Меню

Қашқадарё

07.02.2020 1712

ВАҚТИНЧА ТЎХТАБ ҚОЛГАН КОРХОНАЛАР

камида 50 фоизининг фаолиятини қайта тиклаш мақсад қилинган

Кичик бизнес

 Бугунги кунда Қашқадарёда 46 минг 781 та тадбиркорлик субъекти (юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлар биргаликда) фаолият юритмоқда. Кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши эса 2020 йил 1 январь ҳолатида 60,1 фоизни ташкил этади.

Вилоятда бу борада сезиларли ўсиш кузатилаётгани эътиборга молик. Мисол учун, ўтган 2019 йилда ҳудудда 5 минг 154 та юридик мақомга эга бўлган янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилинган. Бу 2018 йилга нисбатан 2,2 баробарга (2018 йилда 2365 та) кўпдир. Шунингдек, ўтган йили 1 минг 554 та субъектнинг фаолияти қайта тикланган.

Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров  раислигида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, йиғилишда 2020 йилда тадбиркорликни ривожлантириш, кичик бизнес субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилиши белгиланган ишлар ҳақида ҳам кенг маълумотлар тақдим этилди. Уларга кўра, жорий йилда вилоятда 6 минг 160 та янги кичик бизнес субъектини ташкил этиш режалаштирилган. Бу эса тадбиркорлик қилишга интилаётган ва бунга салоҳияти бор фуқароларни аниқлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш, турли дастурлар доирасида бизнес бошламоқчи бўлган кишиларга имтиёзли кредитлар ажратиш, бўш турган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, муаммоли кредитларни сўндириш ва қайтган маблағ эвазига янги лойиҳаларни рўёбга чиқариш каби чора-тадбирлар ҳисобига амалга оширилади.

Мисол учун, ўтган йили оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида жами 658 миллиард сўм, жумладан, 29 минг нафардан ортиқ жисмоний шахсга 422 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган. Бугун ушбу фуқароларнинг аксарияти ишни жадал ривожлантириб, маълум ютуқларга эришмоқда. Уларни юридик шахс мақомидаги тадбиркорликка жалб этиш орқали, фаолиятини янада кенгайтириши учун замин яратиш мумкин. Бундан ташқари, фаолиятини вақтинча тўхтатган корхоналар камида 50 фоизининг ишини қайта тиклаш мақсад қилинган.

Қолаверса,  ҳозирда бўш турган  212 та нодавлат ва 108 та давлат улуши мавжуд бўлган, жами 320 та объектдан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш  бўйича ишлар олиб борилмоқда. Яна 1273 та ер майдони 102 миллиард сўм миқдорида инвестициялар киритиш мажбурияти билан "Е-ijroauksion" дастури орқали очиқ савдога чиқарилади.

Йиғилиш якунида вилоятда 2020 йилда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар бўйича чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

Шунингдек, соҳада учраётган муаммолар, йўл қўйилган камчиликлар атрофлича таҳлил этилиб, уларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

* * *

5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров вилоятнинг тўртта шаҳар ва туманларида бўлиб, ёш тадбиркорлар, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқаролар учун амалий семинарлар ўтказди.

Жумладан, Қарши шаҳрида ташкил этилган тадбирда вилоят маркази ҳамда Нишон ва Қарши туманларидан келган 150 нафардан ортиқ тадбиркор иштирок этган бўлса,  Касби тумани ҳокимлигининг мажлислар залида Касби, Косон, Муборак ва Миришкор туманлари кичик бизнес вакиллари билан, Шаҳрисабз тумани ҳокимлигида эса Шаҳрисабз шаҳри, Яккабоғ, Китоб, Чироқчи ҳамда Шаҳрисабз туманлари ишбилармонлари билан амалий семинарлар ўтказилди. Шунингдек, Ғузор туманидаги мусиқа ва санъат мактаби биносида Ғузор, Қамаши ва Деҳқонобод туманлари тадбиркорлари билан учрашув бўлиб ўтди.

- Ушбу семинарларда Жаҳон ва  Осиё тараққиёт банклари вакиллари, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, "Ўзбекчорванасл" агентлиги масъул ходимлари иштирок этиб, тадбиркорларга ўз тавсия ва маслаҳатларини беришди, - дейди вилоят иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари Ҳотам Қодиров. - Шунингдек, олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ёшларга бизнес юритишдаги асосий тамойиллар, мамлакатимиз қонунчилигида тадбиркорлар учун яратилган имтиёз ва имкониятлар, кредит ажратиш тартиблари ҳақида кенг маълумотлар тақдим этишди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари Қарши шаҳридаги терини қайта ишловчи ва пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи "Премиум капиталгроуп" МЧЖ, мева-сабзавотларни қуритиш лойиҳасини амалга оширган "Ширин ният барака" МЧЖ, Яккабоғ туманидаги мевани қайта ишлашга ихтисослашган "Darmon farm" МЧЖ ҳамда Қарши туманидаги сут ва гўштни қайта ишловчи "Бахт" фермер хўжалиги фаолияти билан танишди. Қатнашчилар учун бевосита ишлаб чиқариш жараёнида "маҳорат дарслари" ташкил этилди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!