Меню

Қашқадарё

16.12.2017 1994

ВАТАН ҲИМОЯСИ - МУҚАДДАС БУРЧ

Қарши шаҳридаги "Геолог" спорт мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 26 йиллиги олдидан ҳарбий-ватанпарварлик ойлиги доирасида бўлиб ўтган ҳарбий хизматчиларнинг ёшлар билан учрашувида шу хусусида ва армиянинг давлат суверенитетини мустаҳкамлаш, Ватан ҳимоясидаги ўрни ҳақида гапирилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тизимидаги ҳарбий   қисмларда хизмат қилаётган ҳарбийлар, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ҳамда ўрта таълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари иштирок этди.

Армия ва халқ якдиллиги, бирдамлиги ифодаси бўлган мана шундай сермазмун тадбирлар орқали ёшлар ҳарбий хизматчиларнинг ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишишга муяссар бўлмоқда. Энг асосийси, шу орқали уларда ватанпарварлик туйғуси ўсиб, келажагини армия билан боғламоқчи бўлганлар сони ортмоқда.

Тадбирда ҳарбий хизматчилар томонидан турли  жанговар кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Шунингдек, вилоят фавқулодда вазиятлар, ёнғин хавфсизлиги бошқармалари ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тизимидаги ҳарбий қисмлар томонидан турли жанговар техника, ўт ўчириш ва бошқа хавфсизлик жиҳозларининг кўргазмаси ташкил этилди. Мутахассислар томонидан ёшларга мамлакатимиздаги мавжуд ҳарбий олий таълим муассасалари, уларга ўқишга кириш учун талаб этиладиган ҳужжатлар, тартиб-қоидалар ҳақида кенг   тушунчалар берилди.

- Бугунги тадбирдан ўзимга жуда зарур маълумотларни олдим, - дейди "Нуристон" академик лицейи ўқувчиси Азизбек Бекназаров. - Айниқса, ҳарбий хизмат, унинг машаққатию шарафи ҳақидаги тасаввурларим янада бойиди.

Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев сўзга чиқди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!