Меню
Қашқадарё
UzAuto Motors эгасига айланинг: юртимиздаги автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниянинг акцияларини барча сотиб олиши мумкин
Қимматли қоғозлар бозори
Ўзбекистоннинг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиси биржага чиқмоқда. Яқин кунлардан бошлаб UzAuto Motors акцияларини ҳам компаниялар, ҳам жисмоний шахслар сотиб олишлари мумкин бўлади. Қимматли қоғозларга обуна кампанияси доирасида Chevrolet Tracker автомобили ўйналади.
Шу йил 21 ноябрь куни UzAuto Motorsнинг IPOси (яъни акцияларининг фонд биржасида биринчи жойлаштирилиши) доирасида кенг кўламли роуд-шоу – мамлакат бўйлаб потенциал сармоядорлар билан сайёр учрашувлар туркуми старт олди. UzAuto Motors, Freedom Broker ва Ўзбекистон Молия вазирлиги мутахассислари республиканинг бир қатор ҳудудларида бўлиб, аҳолига UzAuto Motors ва унинг қимматли қоғозлари, акцияларни сотиб олиш тартиби ва шунинг эвазига қўлга киритиш мумкин бўлган кўплаб имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар беришмоқда.
Бир қатор тақдимотлар ва қизиқарли савол-жавобларни ўз ичига олган навбатдаги учрашув Қарши шаҳридаги “Фаровон” ресторанида ўтказилиб, унда аҳолининг кенг қатлами, шу жумладан, тадбиркорлар ва ишбилармонлар, фонд бозори иштирокчилари, бошқа салоҳиятли инвесторлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда таъкидланганидек, 2021-2023 йилларда капитал бозорини ривожлантириш дастури доирасида мамлакатимиздаги бир қатор корхоналарнинг акцияларини фонд биржаси орқали оммавий жойлаштирилиши белгиланган. Улар орасида UzAuto Motors ҳам бўлиб, уни хусусийлаштиришнинг биринчи босқичида “Тошкент” Республика фонд биржасида бу компаниянинг 5 фоизгача акцияларини жойлаштириш режалаштирилган. Қимматли қоғозларни биржада жойлаштиришни эса Ўзбекистонда ва хорижда IPO ва SPO (акцияларни бирламчи ва иккиламчи жойлаштириш) бўйича катта тажрибага эга Freedom Broker халқаро инвестиция компанияси амалга оширади.
UzAuto Motors вакили Азизбек Абрахматов ўз тақдимотида дунёга машҳур General Motors компанияси билан стратегик альянс шартномаси асосида Chevrolet русумдаги автомобиллар ишлаб чиқарувчи бу акциядорлик жамиятининг яратилиш тарихи, фаолияти, ютуқ ва муваффақиятлари ҳамда келажакдаги истиқболлари ҳақида гапирар экан, UzAuto Motorsда сўнгги беш йил давомида жадал ўсиш кузатилаётганини аниқ рақамлар билан исботлаб берди.
- 2017 йилда компаниямиз томонидан маҳсулот сотишдан олинган даромад 1 миллиард 338 миллион долларни ташкил этган бўлса, жорий йил якуни билан мазкур кўрсаткичнинг салмоғи 2,6 баравар кўпайиб, 3,5 миллиард доллардан ортиши кутилмоқда, - деди UzAuto Motors вакили. – Шу даврда соф фойда миқдори 82 миллион доллардан 280 миллион долларгача ошиши мўлжалланган. Бундан ташқари, беш йил олдин компаниямизда бир йилда 140 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, бу йил уларнинг сонини 340 мингтага етказиш режалаштирилган. 2026 йилга бориб эса йиллик даромад ҳажми 5 миллиард 280 миллион доллардан ошиши, соф фойда 460 миллион долларга яқинлашиши, ишлаб чиқариш ҳажми эса 500 минг дона автомобилга етиши прогноз қилинмоқда.
Тақдимот вақтида халқаро рейтинг компаниялари томонидан B+ рейтинги берилган UzAuto Motorsнинг бугунги ва келажакдаги фаолиятига доир яна кўплаб фактлар ва рақамлар келтирилиб, потенциал инвесторларга компания акцияларини сотиб олиш ва UzAuto Motors эгасига айланиш таклиф этилди.
- UzAuto Motorsнинг IPOси юртимиздаги йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи компания акцияларини биринчи нархда сотиб олиш учун қулай имкониятдир, - деди ўз тақдимотида Freedom Broker компанияси бош директори Бахтиёр Бабаев. - Молиявий таҳлилчилар кейинчалик уларнинг нархи ошишини башорат қилмоқдалар, чунки UzAuto Motors рентабеллиги туфайли компаниянинг қимматли қоғозлари маҳаллий ва хорижий инвесторлар орасида юқори талабга эга бўлади. Қимматли қоғозлар бозорида даромад олишни бошлаш учун катта миқдордаги маблағни киритиш шарт эмас. Ушбу восита қандай ишлашини тушуниш учун брокерлик ҳисобини очинг ва қимматли қоғозларнинг синов пакетини сотиб олишингиз мумкин. Харидорларни рағбатлантириш мақсадида UzAuto Motors акцияларига 10 миллион сўм ва бундан кўпроқ миқдорда буюртма берган инсонлар ўртасида Chevrolet Tracker автомобили ўйналади.
Маълумотларга кўра, Freedom Broker (собиқ Freedom Finance) — халқаро инвестициявий компания бўлиб, у дунёнинг 12 та мамлакатида фаолият юритувчи Freedom Holding Corp халқаро холдинги таркибига киради. Холдинг АҚШ, МДҲ давлатлари ва Европа фонд бозорларига тўғридан-тўғри кириш имконини беради, бу эса жаҳон гигантлари — Apple, Microsoft, Tesla, Zoom, Alibaba, Twitter ва бошқаларнинг қимматли қоғозларига сармоя киритиш имконини беради.
Freedom Holding Corp турли мамлакатлардаги йирик корхоналарни фонд бозорига олиб чиққан: Евроосиё тараққиёт банки (Қозоғистон фонд биржасида 120 миллион АҚШ доллари тўпланган), “Самрук-Казина” АЖ (Москва биржасида 10 миллион АҚШ доллар тўпланган).
Таъкидланишича, UzAuto Motorsнинг IPOси нафақат маҳаллий, балки халқаро инвесторларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Freedom Broker Frontera Capital, Газпромбанк, Осиё тараққиёт банки, Bank of New York Mellon каби халқаро фондлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказди, улар ҳам акцияларни сотиб олишга қизиқиш билдирдилар.
Қарши шаҳридаги учрашувда потенциал инвесторлар томонидан йўлланган барча саволларга UzAuto Motors, Freedom Broker ва Ўзбекистон Молия вазирлиги вакиллари батафсил жавоб қайтаришди.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.
Реклама ҳуқуқи асосида