Меню

Қашқадарё

30.03.2023 4803

ВАТАН ТУЙҒУСИ ЙЎҚ КИМСА ҲАР НОҒОРАГА ЎЙНАЙДИ...

Сараланган сатрлар

Ёзувчи Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) ҳақ гапни ёзгани учун умрининг 20 йилга яқинини панжара ортида ўтказган. "Ойнур", "Оқгул" каби романлари қамоқда ёзилган ва дунёнинг кўплаб давлатларида нашр этилган. Ўзимизда эса, оқлангач, бирин-кетин китоблари ўқувчилар қўлига етиб бора бошлади.

Эврил Турон асарларида Ватанни озод, инсонни эркин кўриш орзуси бўртиб туради. Шу билан бирга, мустабид тузумга чексиз нафратни кўрамиз.

Инсон китоб мутолаа қиларкан, фикрлари янгиланмаса, ўзи янги одамга айланмаса, ўқигани бекор. Эврил Турон битиклари орқали Ватанни севишни ўрганасиз, эрк, истиқлол, озодлик туйғулари нақадар улуғ эканини тушуниб етасиз.

Бугун адибнинг "Оқгул" романидан лавҳалар тақдим этяпмизки, воқеа-ҳодисалари, тасвир услуби бошқаларникига ўхшамайдиган асар сизга сезиларли таъсир қилади, деб ўйлаймиз.

*  *  *

Ўй, хаёл, хотира шундай қудратга эга:

унинг олдида тўсиқ, чегара, масофалар ожиз. У замонларни ортга қайтаради, ўтганларни тирилтиради.

*  *  *

Сохта мақтов - ўсув бўғови.

Сохта мақтов - жамият ёви.

Сохта мақтов - мутеъликка йўл...

*  *  *

Ўзлик - миллатни вақт тўфонларидан сақловчи куч.

*  *  *

Ким ўтмишга тош отса, ўзига тош отади.

*  *  *

Каллакесар дунёда Темурдек улкан, қудратда тенгсиз Империя қура олмайди. Каллакесар икки кас нари турсин, ҳатто ўзини ўзи бошқаришга ҳам ноқобил. Чунки у аҳмоқ, эшакмия. Шунинг учун ҳам каллакесар... Буюк Темурдек султон минг йилда бир келади: Ўғузхон, Искандар, Чингизхон...

*  *  *

Ватан туйғуси йўқ кимса ҳар ноғорага ўйнайди... У емирувчи кучга эга: жамият, тараққиёт, илм-фан илдизига тушган қурт... Охир-оқибат ўзи "хизмат" қилаётган тузумнинг ҳам бошини ейди...

*  *  *

Одамзод шу қисқа, ўткинчи умридан ҳам гўё дунёга устун бўладигандек, бир-бирини алдаб, бир-бирининг қонини ичиб яшайди. Нега шундай?

*  *  *

Қўрқоқ одамдан тузук ёзар чиқмайди. Ҳамид Олимжон истеъдод эгаси эди. Лекин қалбини очмай кетди... Биламан: сенда дард бор. Элимиз дарди дейми? Бу Тангри инъоми эмасми? Менимча, ёзар учун дард:

ҳаво...

Бошингга қилич келса ҳам ҳақни айт, ҳақни ёз. Қўрқма! Умр ўткинчи. Барибир бир кун келиб ўламиз. Саробга эргашма! Фитрат, Чўлпон, Қодирийлардек... Улар: "Элим" деб, "Юртим" деб ҳақни ёздилар. Бунга чидолмаган тузум уларни: "Эл сотқини" , "Юрт ёви" деган туҳмат билан қамадилар, қийнадилар, таҳқирладилар. Сўнг ўлдирдилар. Сохта айбловларда ички сотқинлардан ялоқдек фойдаландилар. Шунга Ялоқлар, яъни сароб маддоҳлари тузум арзандаларига айландилар.

*  *  *

Бизга Тангри берган Юртимиз, Элимиз муқаддас. Улар ҳаётимизнинг мазмун, моҳиятига айланган замонда биз енгилмас миллатга айланамиз! Ана ўшанда (зарурат туғилса) "Ватаним!.." дея ўлишдан ҳам қайтмаймиз...

*  *  *

Тангрининг бизга қилган буюк эҳсонларидан бири: хаёл. У нурдан тез ҳаракат қилади. Бир зумда оламни кезиб чиқади. На ой, на қуёш, на зуҳра... ҳеч бир юлдуз, хеч бир жин ё фаришта ўтмишга қайтолмайди. Хаёл эса энг олис кечмишларга ҳам саёҳат қилолади. Унинг эркини бўғадиган куч йўқ. У тизгин нима билмайди.

*  *  *

Эй золи замона фарёд,

Атфолинға неча зулму бедод.

Бу хайлниким ҳалок этарсан,

Ўз бағринг эрурки, чок этарсан...

- Оқгул, сенингча, замонадан норози бу нидолар ҳақга яқинми?

- Яқин. Йўқса, Навоий куйиб ёзмасди.

- Масалан?

- Масалан: Темурдан кейинги ўзаро низолар... Ўзаро урушлар... Парчаланишлар... Сен шу ҳақда ўйла, фикрла, идрок қил... Шунда ҳақ тубини кўрасан. Шунда, шу буюк фожиалар сабабли биз бу кунга қолиб ўтирганимизни англайсан.

*  *  *

Умр сезилиб-сезилмай ўтаверади, ҳатто улуғ воқеалар, фожеалар, офат, ўлимлар... ҳам унутилиб кетилаверади. Менимча, инсон мажбурий тарзда ўз хотирасида ҳеч воқеани сақлолмайди. Фақат унинг қалбини табиий равишда, яъни эркин ҳолда эгаллаган айрим нарса, ҳодиса, фикр, гапларгина бундан айро.

