Меню
Қашқадарё
Ғузорда “Обод қишлоқ” дастури бажарилмади, натижада ҚВП биноси ҳам хароблигича қолди
“Qashqadaryo” газетасининг 2020 йил 10 ноябрь сонида “Ўлганнинг устига тепишдими? Ёхуд аввалдан хароб ҚВП энди томсиз ҳам қолди...” сарлавҳали мақола эълон қилинган, унда Ғузор туманидаги Қовчин қишлоқ врачлик пункти биноси анча таъмирталаб, хароб аҳволга келиб қолгани, бу аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга ҳам таъсир этаётгани таъкидланганди. Мақолага вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати қуйидагича муносабат билдирди:
“Ғузор туманидаги Қовчин қишлоқ врачлик пунктининг икки қаватли, “типовой” биноси 1986 йилда 60 ўринли қишлоқ участка шифохонаси сифатида қурилган. Бугунги кунгача таъмирланмаган. 2020 йилги “Обод қишлоқ” дастури доирасида бинонинг капитал таъмирланиши режалаштирилган эди. Бу борада лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ тайёрланди. Аммо дастур амалга оширилмади.
Бу борада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Ғузор тумани ҳокимлигига хат берилиб, унда ҚВП биноси ўта таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги баён этилиб, таъмирлаш учун маблағ ажратишда амалий ёрдам сўралган.
ҚВПнинг хизмат радиуси 14 километрни ташкил этади. Бу ерда 5 нафар шифокор, 29 нафар ўрта тиббиёт ходими 11 минг 200 кишига хизмат кўрсатиб келаётган эди. Бино ўта таъмирталаб ҳолатга келиб қолганлиги сабабли улар вақтинча шу яқиндаги, туман тиббиёт бирлашмаси балансидаги таъмирланган бошқа бинога кўчирилди.
Мазкур ҚВП биносини капитал таъмирлашни 2021 йил инвестиция дастурига киритиш учун таклиф берилган”.