Меню

Қашқадарё

25.02.2020 1232

"ВАСВАСАГЕН" КЕРАКМАСМИ, ЖАНОБ БЛОГЕР?!

Ижтимоий тармоқларда

"Қашқадарёда 189 киши коронавирус сабаб учётга олинди. Ҳозирда жиддий текширув олиб борилаяпти. Батафсил танишиш учун ушбу видеони кўринг..."

Ижтимоий тармоқда бу хабарни кўриб, ҳайратим ошди.

Сабаби, бир неча кун аввал бошқармамизда журналистлар ва блогерлар иштирокида "Юқумли касалликлар профилактикаси" мавзусида матбуот анжумани ўтказган эдигу унда масъул мутасаддилар томонидан айнан коронавируснинг олдини олиш бўйича вилоятимизда кўрилаётган чоралар ҳақида очиқ-ойдин ва батафсил маълумотлар берилган эди. Айнан халқимиз ўртасида тарқатилаётган турли миш-мишларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган анжуманда, хусусан, вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан 2020 йил 12 февралгача Хитойда бўлиб қайтган 189 нафар нафар қашқадарёлик рўйхатга ва тиббий кузатувга олингани, шунингдек, уларнинг асосий қисми устидан тиббий кузатув вақти тугагани ва улар соғлом деб топилгани қайд этилган эди. "Мен нима дейман, қўбизим нима дейди?", деганлари шу экан-да...

Юқоридаги ваҳимали хабар остидаги бигиз бўлиб турган бармоқ кўрсатган линкни босиб, бир "чангалзор" каналга кириб қолдим.    Соатлаб вақтим кетди ҳамки, беўхшов рақс тушаётган қизлар, қўшни давлатда коронавирусдан "ўлган" одам, аллақандай чаламулланинг маза-матрасиз насиҳати ҳақидаги миш-миш видеолар, машинаю дори-дармон сотувчилар рекламалари... орасида сарсон бўлганим қолди,  холос. "Коронавирус сабаб учётга олинган қашқадарёликлар" видеосидан ном-нишон ҳам йўқ экан...

 

Тавба, дейсиз. "Обуначи" йиғаман, десанг, каналингни кучайтир, бор гапни, ҳақиқатни ёз, одамларнинг дардига дармон бўлиб, бирор муаммони дадил кўтариб чиқ, нима қиласан ёлғон-яшиқ гап билан элнинг тинчини бузиб?!

Шу чоғ "Мафтунингман" фильмидаги бир лавҳа эсимга тушиб кетди. Поездда синглисини йўқотиб қўйган хоразмлик Шариф Жуманиёзов ёдингиздадир? У машҳур актёр Сойиб Хўжаев гавдалантирган проводникнинг ёнига ёрдам сўраб боради. Проводник эса дарҳол микрофонини қўлга олиб, ваҳима кўтаради: "Йўловчи гражданлар! Йўловчи гражданлар! Поездимизнинг еттинчи вагонидан Муҳаббат исмли ёшгина қиз сирли равишда ғойиб бўлган... Синглисини йўқотиб қўйган бечора ака вагонма-вагон фарёд уриб юрибди..." Проводник Шарифнинг "нега ваҳима кўтараяпсиз?", қабилидаги эътирозига "бу жавобгарлик постида энди ишлаётганимиз йўқ", дея уришиб беради...

Реклама бериладиган каналига алдаб киритиб олиб, ёлғон хабар, халқимиз орасида ваҳима уйғотиш ортидан манфаат излаётган блогер ўша ваҳимачи проводникдан юз карра хавфлироқ эмасми? У ўзи ўтирган "жавобгарлик пости" масъулиятини қандай тушунар экан?!

Уламоларимизнинг қайд этишларича, Қуръони каримда агар сизга хабар келтирсалар, унинг аниқ исботини топмагунча тарқатманг, мазмунидаги оят бор экан.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида "Эшитган ҳар бир гапини гапиравериш инсоннинг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади", "Ким инсонларни ташвишга, ваҳимага солувчи, қўрқитувчи хабарлар тарқатса, у аҳли исломдан эмас", дейилади.

Коронавирусни "тождор вирус", "вируслар қироли", деб таърифлашади. Менинг назаримда эса бу хасталик вируслар "тож"ига асло даъвогарлик қила олмайди. Дунёдаги барча эпидемиялару вируслардан хавфлироқ "супервирус" азал-азалдан ғимирлаб юради. Шубҳасиз, бу ваҳима вирусидир.

Севимли шоиримиз Абдулла    Орипов таъбири билан айтганда "Ҳаким бўлмасам ҳам мен айтай сизга...": агар киши ваҳимага берилса, хотиржамлигини йўқотса, иммунитети пасайиб, оддий тумов билан ҳам тўшакка михланиши ҳеч гап эмас.

Ваҳима вирусини тарқатувчиларга эса машҳур сўз устаси Ҳожибой Тожибоев "рецепт"и билан "тайёрланган" "Васвасаген", "Чакагаген", "Антижағ"ни тавсия этиб ва ...инсоф тилаб қоламиз...

Нуриддин ЭГАМОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!