Меню
Қашқадарё
ҚУВОНЧДАН МАСРУР ДИЛЛАР
"Президент арчаси" тантаналари болажонларнинг севимли байрами, чунки унда туҳфа этиладиган Президент совғаси ўғил-қизларни жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллашга ундайди, ҳамиша меҳр-эътибор оғушида эканликларидан мамнун қилади. Айни жиҳат Шаҳрисабзда ташкил этилган театрлашган байрам томошасида ҳам ўз аксини топди.
Тадбирга 956 нафар Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари, болалар мактаб-интернатлари тарбияланувчилари, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиб, юртимиз озодлиги ва тинчлиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фарзандлари ва бошқа болалар таклиф этилди.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев ва бошқа мутасаддилар Президентимизнинг ўқув қуроллари, китоблар, турфа ширинликлардан иборат совғаларини болажонларга тантанали равишда топширишди.
Шу билан бирга, вилоят бўйича юзлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ҳамда ота-онаси ҳозирги кунда жазо муддатини ўтаётган болаларга ҳам қишки кийимлар ва Янги йил совғалари етказиб берилди. Турли идоралар ташаббуси билан ташкил қилинган спорт турнирлари, байрам ярмаркалари ҳам эсда қоларли бўлди.
Байрам шукуҳи барча ҳудудларда ҳукмрон. Қорбобо ва Қорқиз, эртак ва мультфильм қаҳрамонлари иштирокидаги тантаналар болалар учун айниқса эсда қоларли бўлаяпти. Болажонлар қувончидан масрур дилларда эса эзгу тилак: Янги йил янада баракали, янада омадли келсин!
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.