Меню
Қашқадарё
ВАКИЛЛАРИМИЗДА ИККИТА ОЛТИН
Қайд этиш жоиз, 2007 йилдан буён 8 ёшдан 19 ёшгача бўлган ёш шахматчилар ўртасида "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан қатор вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилаётган мазкур мусобақа нуфузи йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Шунга монанд бу галги мусобақа ҳам қизғин баҳс ва муросасиз партияларга бой бўлди. Энг муҳими, беллашувлар жараёнида кўплаб истеъдод эгалари кашф этилди.
Қизлар ўртасидаги баҳсларда Наманган вилояти вакили Мавлуда Маҳмудова, бухоролик Гулхумор Нажмиддинова, сурхондарёлик Гулчеҳра Абдухолиқова, навоийлик Барчиной Облаева ва фарғоналик Наврўзахон Абдуллаева ўз ёш тоифаларида энг кўп очко тўплаган бўлса, ўғил болалар ўртасида вилоятимиз шахматчилари Салоҳиддин Жуманазаров ҳамда Анвар Ҳакимов, наманганлик Фарҳоджон Эргашев, хоразмлик Жонибек Бахтиёров ва Қорақалпоғистон Республикаси вакили Аббаз Аузимбетов тенгдошлари орасида тенгсиз эканини исботлашди.
Умумжамоа ҳисобида жами 45,5 балл тўплаган Навоий вилояти жамоаси биринчи ўринни эгаллаган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда Наманган ҳамда Сурхондарё вилоятлари жамоаларига насиб этди.
- Етти ёшимдан буён шахмат билан мунтазам шуғулланаман, - дейди турнир ғолиби бўлган Анвар Ҳакимов. - Мусобақадан катта таассурот олдим. Бу каби мусобақалар келажакда янада юқори натижаларни қўлга киритишимизда муҳим аҳамият касб этади. Чунки мусобақада ғолиб бўлиб, ўзимга бўлган ишонч ҳисси янада ортди. Мақсадим халқаро турнирларда ҳам зафарли дона суриб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш.
Уч кун давом этган мусобақа якунида иштирокчилар "Энг ёш иштирокчи қиз", "Энг ёш иштирокчи бола", "Энг яхши партия", "Энг чиройли комбинация", "Ғалабага бўлган ишончи учун", "Энг аҳил жамоа", "Мастер-класс" номинациялари бўйича ҳам рағбатлантирилди.
Ғолиблар диплом ва медаллар билан тақдирланди.
Азизбек НОРОВ