Меню

Қашқадарё

27.03.2020 292

ВАҲИМА - ЯРИМ КАСАЛЛИК

Бирни кўриб фикр қил

Бир киши ўз келажагини олдиндан билишга аҳд қилибди ва фолбинга борибди. Фолбин нималарнидир ўзича минғирлаб, кейин тилга кирибди ва дебди.

- Анча вақт бахтли яшайсан, аммо охирида девор босиб қолиб, ўласан.

Буни эшитган ҳалиги киши нима қиларини билмай саросимага тушибди ва ўзини қутқариш мақсадида кимсасиз чўлу биёбонга чиқиб кетибди. Йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди ва ахийри чарчабди. Эҳтиёт шарт яна атрофга аланглабди. Бирорта девор кўринмайди. Кўнгли хотиржам тортиб энди кўзи илинганда эса устига оҳиста шамолда учган шувоқ келиб тушибди. Девор босди, деб хаёл қилган ҳалиги кишининг юраги ёрилиб, шу топдаёқ тил тортмай жон берибди. Аслида эса уни девор эмас, ваҳима босган. Девор эмас, ҳадик ўлдирган.

"Шум бола"даги сингари бекорчилар...

Шу кунларда баъзи кишилар ана шундай ваҳимага тушган. Энг қизиғи, у ҳам вирусга ўхшайди. Чунки психологияга оид китобларда ваҳимага ҳис-туйғу ва кайфиятнинг бузилиши сифатида қаралади. Ваҳимада одамни асоссиз қўрқув босади, киши нимадандир хавотирланиб, ҳадиксирайди, безовта бўлади, кўнгли ғашланиб, ороми йўқолади. Унга келажакда фалокат бўлиши муқаррардек, ўзи ёки яқинларининг ҳаёти хавф остида тургандек туюлаверади. Вирусга ўхшаш жиҳати эса ваҳимачи билан сўзлашган кишининг ҳам юрагига ғулғула тушади. Ҳадик оралайди.

Тонгда ишга келаётсам, бир киши мен ўтирган таксини тўхтатди. Таксига ўтириб улгурмасидан юзига тутилган ниқобни юлқиб олди-да, ваҳимани бошлаб юборди.

- Бу дардисар қаёқдан чиқди, одам нафас ололмаяпти. Айтганча, кеча "Ахборот"ни кўрдингларми? Яна янги "запрет"лар қўйилибди. Бунча чекловлар қўйилаяптими, демак, вазият жиддий. Бир танишимнинг айтишича, коронавирусга чалинганлар 55 та эмас, минглаб эмиш. Асл ҳолатни давлат яшираётганмиш.

Унинг гап-сўзлари "Шум бола"даги бекорчи нашавандларнинг Або Муслим ҳақидаги ривоят юзасидан қилган тортишувини эслатиб юборади. Асл ҳолатдан хабардор бўлмасам, нима сабабдан бундай эҳтиёт чоралари кўрилаётганини билмасам мен ҳам унинг гапларига лаққа тушган бўлардим.

Тўғри, вазият жиддий. Чунки коронавирус шундай инфекцияки, уни юқтириб олган киши бирор тўйга борса, ўша тўйдаги ҳамма, ўша ҳамманинг барча оила аъзолари, улар билан учрашганлар, учрашганлар билан учрашганлар... коронавирусни юқтириб олиши мумкин. Бу беморлар сони геометрик прогрессия мисоли кўпайиб кетади, дегани. Шу боис ҳам бугун бу дардга чалинганлар дунёдаги 170 га яқин мамлакатда қайд этилди.

Мамлакатимизда карантин эълон қилиниши, баъзи йўналишларда вақтинча чекловлар жорий этилиши, тиббиёт ниқоби тақиб юриш, имкон борича уйдан чиқмаслик шарт қилиб қўйилаётганининг асл сабаби ҳам шу.

Ҳаммаси ўз қўлимизда

Карантин қоидаларига кўра, давлат ва нодавлат муассасаларига ниқобсиз, қўлни антисептик воситалар билан тозаламасдан кириш тақиқланди. Ҳар биримиз зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслигимиз лозим. Кўчага чиқишга эҳтиёж бўладиган бўлса, албатта, ниқобда бўлишимиз шарт. Агар уйдан ишга кетаётган бўлсак, тўғри ишга, агар ишдан уйга қайтаётган бўлсак, тўғри уйга боришимиз керак. Ҳар биримиз берилаётган тавсияларга тўлиқ риоя қилсак вазиятни барқарор ушлаб қоламиз. Биз нафақат ўзимиз, оиламиз, яқинларимиз, балки ҳар бир инсон саломатлиги учун масъул эканимизни унутмаслигимиз керак. Биздан тиббиёт ходимлари тавсияларини бажариш талаб қилинади, холос. Зиммамизга бошқа ҳеч қандай вазифа юклатилаётгани йўқ.

Аммо шу оддийгина тавсияларни бажаришдан ҳам бўйин товлашга уринаётган одамлар учраётгани кўнгилни хира қилади. Масалан, 25 мартдан эътиборан тиббиёт ниқоби тақиб юрмаган кишиларга нисбатан жарима жазоси тайинланиши белгилаб қўйилди. Бироқ, афсуски, орамизда шунга ҳам пашшадан фил ясайдиганлар топилаяпти. Ваҳоланки, ниқоб учун ҳатто пул ҳам керакмас. Оддийгина докадан тикиб олсангиз ҳам бўлади. Шу орқали биринчи навбатда ўзингизни асраган бўласиз. Оддийгина ниқоб қанчадан-қанча харажатларнинг, кулфатларнинг олдини олади. Шунинг учун тиббиёт ниқоби тақиш лозим. Аммо одамлар турфа. Кимгадир бир гапни яхши гапириб, яна кимгадир дўқ-пўписа, бошқа бировига эса фақат "мол аччиғи, жон аччиғи" қабилида уқтириш мумкин. Фақат жарима ёки жазо муқаррарлигини билсагина гапга кўнади. Ҳурматини билади. Шундай кишилар орамизда қанчалигини билмоқчи бўлсангиз, кўчадаги 24 мартдаги ва бугунги ҳолатни солиштириб кўринг. 24 мартда кўчада мен учратган одамларнинг қарийб 30 фоизида ниқоб йўқ эди. Улар азбаройи жарима тўламаслик учун тақди ниқобни. Мана, нима учун жарима белгиланди. Ким бўлса ҳам ҳурматини билиши учун. Пировардида ўзини ва  ўзгаларни асрашга ҳисса қўшиши учун.

