Меню

Қашқадарё

21.03.2017 2560

ҚУВВАТИ ГЎШТ КУЧИГА ТЕНГ ТАОМ\

Бу пайтда организмнинг барча макронутриентлар (оқсиллар, ёғлар, углевод) ҳамда микронутриентлар (витаминлар, минераллар ва бошқа биофаол моддалар)га эҳтиёжи бир мунча ортади. Лекин уларга бўлган эҳтиёжнинг доимий равишда етарли миқдорда қондирилиши анча қийин. Боз устига кузда йиғиб олиниб, баҳор келишигача сақланган меваларда витаминлар миқдори камайиб кетади. Аксарият кишилар қор-қировли кунларда рационда гўшт, ёғли, углеводли маҳсулотлар бўлишига устувор аҳамият бериб, витаминли ва минералли маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилишга эътибор қаратмайди. Бундан ташқари, овқат тайёрлаш жараёнида ҳам (масаллиқларни юқори ҳароратда қовуриш, узоқ вақт сақлаб туриш) маҳсулотлардаги витаминлар миқдори янада камаяди. Охир оқибат, таомланишнинг бу  тартибда олиб борилиши яширин очлик (витаминлар  ва минерал моддаларнинг танқислиги) ва у туфайли қатор хасталикларни юзага чиқаради. Албатта, бундай яширин  очликнинг олдини олишда    энг қулай ва осон усуллардан бири бу донларнинг энди униб чиққан оқ майсасидан (халқаро тилда спраутс дейилади) фойдаланишдир. Спраутс тайёрлаш учун буғдой, мош, нўхат, арпа, жавдар, шолғом, йўнғичқа, кунгабоқар уруғи ва бошқа донлардан фойдаланилади.

Манбалардан маълумки, донлар таркибида крахмал, оз миқдордаги ёғ, оқсил моддалар, шу жумладан, айрим ўсимлик гормонлари, антиоксидантлар, витаминлар мавжуд. Бу моддалар майса таркибида донга нисбатан бир неча бор кўп бўлади. Масалан, эндигина ўсиб чиққан  майсада витамин С миқдори дондагига нисбатан етти марта, витамин РР тўққиз  марта, витамин В6 йигирма беш марта, витамин А миқдори эса қирқ  марта кўпаяди. Шунинг учун ҳам Ўрта Осиё халқлари қадимдан  кўкламнинг “илик узилди” кунларида буғдойни ундириб, қувватбахш таом - сумалак пишириб истеъмол қилишган. Сумалакни баҳор чоғлари тўйиб еган инсон йил бўйи тетик, бардам бўлиши кўп манбаларда таъкидланган. Ёз ва кузда эса витаминлар,  минерал моддаларга бой сабзавот, мева-чевалар кўпайиб, сумалак пиширишга эҳтиёж қолмайди.

Биокимёвий  таҳлиллар шуни тасдиқлайдики, спраутслар таркибидаги биофаол моддалар ўзининг миқдори ва таъсир этиш хусусиятига кўра пишиб етилган мевалар ва сабзавотлардан  қолишмас экан. Уларни доимий  истеъмол қилиб туриш танани зарур дармон-дорилар билан таъминлашдан ташқари, моддалар алмашинувини яхшилаб, ошқозон-ичак ва юрак-қон томир хасталикларининг олдини  олишда муҳим аҳамиятга эга.

Спраутс тайёрлаш анча содда ва осон. Бунинг учун  саралаб олинган дон (буғдой, мош ва бошқалар) дастлаб бир-икки марта ювилиб, алоҳида идишларга солинади. Уларни ўстиришда шиша ёки чинни идишлардан фойдаланса ҳам бўлади. Танланган дон майда бўлса (масалан, йўнғичқа ва шолғом уруғлари), идишнинг тубини қоплагани кифоя. Йирик уруғлар (мош, нўхат ва  бошқа дуккакли донлар) эса идишнинг тўртдан бир қисмига солинади. Кейин идишнинг  ярмигача бир оз тиндирилган  сув солиниб, бир неча соат давомида уруғнинг яхшигина ивиши кутилади. Шундан кейин қолган сув тўкилади, идиш ғовак пластик қопқоқ билан ёпилади. Агар танланган уруғ дуккакли донлардан бўлса, унга ёруғлик тушмагани маъқул, акс ҳолда ўстирилган майса ачқимтир бўлиб қолади. Шу боис мош, нўхат, ловия ёки соя солинган идишлар қоронғи жойда сақлангани мақсадга мувофиқ. Униб чиқаётган уруғ ҳар куни икки марта тоза қайнатилмаган сув билан ювиб ташланади. Уруғларнинг униб чиқиш ва тайёр бўлиш  муддати уларнинг турига  боғлиқ.

Спраутсларни тайёрлашда тегишли қоидаларга риоя қилинмаса  (яъни уруғнинг сифатсизлиги, кам ювилиши ва сувнинг жуда иссиқ бўлиши ҳамда идишдаги ҳаво алмашинувининг  бузилиши туфайли) уруғ кўпинча чириб қолади. Иссиқ уйларда уруғнинг чиримаслиги учун тоза  сув билан тез-тез ювиб туриш, хонада шамоллатгичлардан фойдаланиш лозим. Спраутсларни алоҳида-алоҳида идишларда тайёрлаган маъқул. Чунки уларнинг мазаси ҳар хил бўлиб, ҳар бирининг таркибида юқорида қайд қилинган биофаол моддалар турлича миқдорда бўлади. Уларни шу ҳолича  истеъмол қилиш билан бирга яна салат ва овқатларга қўшиб ейилса, организмга шунча кўп фойдаси тегади.

Буғдой муртаги ва ундан униб чиқадиган майса оқсиллар таркибига кўра гўштга жуда яқин экан. Ундаги ёғ биологик жиҳатдан анча ноёб, айниқса, витамин Е кўп бўлади. Яна унинг таркибида В гуруҳ витаминлари (В1, В6, В12, РР), темир, магний, калий, мис, фосфор, кальцийлар ҳам серобдир. Ферментлардан пируватдекарбоксидаза,  осфоглицератфосфомутазалар мавжуд. Айнан шу витаминлар кексайиш жараёнини секинлаштиради, танадаги барча ҳаётий жараёнларни меъёрий ҳолда сақлаб туради. Шунинг учун ҳам доимий  ундирилган дон майсаларини  истеъмол қилиб турадиган кишиларда моддалар алмашинуви барқарор бўлиб, улар доим ҳар жиҳатдан тетик  бўлади. Айтиб ўтилган майсаларда хром ва литий каби озиқ-овқат маҳсулотларида кам учрайдиган микроэлементлар бўлиб, улар қандли диабет, психик депрессия касалликларининг олдини олишда асқатади. Ўстирилган буғдой дони истеъмол  қилинганида анча-мунча озиқ толалари ҳам қабул қилиниб, у кишини тўқ тутади, иштаҳани босади. Шу боис у  семирмаслик ҳаракатида бўлганлар учун анча фойдалидир.

Хулоса қилиб айтганда, организмнинг витаминларга бўлган кундалик эҳтиёжини қондириш учун энди ўсаётган дон майсаси ёки спраутслар муҳим аҳамият касб этади.

Ш.Қурбонова, Қарши педагогика коллежи ўқитувчиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!