Меню
Қашқадарё
ВАТАНГА САДОҚАТ ЮКСАК ЭЪТИРОФГА ЛОЙИҚ
Албатта, астойдил қилинган меҳнат, фидойилик, Ватанга, ўз касбига садоқат эътироф этилмасдан қолмайди. Яқинда подполковник Элмурот Шаймарданов ҳам ҳарбий фаолияти давомидаги энг юқори ютуқларидан бирига эришди, муносиб рағбат топди. Президентимизнинг "Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси қуролли кучларининг 27 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, "Содиқ хизматлари учун" медали билан тақдирланди.
- Ушбу медаль ҳозирги кунгача қилган камтарона меҳнатимга берилган юксак баҳо ва ишонч белгисидир, - дейди у. - Бу мукофот халқимиз тинчлиги ва осойишталигини асрашга сарф қиладиган куч-ғайратим янада ошишига туртки берди. Айни пайтдаги вазифам давлатимиз чегара ҳудудларида ҳарбий-муҳандислик иншоотларини барпо қилиш ва такомиллаштиришдан иборат. Қўшни мамлакатлар билан чегараларимиз мустаҳкамлигини таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз. Сўнгги пайтда ҳарбий қисмимизда бу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Зарур объектларни бунёд этишда замонавий ва энергия тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланилмоқда. Мамлакатимиз сарҳадлари дахлсизлиги мустаҳкам бўлиши, мудофаа салоҳияти юксалишида менинг ҳам хизматим борлигидан жуда фахрланаман.
Қайд этиш жоиз, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан, мазкур ҳарбий қисмда фаолият кўрсатаётган яна бир Ватан посбони - Рашидбек Жалилов ҳам юксак мукофотга лойиқ кўрилганди. У "Шуҳрат" медали соҳиби бўлди.
М.ЖЎРАЕВ
Суратда: Э.Шаймарданов оила аъзолари билан Қарши шаҳридаги "Ватанпарварлар" боғида.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.