Меню

Қашқадарё

15.08.2017 1715

ҲУЖЖАТДА ЙЎҚ, “ХИРМОН”ДА ҲОЗИР

Шуни ҳисобга олган ҳолда, барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомиллар соддалаштирилиб, тадбиркорларнинг моддий ва кредит ресурсларидан мақсадли фойдаланиши, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловлар бартараф этилиб, мазкур фаолиятга ноқонуний аралашганларга нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилди.

Бу каби имтиёзлардан самарали фойдаланган тадбиркор даромадини кўпайтириб, фаолиятини кенгайтираётган, шу билан бирга, мамлакат иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бўлса,  яратилган кенг имкониятларни четлаб ўтиб, ўз манфаатларини кўзлаб, тез бойиш истагида бўлган “тадбиркор”лар ҳам, афсуски, учраб турибди.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим тадбиркорлик субъектлари четдан товар олиб келишда тегишли ҳужжатда кўрсатилганидан ортиқча маҳсулот олиб киришга уринмоқда. Маълумки, бу божхона қонун ҳужжатлари бузилиши ҳисобланиб, ортиқча товар ва  бошқа моддий қийматликлар суд қарорига кўра давлат эгалигига ўтказилади.

Мазкур йўналишда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят божхоначилари томонидан 7 та қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, умумий қиймати 86,2 миллион сўмдан ортиқ ҳужжатда кўрсатилганидан ортиқча товар белгиланган тартибда давлат эгалигига ўтказилди.

Мисол учун, 2017 йил 6 июнь куни Россия Федерациясидан “Jobir eco natural” МЧЖ (корхоналар номи ва исм-фамилиялар ўзгартирилган) номига қиймати 8 минг 900 АҚШ долларига тенг бўлган тайёр маҳсулотни ҳимоя қилишга мўлжалланган, прессланган картондан ясалган профиллар келтирилди. Товарлар божхона кўригидан ўтказилиши учун ушбу корхонанинг божхона ишлари бўйича масъул ходими Ойбек Зойиров томонидан божхона юк декларацияси ва юк кузатув ҳужжатлари тақдим этилди.

Тегишли ҳужжатлар асосида ушбу товарлар божхона кўригидан ўтказилганда, божхона юк декларацияси ҳамда юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган маҳсулотдан қарийб 4 миллион сўмлик 2240 дона товар ортиқча эканлиги маълум бўлди.

Яна бир ҳолатда, 2017 йил 15 июнь куни Япония давлатидан “Azia Engineering” корхонасига қиймати    231 минг 609 АҚШ долларилик   эҳтиёт  қисмлар олиб келинди. Ушбу эҳтиёт қисмлар корхонанинг божхона ишлари бўйича масъул ходими  Алижон Атаев томонидан такдим этилган божхона юк декларацияси ва юк ҳужжатлари асосида божхона кўригидан ўтказилганда, қиймати 5,5 миллион сўмлик 8 дона пропан гази шланги, 50 дона пайвандлаш аппарати  пойнаги (наконечник) ва 5 дона DC амперметр тақдим этилган ҳужжатдагидан ортиқча олиб келингани аниқланди.

Якунда мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича тегишли суд органининг қарорлари билан корхоналарнинг масъул шахслари Ойбек Зойиров ҳамда Алижон Атаевга   нисбатан жарима жазолари тайинланиб, ҳужжатдагидан ортиқча 9,5 миллион сўмлик товар давлат эгалигига ўтказилди.

Эсда тутиш лозимки, давлатимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш йўлида яратилган имкониятлардан тўғри ва мақсадли фойдаланиш, қонун ҳужжатларига амал қилиш нафақат тадбиркорларга наф келтиради, ўз ўрнида мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Олим ҚОДИРОВ,

вилоят божхона бошқармаси божхона назоратини

ташкил этиш бўлими бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!