Меню
Қашқадарё
ВАТАН МАНЗУМАСИ
Вилоят мусиқали драма театрида ватанпарварлик, мардлик ва жасорат сингари эзгу фазилатлар акс эттирилган “Ватан манзумаси” деб номланган адабий-маърифий кеча ташкил этилди.
Маданият ва Мудофаа вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу кечада турли соҳа вакиллари, ҳарбий хизматчилар, талаба ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Бугунги мураккаб глобаллашув даврида ёшларни турли ёт ва зарарли, ўткинчи ғоялардан ишончли ҳимоялаш, улар қалбида ватанпарварлик, юртга садоқат, ўзи туғилиб ўсган юрт келажаги учун масъулият туйғуларини мустаҳкам қарор топтириш эндиликда ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда.
Кечада Ватанни улуғловчи куй-қўшиқлар, оташнафас шоирларнинг шеърлари янгради. Мамлакатимиздаги тинч ва осойишта, хавф-хатардан холи ҳаёт, ижтимоий барқарорлик, ҳамжиҳатлик, тўкислик ва фаровонлик, оқибат, ўзаро меҳр ва мурувват муҳити олий қадрият экани ёрқин ва бетакрор мусиқий дастур орқали яна бир карра ўз ифодасини топди.
Юртимиздаги тинчлик ва тотувликни, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш наинки ҳарбий соҳа вакиллари, балки барча ҳамюртларимиз, айниқса, ёшларнинг муқаддас бурчи экани ранг-баранг мусиқий чиқишлар воситасида яна бир карра намоён бўлди.
Республикамиз бўйлаб ўтказиб келинаётган бу лойиҳа иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.