Меню

Қашқадарё

13.09.2018 4103

ҚУВВАТИ – ГЎШТГА ТЕНГ

Таркибидаги калий, натрий ва оқсил бўйича у ёнғоқ ва ўрик билан рақобатлаша олади. Тўйинтириш даражаси эса гўштникидан кам эмас. Меваси сув ёки сутда қайнатиб ейилса, йўтал, томоқ оғриғини даволайди. Таркибида юрак фаолиятини яхшилайдиган калий тузи ҳам бор.

Айниқса, қора анжир бод касалида ёрдам бериб, иммун тизимини мустаҳкамлайди. Ўпка сили, мушакларнинг ҳолсизланишида ҳам фойдали. Таркибида темир моддаси кўп. Юрак тез уриши, бронхиал астма (зиққинафас), кўкрак оғриғи, ўпка пардаси яллиғланиши (плеврит)да шифоси катта.

Шарбати қувват бағишловчи, иштаҳа очувчи, овқат ҳазм қилувчидир. Бундан ташқари, ревматизм (бод), тери касалликлари, буйрак ва қовуқда тошлар пайдо бўлганида, жигар ҳажми катталашиб, оғриқ берганида шарбати ичилади.

Анжир баргидан узум ва меваларни қуритишда ишқор сифатида фойдаланилади, “сути” эса тери касалликлари (сўгал, темиратки), чаён ва ари чаққанда даво мақсадида суртилади.

Гарчи ушбу мева ўзида кўплаб фойдали хусусиятларни жамлаган бўлса-да, уни ейишни шифокорлар ҳаммага ҳам тавсия этавермайди. Анжир таркибида қанд моддаси кўплиги учун семизликка мойил инсонлар, қандли диабет билан оғриганлар кўп истеъмол қилмаганлари маъқул.

БУЛҒОР ҚАЛАМПИРИ КАЙФИЯТНИ КЎТАРАДИ

Булғор қалампирининг ватани Жанубий Америка, бугун у Ер юзи аҳолисининг севимли сабзавотига айланиб улгурган.

Уни хом ва пиширилган ҳолда истеъмол қилиш мумкин. 70 фоизи шифобахш моддалардан иборат. Битта булғор қалампири С ва А витаминига бўлган кунлик эҳтиёжни қондиради. Таркибидаги минерал тузлар камқонлик, иммунитет пастлиги, остеопороз хасталикларида фойда беради.

Булғор қалампири овқат ҳазм қилиш фаолиятини яхшилаб, микробларни йўқотади. Қувватни ошириб, кайфиятни кўтаради ва асабни тинчлантиради.

Олимларнинг аниқлашича, ширин қалампир таркибидаги Р витамини қон томирлари учун энг зарур доривор ҳисобланади. Айниқса, уни хомлигича истеъмол қилиш жуда фойдали. 50 грамм булғор қалампири С витаминининг суткалик дозаси ўрнини босади. Бош мия склерози, гипотонияда ҳам қизил булғор қалампири тановул қилиш тавсия этилади. Шифокорлар қизил қалампирни ҳолсизланиб қолганларга қувват бўлиши учун буюрадилар.

Оч қоринга истемол қилинган бир-икки дона ширин қалампир кўзларни равшанлаштиради. Доимий компьютерда ишловчилар ҳам ҳар куни бир неча дона ширин қалампирни ейишса, кўзларидаги чарчоқ кетади.

Сариқ ранглисида инсон умрини узайтириш хислатига эга бўлган витамин ва моддалар кўпроқ.

Яшил қалампир - бироз тахир бўлса-да, инсон бош мияси учун фойдали. Таъмидаги ширинлик ва озроқ аччиқлик чарчоқда, кайфиятга ижобий таъсир қилади.

ҲАМ ОЗУҚА, ҲАМ ПАРФЮМЕРИЯ

Кунжут - бир йиллик ўсимлик бўлиб, Африканинг жанубий тропик минтақаларида ёввойи ҳолда ўсади. Бўйи 60-120 сантиметрга  етади. Меваси - 4 ёки 8  қиррали тукланган кўсакча, пишганда очилади. Ўсимлик август-сентябрь ойларида пишиб етилади.

Кунжут энг кўп мой берувчи ўсимлик  ҳисобланади. Уруғи таркибида 55-68 фоизгача мой, 16-22 фоиз оқсил ва 18 фоиз эрийдиган углевод ҳамда спирт бор. Кунжут мойи озиқ-овқат саноатида ва упа-элик ишлаб чиқаришда муҳим хомашё ҳисобланади.

Кунжутнинг шифобахш хусусиятлари ҳам талайгина. Абу Али ибн Сино кунжут уруғи ва мойи ёрдамида қон қуйилган аъзолар, шишлар ва астма хасталикларини даволаган. Шунингдек, нафас йўллари билан оғриган беморларга истеъмол қилиш тавсия этилади.

Кунжут ёғи тери касалликларида, тери куйганда, ошқозон-ичак касалликларида, сурги ва гижжа ҳайдовчи восита сифатида ҳамда қон қуйилишини тезлаштирувчи восита сифатида ишлатилади. Озиқ-овқат саноатида ҳам кенг қўлланилади.

Оқ донли кунжут уруғларидан юқори сифатли ҳолва, парфюмерия воситалари ва турли ширинликлар тайёрланади. Дунё саноатида ўсимлик консерва, кондитер, нон ва нон маҳсулотлари, тиббиётда эса дори-дармон тайёрлашда кенг ишлатилади.

ЙЎТАЛ ТУТГАНДА ЭНГ ЯХШИ ВОСИТА НИМА?

Кўка - халқ тилида оққалдирмоқ деб номланувчи кўп йиллик ушбу ўсимликнинг бўйи 25 сантиметргача етади. Меваси етилгандан сўнг пояси қурийди. Апрель - май ойларида гуллайди, меваси май - июнда пишади. Ўсимликнинг барги ва гули йиғилади.

Ўсимлик Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг тоғли ҳудудларида ариқ ва жилға бўйларида, жарликлар, ғорлар ва кичик нам ўтлоқларда ўсади.

Гуллаш олдида гул саватчаси билан бандсиз қилиб қирқиб, ёзда эса барг бандининг ярмидан узиб олинади. Йиғилган гул ва барглари салқин ерда қуритилади.

Фанда ўсимлик таркибида аччиқ гликозидлар, сапонинлар,  каротин, витамин С, органик кислоталар, эфир мойи, шиллиқ, ошловчи ва бошқа моддалар борлиги аниқланган.

Халқ табобатида кўка ўсимлигининг барги турли касалликларни даволашда ишлатилади. Хусусан, кўкрак оғриғи, нафас олиш қийинлашганда, нафас йўллари яллиғланганда беморларга дори сифатида буюрилган. Қуритилмаган барг шираси эса безгак ва ўпка сили касалликларида фойдали. Эзилгани яра ва чипқонларга боғланган.

Тиббиётда кўка ўсимлигидан тайёрланган дамлама юмшатувчи ва балғам кўчирувчи (йўталда, юқори нафас йўллари ялиғланганда) дори сифатида ишлатилади.

Манбалар асосида СОЖИДА тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!