Меню

Қашқадарё

25.09.2020 1565

Ғузор – Регар электр узатиш тармоғи қайта қурилади. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 25 миллион доллар

Энергетика ва сув ресурслари мувозанатини сақлаш, истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш борасида Тожикистон Республикаси билан ҳамкорликда бир қатор инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан “Ўзбекистон Республикасида 500 кВли Ғузор – Регар (Л-507) электр узатиш тармоғини тиклаш” инвестицион лойиҳаси шулардан биридир.

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги расмий сайтида хабар берилишича, лойиҳа доирасида 500 кВли Ғузор – Регар (Л-507) электр узатиш тармоғининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги 63 километр узунликдаги қисми қайта қурилади. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 25 миллион АҚШ долларни ташкил этади.

Халқаро тендер танловлари натижаларига кўра, Хитой Халқ Республикасининг “Shanghai Electric Power Transmission & Distribution” компанияси ғолиб деб топилди ва мазкур инвестицион лойиҳа ушбу компания билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Лойиҳа Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси баённомаси асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳа Ўзбекистон ва Тожикистон энергия тизимларининг паралелл ишлаши вақтида электр энергияси ишончлилигини таъминлашга хизмат қилади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!