Меню

Қашқадарё

11.08.2016 2518

Ғузор тумани: ТАРИХИ ЗАЛВОРЛИ, БУГУНИ ФАЙЗИЁБ, КЕЛАЖАГИ БУЮК МАНЗИЛ

Маълумки, Ғузор қадимда Ҳузор номи билан аталиб, кўҳна Насаф ва Кеш каби тамаддунда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган. Ат-Табарий, Истахрий, Самъоний, Ёқут каби ўнлаб муаррихлар асарларида бу ер Буюк ипак йўлининг йирик манзилларидан бири бўлганлиги, Ҳузорда бунёдкорлик, савдо-сотиқ, ишлаб чиқариш, зироатчилик, чорвачилик ривож топганлиги, мазкур манзилда илмли, мард ва танти инсонлар умргузаронлик қилганлиги айтилади.

Истиқлол шарофати билан халқимизнинг, жумладан, Ғузор элининг азалий қадрияти бўлган бунёдкорлик, яратувчанлик иштиёқи қайта бўй кўрсатди. Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бу қадриятлар янгича маъно ва мазмун билан бойимоқда.

МЎЪЖИЗА ҒУЗОРДАН БОШЛАНАДИ

“Шайбонийнома” асаридаги қуйидаги мисраларга эътибор қаратинг:

Сўрдиким, қайда эрур шаҳри Ҳузор,

Ким тошинда бор эмиш элга ҳисор...

Ичию тоши бори тўп-тўла мол,

Теваю от бирла моломол.

Истиқлол халқимизга ўша асарда таъкидлаб ўтилган “тўп-тўла мол”дан унумли, оқилона фойдаланиш, уларни ўзимиз учун, фаровон ҳаётимиз учун тасарруф этиш имконини берди.

Бир пайтлар “Шўртаннефтгаз”да бир йилда 0,5 миллиард куб метр газ ишлаб чиқарилган, унинг ҳам асосий қисми иттифоқчилик деган ниқоб остида қаерларгадир ташиб кетилган бўлса, бугунги кунга келиб, бу ерда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми қирқ баробардан ошиб кетди. Корхона қошида ўнлаб янги конлар очилди. Олтингугурт олиш қурилмаси йилиги ўрта ҳисобда 3-3,5 минг тонна кимё саноати ва қишлоқ хўжалиги учун зарур хомашё – олтингугурт бермоқда. Аҳоли эҳтиёжини қондириш ва газ билан ишлашга мўлжалланган транспорт воситалари учун зарур бўлган суюлтирилган газ маҳсулотлари ҳажмини ошириш мақсадида бир нечта пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмалари ўрнатилди. Мазкур корхонада айни пайтда ҳам бир неча хорижий ҳамкорлар билан биргаликда кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқдаки, улар, ҳеч шубҳасиз, эртанги кунимиз бугунгидан-да, тўкин бўлиши учун хизмат қилади.

2001 йилда туман ҳудудида Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишга туширилиши яна бир оламшумул воқеа бўлди. “Ҳеч шубҳа йўқки, дунёда камдан-кам барпо этилган, керак бўлса, собиқ иттифоқ ҳудудида ягона бўлган, жаҳондаги энг замонавий технология ва техник ускуналар билан жиҳозланган мана шундай улкан мажмуанинг ишга туширилиши, - деган эди Юртбошимиз корхонанинг очилишига бағишланган тантанали маросимда, - наинки, Қашқадарё воҳаси салоҳиятини айни пайтда бутун мамлакатимизнинг индустрия қудратини янги босқичга кўтаришга беқиёс ҳисса қўшади”.

