Меню
Қашқадарё
Васий асраб олган болаларини қулликда сақлади
Қозоғистоннинг Атирау вилоятида васий асраб олган болаларини беш йил давомида қийноққа солиб, уларни олис фермада қулликда сақлаган. Бу ҳақда Liter.kz. портали хабар тарқатган.
Оч ва жулдур кийинган болаларни уларнинг яшаш шароитини текшириш учун келган ижтимоий ходимлар Атирау шаҳри яқинидаги фермадан топишган. Қозоқ оиласи 2018 йилда уч ўсмирни васийликка олган, ўша вақтда болалар 14, 12 ва 8 ёшда бўлган.
Аниқланишича, васий етим болаларни беш йил давомида шаҳардан 20 километр узоқликда жойлашган фермада сақлаб, икки уюр от ҳамда 18 бош сигирни боқиш ва парваришлашга мажбурлаб келган.
"Фермага келган комиссия аъзолари болаларнинг яшаш шароитидан даҳшатга тушди. Улар кўкарган, чандиқли, озғин, чарчаган, оч, нурсиз кўзли, исқирт, жулдур кийимларда эди. Васий ўтган давр мобайнида болаларни таҳқирлаган, урган, азоблаган, ишлатган ва беш йил давомида улар учун нафақа ҳам олган", дея маълум қилади Қозоғистон болалар омбудсмани Динара Закиева.
Ўсмирлар уларни асраб олган оиладан қайтарилган, болаларга психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Васийга нисбатан судолди тергови бошланган.