Меню

Қашқадарё

14.12.2023 10235

“ВАТАН ТАРАҚҚИЁТИГА МЕНИНГ ҲИССАМ” ТАНЛОВИ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ ЎТКАЗИЛДИ

Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан ташкил этилган ушбу танловда шаҳар ва туманлардан сараланган 15 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар тасвирий ва амалий санъат, адабиёт ва публицистика, миллий мақом ва миллий эстрада йўналишлари бўйича ўзаро беллашишди.

Қайд этиш лозим, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Йўл харита”си ижроси доирасида ўтказилаётган мазкур танлов ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар ўртасида илм-фан, санъат, маданият, ахборот технологиялари, бадиий ижод, архитектура, дизайн, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик каби соҳаларни янада оммалаштириш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби мақсадларни кўзлагани билан аҳамиятлидир.

Танлов иштирокчиларини баҳолашда тасвирий санъат асарлари, насрий, назмий ва публицистик ишлар, эстрада ва мақом намуналарининг савияси, ўзига хослиги, ижодий ёндашувга алоҳида эътибор қаратилди. 3 та йўналишда 48 иштирокчининг ижодий ишлари кўриб чиқилди.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, тасвирий ва амалий санъат йўналишида Касби туманидаги 14-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Дилноза Қиличова, адабиёт ва публицистика йўналишида Муборак туманидаги 34-мактаб ўқитувчиси Бибигул Адиева, миллий мақом ва миллий эстрада йўналишида Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчиси Жасмина Шералиева 1-ўринни эгаллашди.

Ғолибларга диплом, эсдалик совғалари, китоблар топширилди. Фаол иштирокчилар ҳам муносиб рағбатлантирилди.

НАСРИДДИН

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!