Меню

Қашқадарё

08.07.2017 2081

“ҒУЗОР-ЧИМ-КЎКДАЛА” АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛИНИ ҚУРИБ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИШ МУДДАТИ УЗАЙТИРИЛДИ

Айтиш жоизки, айрим сабабларга кўра ушбу лойиҳани ўз муддатида амалга ошириш кечикаётганди. Жорий йилнинг 26 май куни давлатимиз раҳбари томонидан бу лойиҳани реализация қилишни тезлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарор қабул қилинди.

Қарорда таъкидланишича, лойиҳани молиялаштиришда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Абу-Даби ривожланиш фонди позицияларининг мос эмаслиги боис йўлнинг 38 километри (0-38 км)ни реконструкция қилиш ишлари маҳаллий пудратчилар томонидан Респубика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан бажарилаяпти. Халқаро миқёсда таклифлар бўлмагани сабаб Саудия ривожланиш фонди ва Қувайт араб иқтисодий ривожланиш фонди розилигига кўра йўлнинг қолган қисмини қуриш бўйича тендер танловлари маҳаллий пудратчилар иштирокида ўтказилган. Танлов натижаларига кўра, “Global Road” МЧЖ, “Istiqlol yol qurilish ta’minot korxonasi” ХК, “Насаф темир йўл комплекс қурилиш” ХК ва “Ziyo capital qurilish” МЧЖ каби ташкилотлар “Ғузор-Чим-Кўкдала” йўлининг 35 километрини реконструкция қилишга киришган. Қурилиш ишлари 2016 йил 14 августга қадар тугалланиши режалаштирилган. Бироқ ноқулай об-ҳаво шароитлари ва бошқа омиллар сабаб лойиҳанинг белгиланган муддатда бажарилиши ортга сурилганди.

Президент қарорида келтирилишича, Республика йўл жамғармаси томонидан пудратчи ташкилотлар ва муҳандис-консультант билан биргаликда йўл қурилиш ишларини 2018 йилнинг 1 ноябригача муддатда тугаллашни сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва график ишлаб чиқилган. Ушбу қарорга асосан, лойиҳада қатнашаётган пудратчилар ўз зиммасига олган мажбуриятларини вақтида бажармаган ҳолда уларга қатъий жавобгарлик чораларини қўллаш кўзда тутилган. Шунингдек, мазкур лойиҳани амалга оширишнинг узайтирилган муддатида аввал назарда тутилган солиқ ва божхона имтиёзлари сақланиб қолиши қайд этилган.

 

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 15 май ҳолатида “Ғузор-Чим-Кўкдала” автойўлининг 28,4 километрида тупроқ полотносини ётқизиш, 6,4 километрида қум-шағал қатламли асосни тўшаш, 4 километрида асфальт-бетон қопламасини ётқизиш ишлари бажарилган. Қолаверса, мазкур йўналишда жойлашган 2 та кўприк реконструкцияси 60 фоизга ҳамда транспорт кесишмаси 90 фоизга адо этилган. Ҳозирги кунда бу ҳудудда кенг кўламли пудрат ишлар жадал суръатда давом эттирилмоқда.

М.ЖЎРАЕВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!