Меню
Қашқадарё
ВАКИЛЛАРИМИЗ ШОҲСУПАНИНГ ЭНГ ЮҚОРИ ПОҒОНАСИДА
Таъкидлаш жоиз, ўзбек жанг санъатининг тарихи узоқ ўтмишга - буюк саркарда Соҳибқирон Амир Темур даврига бориб тақалади. Мазкур спорт турининг беш йўналишидан бири - темурийлар жанг усули деб аталиши ҳам бежиз эмас. Аждодларимиздан авлодларга мерос ўзбек жанг санъати спорт турининг қайта туғилиши ҳукуматимиз томонидан юртимизда миллий спорт турларини ривожлантиришга берилаётган улкан эътибор самарасидир. Қолаверса, Амир Темур кубоги айнан вилоятимизда ўтказилаётганида ҳам рамзий маъно бор.
- Қашқадарёда Амир Темур кубоги турнири олтинчи бор ўтказилди, - дейди Тошкент шаҳрилик мураббий Ойбек Маҳмудов. – Унда республикамизнинг барча вилоятларидан келган 500 дан ошиқ 8 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўғил ва қиз беллашув ҳамда комплекс машқлари бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Турнирда муносиб иштирок этган вилоятимиз жамоаси аъзолари жами 35 та олтин, 30 та кумуш ва 50 та бронза медалини жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, Тошкент вилояти ўзбек жанг санъати усталари умумий ҳисобда иккинчи, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари вакиллари учинчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларга диплом ва медаллар топширилди.
Азизбек НОРОВ