Меню
Қашқадарё
ВАТАН
Қуёш оташ меҳри билан бошини силаган, ой тунлари теграсида алла айтган, юлдузлар эгилиб салом берган жаннатмонанд юртим, бир фарзанд сифатида сенинг бахту камолингдан, ойдек жамолингдан масрурланиб ушбу сатрларни битмоқдаман. Мустақиллигинг муборак бўлсин. Байрамларинг байрамларга улансин. Озод ва обод қиёфангга, тинч ва осуда яшаётган халқингга кўз тегмасин. Биз оналарнинг ёлғиз тилаги шу.
***
Бола эдим, 7-8 ёшларда бўлсам керак.
Қўшни республикадан отамнинг қадрдон ошнаси хотини билан меҳмон бўлиб келди. Бир ҳафтача туришгандан кейин кетишга чоғланишди.
- Қизингизни олиб кетайлик, яқинда тўйга бормоқчисизлар-ку, ўшанда олиб қайтасизлар,- дейишди улар.
- Майли борсин, ўйнаб келади, - дейишди ота-онам. Севиниб кийимларимни тугунча қилиб, уларга қўшилиб жўнадим.
Поездга чиқиш олдида ота-онам мени бағирларига босиб хайрлашди. Меҳмон мени кўтариб поездга чиқариб қўяркан, шу пайт менга қаттиқ тикилиб турган онамнинг кўзларини кўриб қолдим.
Худди шу онда юрагимдан нимадир узилиб кетгандай, ҳавода муаллақ қолгандай бўлдим. Қўлимдаги тугунчани пастга отиб, бор овозим билан бақириб юбордим.
- Йўқ, ҳеч қаёққа бормайман. Онажон мени олиб қолинг, - деганча пастга интилдим. Отам мени кўтариб олди.
Мурғак юрагим сендан узилиб кетаётганди ўшанда онажон уйим, остоналари олтиндан бўлган ота масканим.
***
Улғайдим.
Сенга бўлган меҳрим ҳам мактаб парталарида ўтириб шоирларнинг меҳру муҳаббатингга йўғрилган шеърларини ўқиш асносида улғайди. Уларни севиб-севиниб ёдлардим. Устоз Ойбек ёзганди:
Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди,
Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор.
Ватан куйчиси Ҳамид Олимжон:
Қулоғимга номинг кирганда,
Қуллик каби ташна боқурман.
Сенинг жаннат водийларингда,
Наҳрлардай тўлиб оқурман.
Ғафур Ғулом эса
Азиз жондош, олтин тупроқ Ватаним,
Онаммисан, қизиммисан, кимимсан,
Онамдирсан, ишонганим ёшликдан…
деганди.
Севимли шоиримиз Абдулла Орипов бир умр сени куйлади, унинг ўт-оташ мисралари бизнинг юрагимизни ҳам жунбишга келтирди.
Юртим, сени фақат бойликларинг-чун,
Севган фарзанд бўлса кечирма асло.
Бу мисралар сенга бўлган меҳримни юрагимга янада кучлироқ пайвандлади. Ўзим ҳам сенга бағишлаб байтлар тўқидим.
Сенинг тоғу тошларингда, олтин водийларингу қуш учса қаноти куядиган жазирама чўлларингда ҳам ҳаёт нақадар қайноқлигини, у ерлардаги ҳар бир гиёҳингни фарзандларинг кўзига тўтиё қилишига гувоҳ бўлдим.
…Ана, бошига ироқи дўппи кийган қизил кўйлакли келинчак қора уй соясида куви пишмоқда, ёнида оёқларини узатиб ўтирган кампир урчуқ йигирмоқда.
Қирдан эниб келаётган қўй-қўзилар маъраши эшитилди, сурув ортида таёғини белига қўйиб келаётган ёшгина чўпон йигит… Келинчак куви пишишдан тўхтаб, қўлига бир коса айрон олиб чўпон қаршисига чиқди. Чўпоннинг юзида масрурлик, келинчакка нимадир деди. Келинчак жилмайганча чўпонга меҳр билан тикилди.
Уларга гавжум, сершовқин ўзга юртларга кўчишни таклиф қилиб кўринг-чи, асло рози бўлишмайди. Бир гал мен сўраганман, чўпон кескин бош чайқаб:
- Йўқ, мумкин эмас, бу ерларни ташлаб кетолмаймиз, ахир шу ерда туғилганмиз, оила қурганмиз, бу ерлар бизнинг она юртимиз, - деб жавоб берган.
Бу Ватанини, унинг азиз тупроғини жонидан ортиқ севган мард йигитнинг жавоби эмасми?
***
Ватаним, жонажон Ўзбекистоним, Сенга бўлган меҳрим нақадар буюклигини кўп бора синаганман.
Талабалик йилларимда факультетимиз учун иттифоқ бўйлаб амалиёт қўйилган бўлиб, мақсад энг йирик кутубхоналар, ноёб қўлёзмалар билан танишиш эди.
Бир ойлик амалиёт давомида собиқ иттифоқдаги бу машҳур шаҳарда зерикиб қолдик. Дунёнинг турли жойларидан бу азим шаҳарни кўриш ва томоша қилиш учун қанчадан-қанча одамлар ташриф буюрар экан. Аммо биз кун санардик, бир дугонам касал бўлиб қолди, доктор чақирдик.
- Тезроқ ўз юртларингга олиб кетинглар, бу ерларнинг ҳавоси ёқмабди, - деди у.
Амалиётнинг ҳали бир неча куни бор бўлса ҳам қайтишга чоғландик. Аслида сенинг меҳринг тортаётган эди, ҳаммамиз сени соғинган эдик жонажон масканим!
Самолётдан тушиб борар эканмиз, ажиб бир туйғуни туйдим. Буни нима деб атасам экан, хотиржамликми, тинчланган кўнгилми, онаси бағрига қайтган фарзанд бахтиёрлигими… Ҳа, она Ватаннинг бағрида эмин-эркин, эркаланиб, мағрурланиб яшашдан ҳам улуғроқ бахт йўқлигини ҳис қилиш. Бу ҳисни туйганда навқирон ёшда эдим. Мана бугун ёшим ҳам бир жойга бориб қолган. Сенга бўлган меҳрим ҳам йиллар давомида юксалган. Сенга кимдир бир игна санчса, менинг юрагимга қадалади...
Ҳа, сен жону таним, борлиғимсан! Дунё тургунча туришингни, озодлигинг ва ободлигинг абадий бўлишини тилайман.
Бўстон РАҲМОНОВА
Ўзбекистон халқ ўқитувчиси