Меню
Қашқадарё
ҒУЗОРЛИК "АБУ ХУСЕН" ЁХУД ЎЗ ОЁҒИГА БОЛТА УРГАН ЙИГИТ
Ғузорлик Хусан Мирзаевни ҳам ана шундай инсонлар тоифасига киритиш мумкин.
Мирзаев Хусан Собирович - 1989 йилда туғилган. Маълумоти ўрта махсус. Бўйдоқ.
Хусан Мирзаев 2012 йилнинг октябрь ойида қонуний меҳнат шартномаси асосида Россия Федерациясининг Красноярский шаҳрига ишга борди. Аэропортда уни Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (ҳозирги Меҳнат вазирлиги) вакили бўлган масъул ходим кутиб олиб, шартномада белгиланган иш ва ётоқхона билан таъминлади. У қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган заводда фаолият олиб борадиган бўлди.
Енгилнинг остидан, оғирнинг устидан ўтиб ўрганган Хусанга бу ердаги иш маъқул бўлмайди. Маъмурият томонидан ўзига бириктирилган вазифани бажариш ўрнига, шу ерда аввалдан ишлаётган йигитлар билан келишмовчиликларни бошлаб юборди. Шундан сўнг, худди шу ҳудудда бўлган бошқа бир заводга ишга ўтказилди. Аммо, асли ишга бўйин эггиси келмаган йигитга бу ердаги шароит ҳам маъқул тушмади. Ўзбошимчалик билан завод ҳудудини тарк этиб, бошқа шаҳарга йўл олди.
Ана ўша пайтдан бошлаб Хусан Мирзаев учун сарсон-саргардонлик кунлари бошланди. Икки йил давомида иш излаб Россиянинг турли ҳудудларини кезиб чиқди. Топилган ишнинг бири қийин туюлса, бирининг маоши қониқтирмасди. Ниҳоят, 2014 йилнинг май ойида ўзи истаганидек, кам ишлаб, кўп пул оладиган "иш" топди. Бу гиёҳванд моддалар савдоси эди.
Хусанга маълум кишилар бу моддани келтириб берар, у эса белгиланган жойга бориб, тегишли одамларга келишилган тарзда топширар ва бу хизмати эвазига яхшигина ҳақ оларди. Бир неча вақт давомида ана шу фаолият билан шуғулланиб, кайфу сафо қилиб юрган йигитнинг хурсандчилиги узоққа бормади. Гиёҳванд моддаларни сотаётган вақтида қўлга тушиб, суд ҳукми билан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Ва жазони ҳам Россияда ўтайдиган бўлди.
Одатда, жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган маҳкумлар ҳам ўзининг намунали хулқ-атвори билан турли енгилликларга, имтиёзларга эга бўлиши мумкин. Хусан эса аксинча, белгиланган ички тартиб-қоидаларга бўйсунмагани оқибатида янада қаттиқроқ назорат остида сақланадиган бўлимга ўтказилади.
Бу ерда у турли миллатга мансуб бир неча кишилар таъсири остида гўёки намоз ўқишни ўрганди, улар томонидан ўтказиладиган "йиғин"ларнинг фаол иштирокчисига айланди. У ҳудди манқурт мисоли "раҳномолари" томонидан миясига сингдирилган "ҳижрат қилиш керак", "Суриядаги мусулмон биродарларимизга ёрдам бериш лозим" деган гапларни тўтидек такрорлар, муассасада жазо муддатини ўтаётган бошқа йигитларни ҳам бу ишга ундарди. Шу билан биргаликда, уяли телефон аппарати воситасида (Россиядаги маҳбуслар алоқа воситаларидан фойдаланишлари мумкин) "Одноклассники.ru" ва "ВКонтакте" ижтимоий тармоқларида "Абу Хусен" ва бошқа шу каби номлар билан махсус профиллар очиб, жиҳод ва ҳижратга чорловчи маърузалар, сурат ва видеороликларни тарғиб қила бошлайди.
Ижтимоий тармоқлар орқали Суриядаги жангари гуруҳлар аъзолари билан мулоқот ўрнатиб, қандай қилиб у ерга бориш мумкинлиги ҳақидаги маълумотларни олади. Режа бўйича жазони ижро этиш муассасасидан чиқиб, Сурияга йўл олмоқчи эди.
Ниҳоят, Хусан Мирзаевнинг жазо муддати тугаб, аввалига Томск шаҳрида жойлашган депортация марказига, бу ердан эса Ўзбекистонга жўнатилди.
Хусан ўз қилмишини қанчалик яширишга уринмасин, сир барибир ошкор бўлди. Ижтимоий тармоқлардаги Суриядаги жангариларга ёрдам беришга, улар сафига бориб қўшилишга чорловчи профилларнинг эгаси айнан у экани аниқланди.
Ҳар қандай қилмишнинг жавоб бермоғи бор. Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг очиқ суд мажлисида Хусан Мирзаев томонидан содир этилган жиноят иши кўриб чиқилиб, унга нисбатан 5 йилу икки ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Турли хил ёлғон сафсаталарга учиб, ўз юрти тинчлиги, осудалигига қарши фаолият олиб борган шоввоз бу иши билан аввало ўз оёғига ўзи болта урди. Энди эса умрининг энг навқирон йилларини тиканли симлар ортида ўтказишда давом этади.
Ж.ҚИЛИЧЕВ