Меню

Қашқадарё

02.11.2023 8708

"Uzbekistan GTL" заводида арктик турдаги дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилмоқда

 

Made in Uzbekistan

Вилоятимиздаги "Uzbekistan GTL" заводида ўта паст ҳароратларга бардошли арктик турдаги GTL дизель маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу турдаги ёнилғини ҳар қандай аномал совуқларда ҳам ишлатиш мумкин экан.

Корхона вакиллари таҳририятимизга хабар берганидек,шу йил октябрь ойидан бошлаб заводда арктик турдаги GTL дизель маҳсулотлари ишлаб чиқариш режимига ўтилган. Эътиборли томони, ўта паст ҳароратларга бардошли ёнилғини ишлаб чиқаришга дизель маҳсулотларига  фақатгина кимёвий қўшимчалар қўшиш эвазига эмас, балки ISODEWAXING реакторларида уларнинг структурасини ўзгартириш орқали ҳам эришилмоқда.

Мутахассисларнинг тушунтиришича, дизель маҳсулотлари мавсумийлигига қараб ёзги, қишки ва арктик турларига бўлинади. Белгиланган стандартлар талабига кўра, ёзги ёнилғи ҳаво ҳарорати минус 5 даражагача, қишкиси - минус 32 даражагача, арктик турдагиси эса  минус 44 даражагача бўлса ўз хусусиятини йўқотмайди. "Uzbekistan GTL" заводида ўтган ойдан бошлаб ишлаб чиқарилаётган синтетик GTL дизель маҳсулотлари эса ҳатто минус 50 даража совуқда ҳам ўз ҳолатини барқарор сақлаб қолади.

Ҳозирда корхона истеъмолчиларга арктик турдаги GTL дизель маҳсулотларини юклаб жўнатмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, GTL дизель ёнилғиси патентланган "Sasol" технологияси асосида табиий газдан ишлаб чиқарилган мутлоқ синтетик, юқори сифатли ўрта дистиллатли ёнилғи ҳисобланади. У Европанинг энг юқори стандартларига жавоб бергани учун Евро 6 авлодига (К-6) мансуб бўлиб, премиум класс тоифасидаги ёнилғилар қаторига киради.

GTL дизель ёнилғисининг анъанавий ёнилғидан устунлик жиҳатлари таркибида олтингугурт ва ароматик углеводородлар деярли йўқлиги, цетан сони жуда юқорилиги, ўзи деярли ҳидсиз ва рангсиз эканлиги ҳамда EN15940 Европа стандарти барча талабларига жавоб беришидан иборатдир.

Ўз мухбиримиз

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!