Ваҳиманинг "уя"си қаерда?

Бугун бозорлар ва савдо комплексларида нарх-навонинг асоссиз ва сунъий равишда оширилишига йўл қўймаслик, айниқса бирламчи ва асосий турдаги маҳсулотлар баҳоси мўътадиллигини сақлаб туриш мутасадди ташкилотлар томонидан назоратга олинган. Бундай шароитда инсофли, диёнатли тадбиркорларимиз маҳсулотларни арзон сотиш билан бирга турли акциялар ташкил этиб, аҳолининг кам таъминланган қатламларига ёрдам қўлини чўзишга интилаётгани қувонарли ҳолдир.

Масалан, Қарши шаҳридаги "Нахшаб дарвозаси" деҳқон бозори ҳудудида оилавий тадбиркорлик  фаолияти билан шуғулланаётган Суҳроб Темировга қарашли тикувчилик цехида ҳар куни 7 мингтагача тиббиёт ниқоблари ишлаб чиқарилмоқда. Тадбиркорнинг онаси Муҳаббат Қувондиқованинг айтишича, маҳсулотнинг бир қисми бозор ҳудудида бепул тарқатилиши йўлга қўйилган экан.

Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳар қандай вазиятдан ўз фойдасини қидирадиган айрим тадбиркорлар ҳам учраяптики, аҳоли ўртасида юрган "савдо-сотиқ тўхтатилиши мумкин, нархлар кўтарилиб кетади" қабилидаги ваҳималарнинг уяси ҳам аслида ўшалар. Мисол учун, ўша бозор ҳудудида ва Қарши шаҳридаги марказий деҳқон бозорида картошкани 4500 сўмдан, пиёзни 3000 сўмдан пуллаётганлар топилади. Нега бунча қиммат, деб сўрасангиз, баҳонаси ҳам тайёр: "Ерқўрғон"дан фалон сўмдан олсак, устига йўл пули бор. Биз ҳам шунинг ортидан нон еймиз".

Аслида эса "Ерқўрғон" бозорида картошка 3500, пиёзнинг эса зўри 2000 сўмдан сотилаяпти. Демакки, бу ердаги айрим олибсотарлар бир килограмм маҳсулотнинг устига оз эмас, кўп эмас 1000 сўмдан устама қўйган.

Карантин туфайли давлат барча тадбиркорлик субъектларига, жумладан, бозорда олди-сотди билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорларга имтиёз берди, улардан олинадиган ижтимоий солиқ ставкаси тенг ярмига камайтирилди.     Шундай шароитда ҳам беш қўлини оғзига тиқишга уринаётган бундай олғирларнинг иши инсофнинг қайси меъёрларига тўғри келади?

Дорихонада нега ниқоб йўқ?

"Бугун тўртта дорихонага кириб, ниқоб тополмадим". Бу яқин кунларда энг кўп қулоққа чалинаётган гаплардан бири бўлиб қолди. Бу билан айрим гапуқмас кишиларга баҳона топилди. Аслида тиббиёт ниқоби тиббий жиҳозлар рўйхатига кирмайди ва у дорихоналарда бўлиши мажбурий эмас. Уни дорихоначилар сотишга мажбур ҳам эмас. Лекин уларга илтимосим бор: келинг, сотиш учун албатта ниқоб келтириб қўйинг. Сизнинг дорихонангизда ниқоб йўқлиги қайсидир ваҳимачининг тегирмонига сув қуймасин. Ниқоб сотиб фойда қилмасангиз ҳам зарар қилмайсиз-ку.

Эндиликда тиббиёт ниқобини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ҳамда уни реализация қилиш учун лицензия талаб этилмайди. Шунингдек, тиббиёт ниқоби амалиётда қўллаш учун давлат рўйхатидан ўтказилмайди. Аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш учун шахсий ҳимоя   воситалари билан таъминлаш ва тиббиёт ниқоби тақчиллигининг олдини олиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кенг имконият яратиш мақсадида жорий этилган мазкур тартибдан айни пайтда тадбиркорлар самарали фойдаланмоқда. Биргина вилоятимизнинг ўзида тиббиёт ниқоби ишлаб чиқараётган юзлаб тадбиркорлик субъектлари мавжуд ва дорихоналарда йўқлиги ниқоб тақмай юришга асос бўлолмайди. Бундан ташқари, юқорида таъкидлаганимиздек, тўрт энлик докадан ҳам ниқоб ясаса бўлади. Бунга озгина ҳафсала ва бир неча дақиқа керак, холос.

Кўриниб турибдики, ваҳимачиларнинг гапи асоссиз. Сиз ҳам уларнинг дийдиёларига учманг. Зеро, ваҳима ҳам юқумли. Буюк алломамиз Абу Али ибн Сино айтганидек, унинг "ўзи ярим касаллик, хотиржамлик ярим соғлик. Сабр эса шифонинг бошланишидир". Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Толиб ТЕМИРОВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!