлашмайди. Худди Шарқ ва Ғарб каби...

Асар Ватанни севишга, унинг ҳимояси нақадар буюк шараф эканига ўргатади.

*  *  *

Кечаги кун ҳақида ўйлама, эҳтиёткорлик сени қўрқоқ қилади.

*  *  *

Рўпарамда афсоналарга бой Қиз қалъаси кўринарди. Қалъадан тўқ рангда, шаклсиз Каспий денгизи бошланади. Ундан кейин эса саҳро - дунёнинг энг бетакрор пейзажи. Уй томида сассиз ўтирардим. Бошқа мамлакатларнинг томи ва пейзажию мавжудлиги билан нима ишим бор? Мен денгизни, силлиқ саҳро ва улар орасида жойлашган эски шаҳарни яхши кўраман. Шовқинли оломон нефть илинжида келиб, топгандан сўнг чўнтакларини қаппайтириб жўнаб қолишади. Уларни на Боку халқи ва на саҳро қизиқтиради.

*  *  *

Тарбияли эркаклар аёллар ҳақида гапирмайдилар, сўрамайдилар ва уларга салом йўлламайдилар.

*  *  *

Ғалаба натижасида Туркманчой шартномаси имзоланди. Шартномага кўра, эронликлар катта пул тўлаши керак эди, бу эса бешта форс вилоятининг кулини кўкка совурди". Бу гапларим билан ўзимни аъло баҳодан мосуво қилдим.

Мен: "Ғалаба руслар жасорати билан қозонилди, ўзларидан саккиз баробар кўп душман армиясини тирқиратди. Ғалаба натижасида Туркманчой шартномаси имзоланди, унинг ёрдамида эса Эрон Ғарб маданияти ва бозорларига қўшилди", дейишим керак эди. Мен учун аждодларим номуси "аъло" ва "яхши" орасидаги баҳодан устун туради!

*  *  *

- Мана бу кўприк Александр Македонский томонидан ўз аскарларининг жасурлиги шарафига қурилган.

Панжара устига ўйиб "1897" рақамлари ёзилганди. Уни фойтунчига кўрсатдим, у эса қўлини бепарволарча силкитиб деди:

- Эҳ, оға, буни руслар атайлаб шуҳратимизни камситиш учун кейинроқ ёзиб қўйишган.

*  *  *

Ўйлайманки, инсонларни билиши учун икки гуруҳга ажратиш керак: ўрмончилар ва чўлчилар. Шарқда шаробсиз ҳам чўлда маст қилса бўлади. Одамларни иссиқ шамол ва қайноқ қум маст қилади. Чўл олами оддий ва муаммоларсиз. Ўрмон эса жумбоқларга тўла. Чўл ҳеч қандай саволлар бермайди ва ҳеч нима ваъда қилмайди. Бироқ руҳ тафти ўрмондан келади. Чўл инсонида битта юз ва битта ҳақиқат бўлади. Ўрмончи эса тескариси, кўп ҳақиқатли. Чўлдан  фанатиклар етишиб чиқади, ўрмондан эса - яратувчилар. Балки, Шарқ ва Ғарб орасида фарқ шундадир.

*  *  *

- Бургутлар тоғда, йўлбарслар эса ўрмонда туғилади. Чўлда ким дунёга келади?

- Арслонлар ва жангчилар.

*  *  *

- Подшо - ўрта бўйли ва озғин, кайзер Гийом эса - кучли ва келбатли. Кайзер подшоҳни биринчи   жангдаёқ енгади.

Бу кўнгли очиқ содда йигит урушда подшолар шахсан ўзлари от миниб, бир-бирларига қарши жанг қилишларига ишонарди.

*  *  *

Тоғларнинг нариги тарафидаги оврўпаликларнинг урушлари, шаҳар, подшо, кайзер ва қироллар билан нима ишим бор? Уларнинг қайғуси, хурсандчилиги, тозалиги ва тартибсизлиги бизнинг орасталик ва тартибсизлигимиз, яхши ва ёмон тушунчаларимиздан буткул ўзгача. Бизнинг ўз маромимиз ва қиёфамиз бор. Майли, поезд Ғарбга шошсин. Менинг юрагим ва қалбим Шарққа тааллуқли.

*  *  *

Мен ҳам жанг қилишни истайман. Уруш майдонида гулхан тутуни ва иссиқ тафти қалбимни ўртайди. "Уруш" - нақадар чиройли сўз. Унда жасорат ва қувват мужассам.

Лекин ҳозирча мен шу ерда қолишим керак. Токи душман менинг юртим, шаҳримга бостириб келмагунича тайёргарлик кўришим даркор. Ҳозир шуҳрат ортидан қувадиганлар урушга бораверишсин, бироқ мамлакатда душманни тор-мор қиладиган эркаклар қолиши зарур.