Шундай ҳам бўлди. Буни биргина рақамнинг ўзиёқ яққол кўрсатиб бера олади. Ўн олти йил илгари, яъни 2000 йилда Ғузорда жами 1 миллиард 90 миллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2015 йил якунларига кўра бу кўрсаткич 1 триллион 982 миллиард 29 миллион сўмга етди. Бу шу даврда туманда саноат соҳасида оз эмас, кўп эмас, нақ 1818 баробар ўсишга эришилди дегани. Мазкур корхона фаолиятини кенгайтириш, янги ишлаб чиқариш линиялари ташкил этиш борасида яна бир қатор янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқдаки, бу лойиҳаларнинг рўёби юқорида қайд этилган кўрсаткичлар тез орада геометрик прогрессия тарзида ўсишига хизмат қилади.

Иқтисодиётимизнинг таянчларидан бўлган бу корхоналар томонидан нафақат Ғузорда, балки вилоятимизнинг барча ҳудудларида   бозор ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқдаки, бир қанча халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш корхоналари, боғлар, хиёбонлар, равон ва текис йўллар, маҳалла гузарлари, турар жой бинолари шуларнинг ҳосиласидир.

Мустақиллик йилларида яна бир ноёб иншоот “аср мўъжизаси” дея ном олган Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўл линияси ишга туширилдики, унинг Ғузордан бошланиши туманда барча соҳаларнинг ривожи учун нақадар муҳим аҳамият касб этганини сўз билан ифодалаб бўлмайди.

“ФАУНАКЛАСС”НИНГ “КЛАССИК” МАҲСУЛОТЛАРИ

Тарихий манбаларда Ғузор эли тадбиркор эл бўлгани, бу ҳудудда ишлаб чиқариш, яъни ҳунармандчиликнинг кўпгина турлари ривожлангани, катта-катта маҳаллалар, қишлоқлар аҳли ҳунармандчиликнинг махсус бир тури билан шуғуллангани айтилади. Истиқлол туфайли тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилгани тадбирли элнинг ғайратига ғайрат қўшди. Бугун ҳудудда 830 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг 91 тасида саноат, 132 тасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланилаётган бўлса, 101 та жамоа бунёдкорлик ишлари билан банд. Қолган 506 тасида савдо, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш, сервис ҳамда ҳунармандчиликнинг бир қатор турлари билан шуғулланилмоқда. Туманда иш билан банд бўлган аҳолининг 69,7 фоизи кичик бизнес субъектларида фаолият кўрсатмоқда.

Ана шундай кичик бизнес субъектларидан бири “Фаунакласс” масъулияти чекланган жамияти бўлиб, корхона жамоаси аҳолига нон ва нон маҳсулотлари етказиб бериш ҳамда сутни қайта ишлаш билан шуғулланади. Бугунги кунда корхонада 5 киши иш билан таъминланган. Хориждан келтирилган замонавий печ бир кунда 5000 донагача нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Сутни қайта ишлаш цехида эса сут, кефир, сариёғ ва қаймоқ ишлаб чиқарилмоқда.

Жамият аъзолари истеъмол бозорига “Классик” савдо белгиси остида 2015 йилда жами 421 миллион 132 минг сўмлик, 2016 йилнинг олти ойи мобайнида эса 282 миллион 440 минг сўмлик маҳсулот етказиб беришди.

- Собиқ тузум даврида тадбиркорга чайқовчи деб қаралган ва доимий таъқиб остига олинган, - дейди МЧЖ раҳбари Раҳмонқул Тўраев. - Тадбиркорлик ҳалол касб эканини, у эл-юрт равнақи, фаровонлиги учун хизмат қилишини замоннинг ўзи кўрсатиб берди. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб аҳолига сифатли маҳсулотлар етказиб беришга ҳаракат қилаяпмиз. Мижозларимиз бундан хурсанд. Даромадимиз ҳам чакки эмас. 2015 йилни 80 миллион сўмдан ортиқроқ соф фойда билан якунладик. Жорий йилдан ҳам умидимиз катта. Олаётган фойдамиз ҳисобидан ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришни, иш ўринлари сонини кўпайтиришни мўлжаллаб турибмиз.

