Меню
Қашқадарё
ВАЛЮТАФУРУШЛАР ҚЎЛГА ТУШДИ
Фуқаро ёки тадбиркор ўзидаги хорижий валютани ҳеч қандай тўсиқларсиз, истаган тижорат банкига олиб бориб белгиланган нархда сотиши ёки ўзига зарур миқдорда сотиб олиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид равишда нақд чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш билан шуғулланган шахслар эса тегишли тартибда жазога тортилади. Бироқ, ўз нафсини тизгинлай билмаган айрим юртдошларимизнинг ҳамон "қора бозор"да хорижий валюталар савдоси билан пинҳона шуғулланаётганлиги сир эмас.
Косонлик Қ.А. ва Б.О.ни ҳам ана шундай кишилар сирасига киритиш мумкин. Бу икки уддабурон 2400 АҚШ долларини "қора бозор"да сотишга қарор қилган эди. Улар тумандаги "Кўҳна қалъа" савдо мажмуаси ёнида ушбу валютани 8550 сўмдан ҳисоблаб, жами 20 миллион 552 минг сўмга сотган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ҳамда Косон туман бўлими ходимлари томонидан қўлга олинди.
Айни пайтда Қ.А. ҳамда Б.О.га нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.
Хайрулла РУСТАМОВ,
департаментнинг вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари
ЙЎҚ ИШ СТАЖИНИ БОР ҚИЛАМАН ДЕБ...
Тамагирлик, нафсга қул бўлиш инсонни тубанликка етакловчи, манқуртга айлантириб қўювчи иллатдир. Бу иллат тузоғига тушганлар ўз чўнтагини қаппайтириш илинжида турли ноқонуний ишларга бош қўшишдан ҳам, ўз мансаб мавқеини суиистеъмол қилишдан ҳам тап тортишмайди.
Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Косон тумани бўлими мутахассиси В.Н. ҳам моддий манфаат илинжида жиноятга қўл урди.
Гап шундаки, мазкур туманда яшовчи М.С. пенсияга чиқиш мақсадида зарур ҳужжатлар билан Пенсия жамғармаси Косон туман бўлими масъул мутахассиси В.Н.га мурожаат этади.
В.Н. эса фуқарога тўлиқ пенсия олиш учун иш стажи етмаслигини тушунтириб, агар у айтган шартга рози бўлса, бу борада ёрдам беришини таклиф қилади. Шартга кўра, М.С. 200 минг сўм пул келтириб бериши, В.Н. эса бунинг эвазига унинг иш стажига яна 3 йиллик даврни қўшиб ёзиши лозим эди.
Аммо ноқонуний ишга бош қўшишни истамаган М.С. бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилади.
Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ҳамда Косон туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда В.Н. фуқаро М.С.дан 200 минг сўм пулни олган вақтида қўлга олинди.
Айни пайтда унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Косон туман суди томонидан қонуний жазо тайинланган.
ЁҒФУРУШНИНГ МИСИ ЧИҚДИ
Маълумки, уй шароитида ва экстракция бўлимларига эга бўлмаган кичик цехларда чигитдан пахта ёғи ишлаб чиқаришнинг бир қанча зарарли томонлари мавжуд.
Биринчидан, бундай ишлаб чиқариш ноқонуний тадбиркорлик ҳисобланади ва мамлакат иқтисодиёти учун зарар келтиради. Бозордаги ҳалол рақобат муҳитини бузади.
Иккинчидан, аксарият ҳолларда бундай цехларда электр энергияси таъминотидан яширин равишда, ноқонуний фойдаланилади.
Учинчидан, қўлбола усулда ишлаб чиқарилган ёғ маҳсулотлари истеъмол учун ўта зарарли ҳисобланади. У турли касалликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу боис ҳам мамлакатимизда бундай цехларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига барҳам бериш бўйича доимий равишда чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Касби туманининг Қоратепа маҳалласида яшовчи А.Л. ҳам отасига тегишли фермер хўжалигининг дала шийпонида қўлбола жувоз ускунасини ўрнатиб, "тадбиркорлик"ни йўлга қўйиб олган экан.
Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ҳамда Касби туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда унинг бу "ишбилармонлиги" фош этилди.
Ўрганиш натижасида А.Л. ишлаб чиқарган ёғ истеъмолчиларнинг ҳаёти, соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.
Маҳсулот ишлаб чиқарилаётган хонадаги 1 дона қўлбола жувоз ускунаси, 70 литр сифатсиз ёғ, 500 килограмм чигит ва 4 миллион 432 минг 200 сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди.
Ушбу ҳолат бўйича А.Л.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан қонуний жазо тайинланди.
Тўлқин ҚУРБОНОВ,
департаментнинг вилоят бошқармаси катта инспектори