*  *  *

- Шаҳарда қолганингдан жуда хурсандман, тўғриси. Менга айт-чи, Алихон, чинданам урушга боришдан қўрқасанми? Ахир эркаклар жангни яхши кўришади-ку. Мабодо яралансанг, ҳатто яраларингни ҳам севган бўлардим.

Қизариш навбати менга келганди. Мен қизнинг қўлини қаттиқ сиқдим ва хотиржам дедим:

- Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Сен яраларимни тузатадиган вақт ҳам келади. Агар шунчалар истасанг, ҳозирча мени қўрқоқ деб ҳисобласанг ҳам бўлади.

*  *  *

Сиёсатчи каби фикрлайдиган инсон баъзида ўзини адолатсиз ва тарбиясиз тутиш учун куч топмоғи лозим.

*  *  *

Таёқнинг иккита бир хил учи бор. Уни айлантирсанг ҳам, ҳеч нима ўзгармайди.

*  *  *

Ақлли одам мақтовларга ва койишларга бефарқ бўлиши керак эмас.

*  *  *

Денгиз ва соҳилни, эркак билан аёл каби, доимо бир-бирига қарама-қарши кураш бирлаштиради.

*  *  *

Тифлис оилавий ўрмонга ўхшарди, ҳар бир дарахтнинг ўз номи бор эди: амаки, қариндошлар ва холалар. Оилавий ўрмонда адашиб қолиш ҳеч гап эмасди. Исмлар эски пўлатдек жаранглаб қулоққа сингирди: Орбелиани, Чавчавадзе, Церетели, Амилахвари, Абашидзе!

*  *  *

Бечора Грузия. Биз икки ўт орасидамиз. Агар немислар ғалаба қозонишса - қиролича Тамаранинг ерлари интиҳога юз тутади. Бироқ руслар ғалабага эришса-чи, бизни нима кутади? Оқпошшода нима истаса, бари мужассам, бироқ князнинг бармоқлари бўғзимизни тобора қаттиқ сиқмоқда. Ҳатто ҳозир ўғилларимиз уруш майдонида жон бераётганларнинг энг кучлиси. Тирик қолганларнинг барини ё Усмонийлар ёки буюк князь ёки қайсидир бир душман - машина ёки Америка кулини кўкка совуради. Бизнинг жанговар руҳимиз ўчган.

*  *  *

Севги - бир хил бўлади: хоҳ Грузияда, хоҳ Эронда бўлсин. Айни шу ерда минг йил муқаддам сизларнинг Руставели малика Тамарага севгисидан куйлаган. Буюк Руставелининг қўшиғи Эрон рубоийларига ўхшайди. Руставелисиз Грузия,Эронсиз эса Руставели йўқ.

*  *  *

Мен ханжар ўйнатишни қаерда ўргандим? Эрондами? Шушадами? Ҳеч қаерда! Бу аждодларим қонидан қонга ўтиб келаётган санъат.

*  *  *

Намунали Осиё эркаги бўлиш душманни орқа-олдига қарамай ўлдиришни англатмайди.

*  *  *

Сен Майдони-Сипоҳда бўлганмисан? У ерда юзлаб эски тўплар тўрт томонга қаратиб қўйилган. Мана шу тўплар Эроннинг ягона қуроли эканини тасаввур қила оласанми? Бизда на биронта қалъа, на ҳарбий кема бор, рус казаклари, инглиз аскарлари ва саройни қўриқлайдиган тўрт юз нафар хўппа семиз баҳодирдан бошқа аскаримиз йўқ.

*  *  *

Афсуски, руслар бизнинг маданий тараққиётимизни бироз кечиктирди. Бизда шифокорлар ва ўқитувчилар етишмайди. Лекин руслар ҳукмронлиги даврида йўқотилганларни тиклаш учун ҳукумат иқтидорли ёшларни Европага ўқишга юбормоқда.

*  *  *

Шарқнинг эски маданий асослари вайрон бўлаётганидан, шарқ халқи ўз ота-боболарининг урф-одатларини менсимай, бизга тақлид қилишга уринаётганидан жуда афсусдаман. Лекин, эҳтимол, сиз ҳақдирсиз. Ҳаёт тарзи - ҳар кимнинг шахсий иши.

*  *  *

Бошим устидаги мана шу ясси томни, бу даштни ва денгизни яхши кўраман. Мен шу шаҳарни, қалъа деворини ва тор йўлаклардаги масжидларни яхши кўраман. Буларсиз мен қирғоққа чиқариб ташланган балиқдек гапман.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!