Раҳмонқул Тўраев сингари тадбиркор кишиларнинг саъй-ҳаракати билан туманда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми ўсиб бораяпти. Мисол учун 2000 йилда туманда бор-йўғи 235 миллион сўмлик халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилган бўлса, 2015 йилга келиб бу рақам қарийб 122,5 баробарга ўсди ва 28 миллиард 783 миллион сўмни ташкил этди. Хизматлар турлари кенгайди, савдо расталаридаги бир пайтлардаги ғариблик ўрнини бугун мўл-кўлчилик банд этди.

НАВБАТ ИШЛАБ  ВА ЭКСПОРТГА

Ғузорликлар зироатчи эл. Буни, айниқса, тумандаги “Тўра бобо” фермер хўжалиги даласида бўлган киши дарров фаҳмлайди. Экилган ғўзада 50 тагача кўсак бор. Кўпи мўл ҳосилдан дарак берувчи бўлиқ кўсаклар. Чигитига махсус препарат ёрдамида ишлов берилиб экилган бу ғўзалар “чеканка” талаб қилмас, чилпиш даври келганда яна препарат ёрдамида ўсишдан тўхтатиш мумкин экан. Шу боис фермер жорий йилда пахтадан ҳосилдорликни ҳар гектаридан 50 центнердан оширишни мўлжаллаб турибди.

- 40 гектар ерда ғалла парваришлаб, гектаридан 65 центнердан ошириб ҳосил кўтардик, - дейди фермер Тўхтамурод Тўраев. – Ғўзанинг “Порлоқ-1” навини етиштираяпмиз ва бўлиқ кўсаклар маррани янада каттароқ олишимизга умид бағишлаяпти. Ғалладан бўшаган майдонларнинг бир қисмига чорвага озуқа бўлиши учун маккажўхори экдик. 10 гектар ерда эса мош парваришлаяпмиз. Мошнинг фойдали жиҳати шундаки, у нафақат ўзини, балки ерни ҳам азот билан таъминлайди. Бу кейинги йил ҳосили учун мустаҳкам замин ҳозирлайди. Қолаверса, гектаридан 20-25 центнергача ҳосил беради. Уни экспортга йўналтиришни мўлжаллаб турибмиз.

Фермер хўжалиги аъзолари фаолият турларини кенгайтиришга катта эътибор қаратишган. Шу мақсадда хўжаликка 2011 йилда 40 бош қорамол олиб келинганди. Бугунги кунга келиб уларнинг сони 200 бошдан ошди. Фермер хўжалиги жамоаси истеъмол бозорига ҳар йили 10-15 тонна гўшт, яна бир неча тонна сут етказиб бермоқда. Хўжаликда 500 бошдан ортиқ қўй-қўзи парвариш қилинаяпти.

- Кўп тармоқ кўпроқ даромад келтиришини амалда кўрдик, ишонч ҳосил қилдик, - дейди Тўхтамурод Тўраев. – Шу боис фаолиятимизни янада кенгайтиришни мўлжаллаб турибмиз. Сут ва гўштни қайта ишлашни йўлга қўймоқчимиз. Бундан ҳам даромадимиз ортади, ҳам қўшимча иш ўринлари яратиш имконига эга бўламиз.

Мамлакатимизда фермерлик ҳаракатига қишлоқ тараққиётида ҳал қилувчи куч сифатида эътибор қаратилаётгани, фермер хўжаликларига кенг имтиёз ва енгилликлар берилаётгани, қолаверса Тўхтамурод Тўраев сингари миришкорларнинг фидокорона меҳнати туфайли туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Агар 2000 йилда ҳудудда 6 миллиард 129,7 миллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2015 йилга келиб бу рақам 234 миллиард 711 миллион сўмликка етди.

