Меню

Қашқадарё

19.06.2020 2109

ВАҚТ-КУ КЕТДИ, НАҚД ҲАМ КЕТМАСИН

ЁХУД 3,5 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК МАХСУС БОҒЧАНИНГ ҚУРИЛИШИ НЕГА ҲАЛИГАЧА БОШЛАНМАГАН?

Факт, тафсилот ва шарҳ

Шу йилнинг январь ойида мамлакатимиз мактабгача таълим тизимида жуда муҳим ва қувончли воқеа рўй берди. Тошкент вилояти Қибрай туманида соҳа мутасаддилари ва Россиянинг "ЛУКОЙЛ" компанияси вакиллари иштирокида тантанали маросим ўтказилиб, бирйўла учта ҳудуд - Бухоро, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида умумий типдаги ва кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари қурилишига старт берилди. Шунда Қарши шаҳридаги алоҳида парваришга муҳтож болалар учун реабилитация марказига эга бўлган махсус боғчанинг пойдеворига ҳам масофадан туриб тамал тоши "қўйилган" бўлса-да, лойиҳа қиймати 3,5 миллион долларга тенг бу объектнинг қурилиши ҳозиргача бошланмаган. Бунинг сабаби нимада?

Тафсилотларга кўра, 2019 йилнинг июль ойида Мактабгача таълим вазирлиги ва "ЛУКОЙЛ Узбекистан оперейтинг компани" масъулияти чекланган жамияти ўртасида келишув имзоланган эди. Унга асосан "ЛУКОЙЛ" компанияси ажратаётган 12 миллион АҚШ доллари ҳисобидан Бухоро вилоятида 250 ўринли, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида эса ҳар бири 150 ўринли замонавий мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ) қурилиши белгиланган эди.

- Бухорода бунёд этиладиган МТТ умумий типдаги, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида барпо этиладиганлари эса реабилитация марказларига эга кўп тармоқли ихтисослашган ташкилотлар бўлади, - дея таъриф берганди ўшанда Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин. - Бу реабилитация марказлари тарбияланувчилардан ташқари ҳар йили соғломлаштириш муолажаларига муҳтож 5-7 минг нафар болани қабул қилади.

Маълум бўлишича, Қарши шаҳри ва Тошкент вилоятидаги махсус боғчалар учун 2019 йилнинг апрель ойида Нукус шаҳрида фойдаланишга топширилган "Имкон" реабилитация марказига эга ихтисослашган МТТ прототип (намуна) бўлиб хизмат қилади. Бу масканлар жисмоний ва ақлий ҳолатига кўра алоҳида парваришга муҳтож болалар учун ҳам таълим даргоҳи, ҳам тиббиёт-соғломлаштириш муассасаси вазифасини бажаради. Янги МТТда оддий боғчадаги қулайликлар билан бир қаторда замонавий даволаш-физкультура ва физиотерапия заллари, массаж, сенсор, майда моторикани ривожлантириш, ижтимоий-маиший адаптация, мусиқа ва арт-терапия хоналари, шунингдек, врачларнинг кабинетлари бўлиб, болаларни парваришлаш, реабилитация қилиш ва уларга таълим-тарбия бериш учун барча шароитлар яратилади.

2019 йил 3 октябрь куни республика ҳукумати томонидан "ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани" МЧЖ иштирокида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда 2021 йил 1 июлгача бўлган муддатда Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида ишга тушириладиган МТТнинг бинолари ва иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш, жиҳозлаш ва фойдаланишга топшириш "ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани" МЧЖнинг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши, ушбу компания янги муассасалар қурилиши бўйича буюртмачи ҳам эканлиги қайд этилди.

Қарорда, шунингдек, Қарши шаҳридаги кўп тармоқли ихтисослаштирилган МТТ учун Рогузар маҳалла фуқаролар йиғини Жайҳун кўчасида майдони 1,9 гектарга тенг ер участкаси ажратилиши кўзда тутилиб, "SDS Proekt" МЧЖ объект бўйича бош лойиҳа ташкилоти, "Yuksak parvoz qurilish" МЧЖ эса бош пудрат ташкилоти этиб белгиланган.

