Меню
Қашқадарё
ВАТАН ИЧРА САЁҲАТ
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида катта қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Юртимизнинг узоқ тарихи, бой маданий мероси, аждодларимизнинг юксак салоҳиятидан хабар берувчи тарихий обидалар, қадамжолар, зиёратгоҳлар таъмирланиб, гўзал қиёфа касб этаяпти. Шаҳарларимиз қайтадан чирой очиб, замонавийлашиб бораётгани ҳам сир эмас.
Албатта, ҳудудлардаги мана шундай ўзгаришлар юртдошларимизни қизиқтириши, уларни саёҳатга чорлаши бор гап.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги тегишли қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" ички туризмни ривожлантириш дастури аҳоли, корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимларининг юртимиз ҳудудларига саёҳатини янада рағбатлантирди. Айниқса, қарор билан ташкилот ва муассасалар ходимларининг биргаликдаги ҳамда оилавий ва жамоавий саёҳатлари учун қатор имтиёзлар, имкониятлар тақдим этилгани бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлаяпти.
Биламизки, юртимизнинг қадимий масканларидан бири афсонавий Шаҳрисабз нафақат гўзал ва сўлим табиати, аввало тарихий обидалари билан маълуму машҳур. Улар аждодларимиз ақл-заковати, тафаккури, куч-қудратидан дарак беради. Саёҳат давомида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари аждодларимизнинг юксак ақл-идроки, нозик диди ва бунёдкорлик маҳорати намунаси бўлган тарихий обидаларни томоша қилишди. Мақом музейи ва Амир Темур номидаги моддий-маданият тарихи музейида сақланаётган экспонатлар билан танишишди.
Албатта, бундай саёҳатлар ҳарбий хизматчиларга маданий ҳордиқ чиқариш билан бир қаторда, уларнинг қалбида она Ватанга муҳаббат, аждодлар меросига ҳурмат руҳини ўстириши турган гап.
Ж.БОЙМУРОДОВ