Меню
Қашқадарё
ВАТАН СУРАТИГА ЧИЗГИЛАР
Ўзбекистонимизнинг ҳамма гўшаларини айланиб кўргим келади. Кўрганим сари меҳрим ортаверади. У нақадар бепоён, нақадар гўзал ва бой. Поездда борар эканман, сўнгсиз темир йўлларга, қир-адирларга, осмонўпар тоғларга қараб - Ватанимники, булар ҳам Ватан дейман. Кўприклар устидан ўтаман, пахтазорларни, адоқсиз буғдойзору боғ-роғларни кезаман, бепоён яйловларда яйраб юрган қўй-қўзилар, азим чўл бағрида Тож Маҳалдек ҳашаматли, осмонга бўй чўзган завод миноралари, ўқув юртлари, мактаблар, кутубхоналар, севимли шоиримиз Абдулла Орипов айтганидек, “Гул япроғидек сочилиб ётган” шаҳар ва қишлоқлар – Ватан. Менинг Ватаним.
Мен унинг зарраси эканлигимдан фахрланаман. Уни мадҳ этиш мен учун шараф ва бахт.
Сен туганмас чашмадирсан
Эй, она халқим.
Абдулла ОРИПОВ
Қўнғиротлар
Ғузор томонларда яшовчи аҳолининг кўп қисмини қўнғиротлар ташкил қилади. Уларнинг турмуш тарзида қадимий удумларимизнинг кўпи сақланиб қолган. Онажоним шу уруғдан эди.
Саксонни қоралаган холамни, тоғаларимни кўриш учун борганимда, бошқа қариндошлар ҳам йиғилиб келишади. Кечга бориб холамнинг уйи торлик қилиб қолади.
– Ташқарига чимнинг устига жой қилинглар, - дейди холам келинларига. Гулдор кигизлар, араби гиламлар тўшалиб катта жой ҳозирланади. Давра тўрида ёши улуғ, Алпомиш келбатли тоғам Хушвоқ ҳожи ўтиради. Ҳамма тоғамнинг гапларига қулоқ солади, ҳеч ким сўзини бўлмайди. Меҳмон келса ҳам ёши улуғ киши биринчи ҳол-аҳвол сўрайди. Таомни ҳам биринчи ёши катта киши бошлаб беради. Отадан олдин фарзандлар қўл узатишмайди. Қайнонанинг олдида келин овозини баландлатиб гапирмайди.
Суҳбат қизийди. Бу уруғга нима учун қўнғирот номи берилганини тоғам сўзлаб беради:
- Қадим замонларда икки қабила ўртасида уруш кетаётганда ерлик қабила бошлиғининг оти ярадор бўлибди, шу пайт қўнғир от минган бир йигит пайдо бўлибди-ю, отини қабила бошлиғига берибди.
Орадан бирмунча пайт ўтгач, қабила янги куч тўплаб, душман устидан ғалаба қозонибди. Қабила бошлиғи ўзига от берган йигитни топибди-да, “Эй, баҳодир йигит, тила тилагингни” дебди. Йигит “Сизнинг омонлигингиз керак” дейишдан нарига ўтмабди. Унинг мардлиги ва одобига қойил қолган қабила бошлиғи, “Эй, қўнғир отнинг эгаси бўлган йигит, мана шу бепоён кенгликларни сенга инъом қилдим. Токи Амударёгача сенинг юртинг бўлиб қолсин”, дея йигитга илтифот кўрсатган экан. Шу йигитнинг авлодлари бўлган қўнғиротлилар уруғи бизнинг воҳамиз ва Сурхондарё вилоятида истиқомат қилишади.
Қўнғиротлар қадимдан чорвачилик билан шуғулланишади. Уларнинг яшайдиган муқим жойлари бўлмаган. Мол боқишга қаер қулай бўлса, ўша жойга ўтов (қора уй) тикиб яшайверишган.
Ўтов (қора уй)
Ёши тўқсондан ошган чечамдан ўтов ҳақида гапириб беришини сўрайман.
- Шу десам, - деб гап бошлаб чеча жойлашиб ўтириб олади. Терилари тиришиб қоқсуяк бўлиб қолган қўллари билан пешонасига тушган оппоқ сочларини дастори тагига тиқади. - Бобонгизнинг тўртта қора уйи бор эди. Баҳор келиши билан ёзги яйловга, куз келиши билан қишловга - қишлоққа кўчилар эди. Чўпонларнинг кўчиши аёллар учун катта ташвиш. Қора уй ускуналарини қоронғи тушгунча ўрнатиб, устидан кигизларни ёпиб олиш шарт. Улгуролмаса, очиқ ҳавода ётишга тўғри келади. Чўл жойларда тун совуқ бўлади. Ёмғир ёғиши ҳам мумкин. Бир гал баҳорда кўчганимизда юкларни тушира бошлаган пайтда ёмғир изидан қор ёға бошлаган.
