Меню
Қашқадарё
ҚУВВАТ ОШСА, ЭКСПОРТ САЛОҲИЯТИ ҲАМ ОРТАДИ
Аҳамиятлиси, бугунги кунда айни йўналишда ҳудуднинг ўзида бир қанча корхона фаолият юритмоқда. Уларда тайёрланган маҳсулотлар чет элда ҳам ўз харидорини топаётгани бу борадаги ишларни янада кучайтиришни, янги қувватларни ишга туширишни, мавжудларини технологик янгилашни тақозо этади.
Ушбу тумандаги “Агромир Китоб” масъулияти чекланган жамияти ҳам асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлашга ихтисослашган. Аниқроқ айтганда, бу ерда узумнинг саноатбоп навларига ишлов берилиб, бир кунда ўртача 30-40 тоннагача вино материали тайёрланади. У шампан ичимлигининг асосий хомашёсидир. Бунда сара ва юқори сифатли узумдан фойдаланилади. Шу жиҳат корхона таклиф этаётган маҳсулотнинг хорижда харидоргир бўлишини таъминлаяпти. Ўтган йил ҳисобидан биргина Россия мамлакатига қиймати 300 минг АҚШ долларидан ортиқ ҳажмдаги вино материали экспортга йўллангани фикримизнинг исботидир. 2018 йилнинг январь ойи якунида эса қарийб 350 минг АҚШ долларилик маҳсулот ташқи бозорга чиқарилди. Натижада туманнинг экспорт кўрсаткичлари яхшиланди.
Асосийси, ушбу турдаги маҳсулот экспортини кўпайтириш борасида корхона катта имкониятга эга. Фақат шу кунгача фойдаланишда бўлган ишлаб чиқариш ускуналари эскиргани бунга имкон бермаётганди.
- Ишлаб чиқариш маҳсулдорлигини оширсак, кўпроқ маҳсулотни экспорт қила оламиз, - дейди корхона ҳисобчиси Ҳасан Холбеков. – Шуни ҳисобга олиб, истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариш ташаббуси билан чиқдик. Унинг умумий қиймати қарийб 3 миллиард сўмни ташкил этади. Тижорат банки 2 миллиард 400 миллион сўм миқдорида кредит тақдим этадиган бўлди. Қолганига ўз маблағимизни сарф этамиз. Узумни қайта ишлашга ихтисослашган янги ускуналарни олиб келишни мўлжал қилганмиз. 300 минг АҚШ долларига баҳоланган замонавий технологиялар Италиядан келтирилади. Хорижий ҳамкорлар билан келишувга эришганмиз, бошланғич маблағ ўтказиб берилди. Ушбу йирик қувват жорий йилнинг иккинчи чорагида ишга туширилади.
Корхона вакилининг билдиришича, ишлаб чиқариш жараёни тўла модернизация қилинганидан сўнг маҳсулот тайёрлаш ҳажми аввалгига қараганда 3 баробар ошади. Шу баробарида мазкур тадбиркорлик субъектининг экспорт имкониятлари ҳам ортади. Муҳими, бу йирик лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида 25 янги иш ўрни яратилади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