ЁШЛАР ШИЖОАТИГА ҚАНОТ

Дарҳақиқат, 80-йилларнинг иккинчи ярмида республикадаги мактабларнинг 700 га яқини тезлик билан таъмирланишга муҳтож ҳолатда бўлиб, халқ таълимини маблағ билан таъминлаш масаласи ўлда-жўлда эди. Халқ таълими, олий таълим тизимида сусткашлик, фоизбозлик иллатлари чуқур илдиз отиб, миллий жиҳатлар инобатга олинмасди. Республикамизда туғилиш кўп бўлгани ҳолда, мактаблар, уларнинг ўқув-моддий базаси етишмасди. Мактабларнинг ўқитувчилар билан таъминланиши ҳам етарли даражада бўлмаган.  Биргина вилоятимизнинг ўзида 219 та мактаб авария ҳолатида бўлиб, уларнинг бир қанчаси Ғузор туманида жойлашганди.

 

Истиқлол йилларида таълим тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли туманда 20 та янги мактаб қурилди. 34 та мактабда капитал реконструкция ишлари амалга оширилди, қолганлари капитал ва жорий таъмирланди. Мактабгача таълим муассасалари сони 8 тадан 26 тага етди. 8 та ўрта махсус, касб-ҳунар коллежи барпо этилди. Таълим муассасаларининг барчаси замонавий ўқув жиҳозлари ва асбоб-ускуналар билан таъминланди. Бу имкониятлар азалдан илмга ошно ва ташна элнинг болаларига куч берди, қанот берди.  Яратилган шароитлар бугун ғузорлик педагоглар, уларнинг шогирдлари қўлга киритаётган ютуқларда ўз ифодасини топмоқда.

Истиқлол йилларида ғузорлик ёшлардан 4 нафари фан доктори, профессор унвонига, 3 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендиясига сазовор бўлди. 2 нафар педагог Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, 1 нафари эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи унвонига муносиб кўрилди. Ўқитувчиларнинг 12 нафари Ватанимизнинг юксак мукофотлари – орденлар билан, 14 нафари медаллар билан тақдирланди. 57 нафар ўқитувчи халқ таълими аълочиси кўкрак нишонига муносиб деб топилди.

-Туманимиз ёшлари ҳар йили мамлакатимиздаги мактаблар ўртасида ўтказиб келинаётган фан олимпиадалари, билимлар беллашуви ва бошқа турли кўрик-танловлар, мусобақаларда муносиб иштирок этиб келмоқда, - дейди туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими бош мутахассиси Баҳром Дўстқобилов. – Буни халқ таълими вазирлиги томонидан олиб борилаётган мониторинг натижалари ҳам яққол кўрсатиб турибди. 2010/2011-ўқув йилида туманимиз бу рейтингда 194 та шаҳар ва туман орасида 159-ўринда қайд этилган бўлса, 2015/2016-ўқув йилида 5-поғонага кўтарилишга эришдик.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, мониторинг натижалари бўйича рейтинг мактаблар кесимида ҳам юритилади. Мазкур рейтингда 2015/2016-ўқув йили натижаларига кўра тумандаги 68-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати республикада 2-ўринда қайд этилди.

Ғузорда спорт соҳасида ҳам катта ўзгаришлар бўлганини, бу ўзгаришлар ўзининг юксак самараларини бераётганини алоҳида қайд этмасликнинг сираям имкони йўқ. Мустақиллик йилларида бу ерда 8 та жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган стадион, 4 та сунъий қопламали мини-футбол майдончаси, 2 та спорт мажмуаси барпо этилди. Мактаблар қошида 38 та спорт зали қурилди. Бугун юздан ортиқ спорт объектлари аҳоли билан гавжум.

Истиқлол йилларида тумандан 3 нафар жаҳон чемпиони, ўнлаб Осиё ва мамлакат чемионлари чиқди. Туманнинг “Шўртан” клуби ва хотин-қизлар футбол жамоаси мамлакат чемпионати олий лигасида иштирок этмоқда.

Яқинда ғузорликларга Италиядан хушхабар келди. Гандбол бўйича мазкур мамлакатда ўтказилган жаҳон кубоги баҳсларида иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада 1-ўринни эгаллади. Терма таркибида ғузорлик Санжар Аҳмедов ишончли ҳаракат қилиб, ютуққа муносиб ҳисса қўшгани тумандошлари қувончига қувонч қўшди.