Чеча қора уйнинг тузилишини бизга обдан тушунтириб беради:
- Чўпоннинг набирасисиз, билиб қўйинг. Ахир қадимда халқимизнинг кўпчилиги ўтовда яшаган-ку!
Тўрт метрга тўрт метр келадиган тўртта ёғочдан қилинган чамбараксимон керага айлана қилиб қаттиқ ерга ўрнатилади. Унинг устига узунлиги икки ярим, уч метр келадиган тол ёғочдан сал эгик қилиб ясалган 50 та ўқ ўрнаштирилади, тўғрироғи, керагага маҳкам қилиб боғлаб чиқилади, ўқларнинг тепа қисми тўқиладиган асосий нарса чонғороқ дейилади. У айлана шаклида бўлиб, нечта ўқ бўлса шунча тешиги бўлади. Чонғороқ ҳам тол ёғочдан ясалади. Унинг устига ҳам сават тўқимасидек, ёғоч тўқима жойлаштирилади.
Ўқлар устига кигиздан бўлган катта-катта 5 та тўрлиқ ёпилади. Тўрлиқнинг устидан чонғороқнинг гирди билан яна бошқа хил кигиздан бўлган узук ёпилади (шакли узукка ўхшаш бўлгани учун шундай аталади), боғлари маҳкам боғланади.
Чонғороқ усти ва эшикка ҳам қалин кигиз тутилади. Булардан ташқари уйнинг чиройли бўлиши учун тизма, тоғобчи, отма боғ, боғишдан фойдаланилади.
Шамол пайти кигизлар кўтарилиб кетмаслиги учун уй ташқарисида битта катта, битта кичик белдов маҳкам қилиб боғлаб қўйилади.
Келин тушириш учун эса ҳамма анжомлари оппоқ бўлган ўтов безатилади.
Она қишлоғим
Тупроқ кўчали, лой сувоқли девор билан айлантирилган кенг ҳовлилари, дала томон чўзилиб кетган ёшлигим излари қолган йўл четидаги тутзорлару шовуллаган теракзорлари, ҳаммасидан ҳам содда, оқкўнгил, бағрикенг одамлари юрагимга яқин ва азиз. Мен уларни доимо соғинч билан эслайман.
Талабалик йилларимда байрамларда бериладиган ҳордиқ кунларининг бирортасини ҳам шаҳарда ўтказган эмасман. Кўзга кўринмас бир куч мени қишлоғимга тортарди. Ҳа, қишлоғимнинг меҳри, онам соғинчи мени қаерда бўлмай бу гўшага чорлар эди. Дугоналарим эса шаҳар байрамини кўришни орзу қилишарди.
- Шундай тантаналарни ташлаб келдингми? Қишлоқда нима бор? –дейишарди улар.
Юрагим шу томонга тортгани тортган эди. Мен унинг ҳар бир гиёҳида, юлдузли сокин кечаларида бошқа ҳеч бир жойда бўлмаган гўзалликни кўрардим.
Катта асфальт йўлдан уйимизгача яёв бориладиган йўлнинг икки четида исириқ, туяқорин ва қирқ оғайни гуллари яйраб-яшнаб очилиб ётарди, уларнинг ёнидан бефарқ ўтолмасдим, узишга кўзим қиймай бошларини силаб ўтиб кетардим. Бошқа бирор жойда бу гулларнинг шу қадар қийғос ўсганини учратмадим.
- Айланиб кетай сендан, келиб қолдингми? Онанг кўзлари тўрт бўлиб кутиб ўтирибди, - деганча йўлимга чиқарди қўшни кампир Улуғой хола. Йўл-йўлакай болалар қўшилиб бир гуруҳ бўлиб ҳовлига кириб борардик. Ковушини киёлмай, ялангоёқ уйдан югуриб чиққан онам:
- Вой, болам келипти-ку, - деганча бағрига босарди…
Ҳовли гавжум бўлиб кетар, укаларим аллақаёқлардан югуриб келишар, онам дарров тансиқ таом тайёрлашга киришиб кетарди.
Ҳеч қачон такрорланмас бу онларни, онам билан баробар мени севиниб-қувониб бағрига олган қишлоғимни, туғилган уйимни не учун ҳам севмай. Фақат севиш эмас, уларга жоним туташ.
Онамни севгандек мен сени севдим,
Умрим фидо бўлсин Ватаним сенга.
Иссиқ қучоғингда бахт недир туйдим,
Сўнгги манзилгоҳ ҳам ўзинг бўл менга.
Бўстон РАҲМОНОВА