Меню

Қашқадарё

28.04.2023 5020

Варганза, Умакай ва Араббандида микроГЭС учун жой ҳозирланмоқда

Қашқадарёнинг бир қатор чекка ва олис ҳудудларида микро гидроэлектр станциялари қурилиши учун Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер майдонлари ажратилди.

Вилоят ҳокимининг бу ҳақдаги қарори жорий йил 26 апрелда қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга асосан микроГЭС барпо этиш мақсадида ажратиладиган жами 0,89 гектар ер майдонлари шу пайтгача туман ҳокимликлари захира ер фонди ва сув фондида турган  ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўлиб, Китоб туманидаги Варганза маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида (0,5 гектар) ҳамда Кўкдала туманидаги Умакай МФЙ Эски анҳор канали ҳудудида  (0,25 гектар) ва Араббанди МФЙ Эски анҳор канали ҳудудидан (0,14 гектар) жойлашган.

Маълумот учун: мамлакат Президентининг ўтган йил 9 сентябрдаги фармони билан тасдиқланган “Хусусий инвесторларга қуввати 500 кВтгача бўлган микро гидроэлектр станцияларини қуриш учун таклиф этилаётган лойиҳалар (майдонлар) рўйхати”да Китоб тумани Варганза қишлоғи Қашқадарё дарёсида битта (қуввати 300 кВт), Эски анҳор канали Умакай ташламасида иккита (300 кВт ва 200 кВт) ва Эски анҳор канали Умакай ташламасида тўртта (350 кВт, 200 кВт, 150 кВт ва 100 кВт) микроГЭС бунёд этилиши қайд этилган эди.

Фармон талабига кўра, микро ва кичик гидроэлектр станцияларини қуриш учун талаб этиладиган ер участкалари белгиланган тартибда жамоат эҳтиёжлари учун Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади ва кейинчалик электрон аукцион ғолиби бўлган тадбиркорлик субъектига узоқ муддатли ижара ҳуқуқи асосида тақдим этилади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!