ЗАМОНАВИЙ ШИФОХОНА ВА ХИЗМАТ

Истиқлол йилларида хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аҳоли саломатлиги йўлида қайғуриш устувор вазифага айланди. Буни Ғузор тумани мисолида кўрадиган бўлсак, 25 йил ичида ҳудудда мутлақо янги талаблар асосида фаолият кўрсатадиган 31 та қишлоқ врачлик пункти ташкил этилди. Шулардан 11 тасининг биноси янгидан қурилган бўлса, мавжудлари тубдан реконструкция қилинди. Туман марказий шифохонаси ва марказий поликлиникада ҳам  бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган. 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига қурилаётган янги бинолар кўркам ва шинам. Улар энг сўнгги, замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланмоқда. Туман марказида истиқомат қиладиган Абдурауф бобонинг таъбири билан  айтганда, шифохонага “фақат киноларда кўрсатадиган аппарат”ларгача келган.

 

-Бу аппарат – замонавий кардиомонитор, - дейди шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими бошлиғи Ҳасан Ҳасанов. - У беморнинг қон босими, юрак уриши, тана ҳароратини доимий назоратда тутади. Инорузомат аппарати эса беморга дори воситаларининг белгиланган миқдорда юборилишини таъминлайди. Яна шундай тиббий ускуна ва жиҳозлар борки, беморларга керак бўлган миқдорда кислород юборади, унинг саломатлигидаги ўзгаришларни дарҳол аниқлайди. Бу ускуналар шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига олиб келинган беморларга аниқ ташхис қўйиш ва малакали даволаш ишларини олиб боришда қўл келмоқда.

Туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, уларнинг турли юқумли касалликларга чалинишининг олдини олиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган турли тадбирлар қўл келаяпти.

- Якунига етган патронаж ойлиги давомида 31585 та хонадонни қамраб олишга эришдик, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Шоҳиста Мирзаева. – Бунда ўзгалар парваришига муҳтожлар, фертиль ёшидагилар, ҳомиладорлар, 1 ёшгача боласи бор аёллар, сурункали диспансер назоратидагиларни тиббий кўрикдан ўтказишга алоҳида аҳамият қаратилди. Аҳолига турли юқумли касалликлардан ҳимояланиш бўйича тавсиялар берилди.

Амалга оширилаётган бу каби ишлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Ўтган йигирма беш йил ичида туманда гўдаклар ўлими билан боғлиқ ҳолатлар қарийб 6 баробарга камайди. Одамларнинг ўртача умр кўриш бўйича кўрсаткичи кескин ошди. Ҳудудда қорин тифи, дифтерия, шол каби юқумли  хасталиклар батамом тугатилди.

ФАРОВОНЛИК КЎЗГУСИ

Бугун ғузорликлар мана шундай яшашаяпти. Яратиш, яшнатиш иштиёқи билан изланишаяпти. Бу туманнинг бугунги ва кечаги қиёфасини солиштирганда яққол намоён бўлади. Энди туманда 1-2 та эмас, нақ 18 та тўйхона бор. Масалан, Қарши-Шаҳрисабз йўли ёқасида, Тоҳир-Зуҳра мажмуаси яқинида қад ростлаган “Тоҳир-Зуҳра” тўйхонаси залвори туман аҳолисининг диди нечоғлик юксаклигидан далолат беради. 1999 йилда “Олтин тўп” соҳиби бўлган дунёнинг буюк футболчиси Ривалдонинг эътирофи ҳам бу дидга ўзига хос баҳо берганди - у Ғузордаги стадионни маза қилиб футбол ўйнайдиган майдон деб таърифлаганди.

Мустақиллик йилларида туманда бу каби эътирофга арзирли юзлаб иншоотлар, масканлар барпо этилдики, туман элига бу шижоатни, бунёдкорлик руҳини Истиқлол берди. Президентимизнинг қатъияти, илҳомбахш ғоялари уларни ислоҳотларнинг ёрқин уфқлари сари бошлади.

Толиб ТЕМИРОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!