Меню
Қашқадарё
"Uzbekistan GTL" мутахассиси Ниигата университети (Япония) магистратурасида таълим олиш грантига сазовор бўлди
Қашқадарё ва дунё
"Uzbekistan GTL" заводининг ходими Нурбек Баратов Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICE) томонидан амалга оширилаётган "JDS" лойиҳасининг грант дастури танловида ғолиб чиқиб, Кунчиқар мамлакатнинг олий ўқув юртларидан бирида икки йил давомида магистратурада таҳсил олиш имкониятини қўлга киритди.
"Uzbekistan GTL" масъулияти чекланган жамиятининг расмий сайтида хабар берилишича, дунёнинг 13 та ривожланаётган давлатида фаолият олиб борувчи ва хусусан, Ўзбекистонда 1999 йилдан эътиборан иш бошлаган Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги "JDS" лойиҳаси грант дастури доирасида 2023-2025 йилларда ушбу мамлакатнинг университетларида таълим олиш учун навбатдаги танлов эълон қилинган эди. Унда республикамиздаги кўплаб вазирлик, идора ва ташкилотларнинг вакиллари билан бир қаторда "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти тизимига кирувчи корхоналар ходимлари ҳам номзод сифатида иштирок этишди.
Мазкур танлов 2022 йилнинг август ойидан 2023 йилнинг март ойигача уч босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда номзодлар математика ва инглиз тили бўйича имтиҳон қилинди, шунингдек, уларнинг магистрлик илмий-тадқиқот ишлари режаси Кунчиқар мамлакатнинг тегишли университетлари профессорлари томонидан баҳоланди. Иккинчи босқичда япониялик ўқитувчи ва профессорлар билан техник суҳбат, учинчисида эса танлов ҳайъати аъзолари иштирокида кенг қамровли имтиҳон ташкил этилди. Ана шу синовларнинг барчасидан муваффақиятли ўтган "Uzbekistan GTL" МЧЖ персонални бошқариш бўлимининг HR-таҳлилчиси Нурбек Баратов Япониянинг энг яхши олийгоҳларидан бирида - Ниигата шаҳрида жойлашган университетда бизнес-муҳитни яхшилаш соҳасида "Бизнес бошқаруви магистри" (MBA) йўналиши бўйича таълим олиш грантига сазовор бўлди.
Маълумотларга кўра, JDS грант дастурида ғолиб бўлган номзодларга икки йил мобайнида Японияда яшаш ва ўқиш имконияти тақдим этилиб, тўлиқ молиялаштирилади. Дастур шартларига мувофиқ, таълим олиш даврида ғолибларнинг иш ўринлари сақлаб қолинади, улар ўқишни тугатганидан сўнг эса аввалги ёки янада масъулиятлироқ янги лавозимларда камида 3 йил соҳа ривожи учун меҳнат қилиш мажбуриятини олишади.
- Нурбек Баратов Япония университетида таълим олиб, эгаллаган билим ва кўникмаларини келгусида юртимиз нефть-газ соҳаси ривожига, шунингдек, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг янада мустаҳкамланишига қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун сафарбар этишига ишонч билдирамиз, - дейилади "Uzbekistan GTL" МЧЖ сайтидаги хабарда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Япониядаги Ниигата университети ўзининг бой тарихи ва мустаҳкам анъаналари билан машҳурдир. Расман бу таълим масканига 1949 йилда асос солинган бўлса-да, унинг негизини ташкил этган муассасалар қарийб бир ярим аср олдин фаолият бошлаган. Бугунги кунда Ниигата университети олий таълим ташкилоти ва илмий тадқиқотлар маркази сифатида мамлакат ҳаётида муҳим роль ўйнайди ва жаҳоннинг энг яхши университетлари рейтинги (QS 2023)да 561-570-ўринлар оралиғидаги қаторни эгаллаб турибди. Талабалари сони 12 минг нафар (шундан бакалавриатда 10 минг нафарга яқин, магистратурада 2 минг нафардан зиёд), ходимлари сони эса 3 минг 300 нафар (шундан 1,5 минг нафари профессор-ўқитувчилар, қолганлари хизмат кўрсатувчи персонал)ни ташкил қилган бу олий ўқув юрти 10 та факультет, 5 та диплом олгандан кейинги таълим маскани, 2 та ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот институти ва университет шифохонасидан иборат.
Талаба ва тадқиқотчиларнинг мустақил ижодий изланишларини қўллаб-қувватлайдиган Ниигата университети олий таълим ва илғор тадқиқотлар учун халқаро майдонча вазифасини ўташга ҳам интилиб, кўплаб хорижий олий ўқув юртлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Хусусан, қулай географик (Япон денгизи қирғоғида) жойлашувидан фойдаланиб, Осиё мамлакатлари билан халқаро алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлаш йўналишида фаол иш олиб боради.
Ўз мухбиримиз