Юқорида қайд этилган келишув ва қарорга асосан Бухоро ва Тошкент вилоятларида "ЛУКОЙЛ" ҳомийлигидаги замонавий боғчаларнинг қурилиши аллақачон бошлаб юборилган, аммо Қаршидаги реабилитация марказига эга ихтисослашган мактабгача таълим ташкилотини бунёд этишга бугунги кунда умуман киришилмаган. Тўғри, виртуал оламда Қашқадарёдаги махсус боғчанинг тамал тоши қўйилгани ҳақида кўплаб хабарлар бордир, аммо реал ҳаётда ҳали пойдеворига "котлован" қазиш учун ҳатто қозиқ ҳам қоқилмаган. Нега?

Ушбу саволни вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Асрор Алимардоновга йўллаганимизда, мутасадди қурилиш бошланишининг кечикиши уни ҳам  ташвишга солаётганини яширмади.

-Бу лойиҳани дастлаб "зеленхоз" ҳудудида амалга ошириш кўзда тутилганди, аммо у ердан жой ажратишнинг имкони бўлмагач, шу йилнинг март ойида вилоят ҳокимининг аралашуви ва "ЛУКОЙЛ" компанияси вакиллари билан ўтказилган музокаралар натижасида муаммонинг ечими топилди, - деди А.Алимардонов. -  Қиймати 3,5 миллион долларга тенг ихтисослашган МТТ учун жой Қарши шаҳридаги собиқ ҳарбий госпиталь ҳудудидан ажратиладиган бўлди. Ўз навбатида госпиталь собиқ кардиология шифохонасига кўчирилди. Бу масала бўйича "ЛУКОЙЛ" раҳбарияти, ҳарбийлар, шаҳар ҳокимлиги ва тиббиёт соҳаси масъуллари билан келишилган. Бугунги кунда госпитални кўчириш, унинг ўрнидаги биноларни бузиш ишлари якунланди. Аммо МТТнинг жойи ўзгарганлиги сабаб объектнинг лойиҳасига ҳам ўзгартиришлар киритишга тўғри келаяпти. "ЛУКОЙЛ" компанияси мутахассислари билан гаплашганмиз, узоғи билан бир ҳафта ичида лойиҳалашга доир асосий ишлар ниҳоясига етказилиб, қурилиш ишлари бошланиши керак.

"ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани" МЧЖ мутасаддилари бу маълумотларни тасдиқлар экан, демак, қишнинг чилласида тантанали равишда "бошланган" қурилиш салкам ярим йил ўтиб, айни саратон кунларида старт оладиган бўлаяпти. Кечикишнинг асосий сабаби эса янги маскан учун ер участкасининг ҳукумат қарорида кўрсатилганидек бир ҳафта муддатда эмас, балки бир неча ойдан сўнггина қонунда белгиланган тартибда ажратилганидадир. Ўз    навбатида бунинг ҳам узрли ва узрсиз сабаблари бўлиши мумкин (мақолада уларнинг барчасини санаб ўтиш ёки таҳлил қилиш фикридан йироқмиз), аммо ҳозир ишни кечиктирган "каттакон"ларни қидиришдан кўра, ниҳоят, қурилишни бошлаб юбориш муҳимдир.

Умид қиламизки, бу борада энди ҳеч қандай муаммолар туғилмайди ва Қаршидаги ихтисослашган мактабгача таълим ташкилоти белгиланган вақтда - келгуси йилнинг 1 июлига қадар сифатли қуриб битказилиб ҳамда замонавий тарзда жиҳозланиб, алоҳида парваришга муҳтож болаларга хизмат кўрсата бошлайди. Ахир нуфузли хорижий компания катта маблағ ажратиб ва яна бизнинг "кўчир-кўчир"имизга чидаб, "калити билан топшириш" шарти асосида фарзандларимиз учун шундай ажойиб маскан бунёд эттиришга тайёр турган бир пайтда биз бунга тўсқинлик қиладиган яна бирорта муаммо туғдириб ўтирсак, инсофдан бўлмас.

Ботир ТЕМИРОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!