Меню
Қашқадарё
Ғузорда жорий мавсумда 2 минг гектар пахта майдонлари томчилатиб суғорилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ғузор туманида жорий йилда 1200 гектар майдонга сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш прогноз кўрсаткичи белгилаб қўйилган бўлса, фермер хўжаликларининг талабига асосан ушбу кўрсаткич 2 минг гектарга етказилиши режалаштирилган.
Ҳокимликка кўра, туманда томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатиш бўйича дастлабки ишлар бошлаб юборилди.
Хусусан, М.Раҳмонов, Истиқлол, Охунбобоев, А.Турсунов ҳамда Янгикент ҳудудларидаги фермер хўжаликларининг пахта майдонларини томчилатиб суғориш учун зарур ускуналарни ўрнатиш, ҳандақларни қазиш ва қувурларни ётқизиш ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш ўринли, Президент қарорига кўра, 2021 йил якунига қадар республика бўйича камида 160 минг гектар пахта, 30 минг гектар мевали экинлар, 15 минг гектар узум ва 5 минг гектар бошқа экинлар етиштириладиган майдонларда томчилатиб суғориш, 14 минг гектар донли экинлар, 2 минг гектар сабзавот ва полиз ҳамда 2 минг гектар озуқабоп экинлар етиштириладиган майдонларда ёмғирлатиб суғориш, 600 гектар пахта етиштириладиган майдонларда дискретли суғориш технологияларини жорий қилиш, 200 минг гектар экин майдонларида, шундан 43 минг гектар шоли етиштириладиган майдонларда лазерли ускуна ёрдамида текислашни ташкил этиш белгиланган.
Сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган субсидия миқдори қишлоқ хўжалиги экин тури, суғориш технологияси ва ернинг бонитет баллидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади. Бунда томчилатиб суғориш тизимлари учун гектарига 8 миллион сўмдан субсидия ажратилиши кўзда тутилган.