*  *  *

"Қачон улғаяман?" деб кутиб ўтирмайман. Улуғбек тўққиз ёшида Туркистон султони бўлган. Бобур ўн икки ёшида тахтга ўтирган.

Бири буюк олим.

Бири буюк лашкарбоши, шоир, ёзар, файласуф.

Мен қаламим билан ғанимга ўт очаман. Бироқ ёзиш қоидаларини билмайман.Умримда асл ёзар, шоир, олимларни кўрмаганман. Улар мен учун афсона... Ҳатто сийқаси чиққан маддоҳлар ҳам бизга учрашувга келмаганлар. Келганларида ҳам кир кўпиклардан нимани ўрганаман? Сотқинликними?..

*  *  *

Миллий туйғуни уйғотмоқ керак.

Ғурурни уйғотмоқ керак,

Ёвга нафратни уйғотмоқ керак.

Уйғотмоқ сувдек зарур.

Уйғотмоқ нурдек зарур.

Уйғотмоқ ҳаводек зарур.

Буларсиз мустабдид занжирларини узолмаймиз.

Миллий туйғу, ақл мудрагани учун фалокат юз берган. Бераяпти...

*  *  *

Камтар бўл, донг-довруққа эришганингда ҳам, бошинг осмонга етганида ҳам... Одам ўзини доим идора қилиб юргани маъқул. Йўқса, қоқилиш мумкин...

*  *  *

Замонавий усуллар:

Авто ҳалокат...

Хилват ерларда мавҳ этиш...

Ўзини ўзи ўлдирганга чиқариш...

Ўғирлаб кетиш...

Минг хил йўл...

Минг хил усул...

Қамоқ, қийноқ, туҳмат, фитна... усуллари ҳам ислоҳ қилинган...

Тузм эркин фикрловчи кишиларни ҳазм қилолмайди, уларни йўқ этиш мақсадида турли фитналар ишлаб чиққан.

Энг Мудҳиши:

ТУҲМАТ...

Бир мисол:

Эл эътиборидаги объектларни ёқиш, ёхуд портлатиш...

Тушуняпсанми:

Ёқиш,

Портлатиш...

Ёки уйига қурол тиқиш...

Гитлер ўз шахсий душманларидан ўч олиш учун Рейхстагни ёққан ва буни уларга тўнкаган. Узун йиллар кечароқ буни дунё энди биляпти. Бироқ кеч. Чунки бу машъум фитна оқибатида сон-саноқсиз ёзуқсиз кишилар қатл этилган, қамалган, қийноққа солинган...

*  *  *

Одам боласи илм-фанни тобора теран эгаллаётгани сари у йиртқичлашиб бораётгандек туюлади.

*  *  *

Эски-эски замонлардан бери ер юзида: "Омад" деган сўз яшаб келади. Агар унинг қатида зиғирча ҳақиқат бўлмаганда, одам боласи уни алла қачонлар унутиб юборарди.

*  *  *

Мен ўз ўлимини олдиндан билиш даҳшатини - ер юзида юз берувчи даҳшатларнинг энг даҳшатлиси деб ўйлайман. У тоғдек одамни ҳам букиб, бир сиқим қилиб қўяди. У ўлимнинг ўзидан ҳам даҳшатлидир. Ўзини ёвузларча ўлдириб кетишини сезиш эса, ундан ҳам минг марта даҳшатли.

*  *  *

Юмалоқ очун одамзод билмайдиган, таг-тугига етмайдиган, етолмайдиган Тангри қонуниятлари асосида айланади, тумонот сир, жумбоқ, мўъжизаларни ўзида сақлароқ айланади.

Абадий айланади.

Инсон ақли буларни, яъни ўзига берилганидан ортиғини очишга ожиз. Ҳеч замон очолмайди ҳам.

"Тасодиф...", "Ҳалокат...", "Фалокат...", "Тўсатдан"... Одамзод юзлаб атамалар ўйлаб топган. Бироқ буларнинг барчаси Тангри таолонинг қонуниятлари асосида юзага келади. Унинг измисиз оламда ҳеч нарса содир бўлмайди.

*  *  *

Одам боласи одамзодни бошқариш учун қонун-қоидалар "кашф" қилган. Қонун - қоидалар дегани: буғов, жилов, тушов, қурол...дегани. Қурол бўлганда ҳам, энг дахшатли, энг қудратли қурол. Агар бу Сталиндек ёвуз каснинг "қўлига тушса", унинг оқибати олдида зилзила, ўлат, тўфонлар ҳам ҳолва бўлиб қолади. Худбин, қўрқоқ, тахтпараст йиртқич ўз жонини, тахтини сақлаб қолиш учун ҳар қандоқ қирғин, ёвузликдан қайтмайди. Бироқ қанча аянчли бўлмасин, бусиз одамзотни бошқариш қийин. Ҳатто мумкин эмас. Мен буни ўзим истамаган ҳолда одам боласининг буюк кашфиёти деб биламан.

*  *  *

Ҳозир бизнинг ичимизда Фитратлар борми? Ё ҳаммаси отилганми? Ёки қамоғу сургунларда шаҳид бўлганми? Менимча бизнинг ичимизда ҳам бор. Фитратдек, Чўлпондек, Мария хонимдек инсонлар. Тузум уларни ўлдириб тугатолмайди. Билъакс ўзи таназзулга учрайди. Билъакс ўзи узлатга кетади. Янги-янги авлодлардан янги-янги Фитратлар ўсиб чиқади. Чиқаверади.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!