Меню

Қашқадарё

24.01.2020 1559

ҲУЖЖАТДА "ЎЛГАН" ДЕБ КЎРСАТИЛГАНИ УЧУН УЙСИЗ ҚОЛГАНИНИ АЙТГАН ФУҚАРОНИНГ МАҚСАДИ АСЛИДА ПУЛ УНДИРИШ ЭДИМИ?

"Уришгани учун кўзим кўрмай қолди", деган одамнинг болалигида кўзига чўп кириб кетган. Чироқчидаги чорва моллари эса бепарволик сабаб йўқолган экан

Брифинг

Булар ҳақида вилоят ички ишлар бошқармасида вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ташкил этилган брифинг чоғида маълум қилинди.

Хабарингиз бор, бир муддат илгари Қарши шаҳрида яшовчи Анвар Жавҳаров мансабдорлар эътиборсизлиги боис ҳужжатларда "1998 йил вафот этган" деб ёзилгани, натижада ўлим ҳақидаги ҳужжат ва турмуш ўртоғининг сохта ишончнома тайёрлаши оқибатида боридан айрилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Хўш, ушбу масала қандай якун топди?

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, журналист ва блогерлар қатнашган брифингда вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи ўринбосари А.Ҳамроев қайд этганидек, дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, Қарши шаҳрида яшовчи Анвар Жавҳаров шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи Ш.Шарипова унинг 2007 йил 5 апрелдан 2010 йил 16 июнга қадар Россия Федерациясида бўлганидан ҳамда 2011-2013 йилларда жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаганидан фойдаланиб, Қарши шаҳар нотариал идорасидан 2007 йил 19 мартда расмийлаштирилган ишончномага ёлғон маълумот ва ёзувлар киритиб, имзосини сохталаштирганини айтган. Шу орқали Ш.Шарипова судда унинг номидан иштирок этиб, ишончномадан уйнинг олди-сотди ҳужжатларини расмийлаштиришда фойдаланган ҳолда сотиб юбориб, 200 миллион сўмлик мулки ва уйга бўлган ҳуқуқини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аризада маълум қилинган.

Тергов ҳаракатлари, экспертиза хулосалари эса имзо ва ёзувлар А.Жавҳаров томонидан бажарилганини кўрсатган. Прокуратура масъул ходимининг айтишича, Анвар Жавҳаров турмуш ўртоғидан пул ундириш мақсадида турли мазмунда аризалар ёзиб келади. Буни қўшнилари ва қизлари ҳам тасдиқлашган. Унинг "ўлганлиги" ҳақидаги ҳужжатлар эса мудофаа ишлари бўлимидаги хато туфайли қайд этилган, бироқ бу фуқаро ҳаёти ва фаолиятига айтарли таъсир кўрсатмаган экан.

Натижада 2019 йил 8 октябрь куни Анвар Жавҳаровга нисбатан бирор жиноий оқибат юз бермагани, унинг аризасида кўрсатилган, собиқ турмуш ўртоғи Ш.Шарипова ва бошқа шахсларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмагани сабабли жиноят иши тугатилган.

Мазкур ҳолат бўйича журналистлар ўзларини қизиқтирган, хусусан, 1998 йилдан бери ҳужжатларга вафот этгани тиркалган фуқаро энди фирибгарга чиқиб қолаётгани, шу ҳужжатни тайёрлаган масъул ходимларга нисбатан чора кўрилган-кўрилмагани хусусидаги саволларни беришди.

Брифингда, шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган, Косон тумани Бешқўтон қишлоғида яшовчи ака-ука Мирзаевлар ўртасидаги жанжалли ҳолатлар, Чироқчи тумани Лангар қишлоғида чорва моллари ўғирлаб кетилаётганига оид жиноятларга ҳам ҳуқуқий баҳо берилди.

Ўрганишларга кўра, Бешқўтондаги ҳолат ўзаро тушунмовчилик орқасида юзага келган, бугунга келиб ака-укалар ўзаро ярашган. Лангарда эса мавсум пайти далага чиқариб юборилиб, уларга қарайдиган одам бўлмагани сабабли чорва моллари йўқолган. Видеомурожаатда "молим ўғирлаб кетилди" деган айрим фуқароларнинг эса амалда моли йўқолмаган. Ҳаммасига қишлоқ одамларининг бепарволиги сабаб.

Балки шундайдир, бироқ брифингга ўша мурожаатчиларнинг ўзлари ҳам таклиф этилганида, масала анча ойдинлашган, қўшимча изоҳларга ҳожат қолмаган бўларди.

Нима бўлганда ҳам бундай тадбирлар айрим саволларга жавоб топишда маълум аҳамиятга эга.

НАСРИДДИН

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!