Меню

Қашқадарё

07.01.2022 1631

ҒУЗОРДА ҚУЁШ ФОТОЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИНИ ҚУРИШ БЎЙИЧА ТЕНДЕР ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

Энергетика

Мамлакатимиз энергетика вазирлиги Ғузор туманида қуввати 300 мегаваттгача бўлган қуёш фотоэлектр станциясининг қурилиши лойиҳаси доирасида мустақил электр энергияси ишлаб чиқарувчилар учун тендер босқичи бошланганлигини эълон қилди.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати томонидан Осиё тараққиёт банки (ОТБ) кўмагида амалга оширилаётган умумий қуввати 1 гигаватт бўлган қуёш  фотоэлектр станцияларини қуриш дастури доирасидаги иккинчи лойиҳа ҳисобланади.

Мазкур дастур энергетика, молия, инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари ҳамда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан ҳаётга татбиқ этилиб, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш ва 2030 йилга қадар мамлакатимизда электр энергиясига ўсиб бораётган талабни қондириш учун 7 гигаваттгача қуёш энергиясини ишлаб чиқариш бўйича стратегиянинг асосий таркибий қисмларидан бири саналади.

- Танлов ғолиби томонидан Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 300 МВтгача қувватга эга қуёш   фотоэлектр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, ундан 25 йил давомида фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатишни амалга оширилиши кутилмоқда, - дейилади матбуот хизмати хабарида. - Лойиҳа  доирасида инвестор лойиҳа ер майдони ёнида жойлашган 500 кВ кучланишли "Ғузор" подстанциясигача электр узатиш тармоғини ҳам қуриши керак бўлади. Ушбу лойиҳа ОТБ билан юқорида келтирилган қўшма дастур доирасидаги биринчи лойиҳада - 457 мегаватт қувватга эга Шеробод қуёш фотоэлектр станциясини қуришда қўлланилган илғор халқаро амалиётга мувофиқ рўёбга чиқарилади.


Таъкидланишича, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда энергетика соҳасида амалга оширилаётган муҳим ислоҳотларни илгари суриш, шунингдек, мамлакатимизда қуёш энергиясидан фойдаланишни ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда.


Хусусан, ОТБ экспертлари 2014 йилда қуёш энергетикасини ривожлантириш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқишда, Ўзбекистоннинг қуёш салоҳиятини баҳолаш бўйича бир қанча  тадқиқотларни амалга оширишда қатнашган. Умумий қуввати 1 гигаватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш дастури доирасида Ўзбекистон ҳукуматининг талабларига биноан халқаро стандартлар асосида тендер савдоларини ўтказиш учун ОТБнинг консалтинг хизматларидан фойдаланилади.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!