Меню
Қашқадарё
ҚУТЛУҒ БАЙРАМГА ҚИЗҒИН ТАРАДДУД
Шаҳар ва қишлоқлар, маҳаллаларда жойларни ободонлаштириш, ариқлар, хиёбонларни тартибга келтириш, тозалаш ишлари амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 августда чиқарилган фармойиши эса бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирди.
Барча жойларда бўлгани каби ободонлаштириш ва тозалик ойлиги вилоятимизда ҳам уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими берган маълумотларга кўра, мазкур жараёнда маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, истироҳат боғлари ва сайилгоҳларни тартибга келтириш, чиқиндиларни ташиб кетиш, кўчаларни озода тутиш, йўлларни таъмирлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
Ойлик давомида маҳаллалар аҳли алоҳида жонбозлик кўрсатаётганини қайд этиш лозим. Шаҳрисабз шаҳридаги Чоштепа маҳалласида бажарилаётган ободонлаштириш ишлари ҳам диққатга сазовор.
- Юрт ободлиги – кўнгил ободлигидир, - дейди Чоштепа маҳалласининг раиси Абдухалил Рўзиев. – Биргина туманимиз марказида амалга оширилаётган ишларнинг миқёсини сўз билан тасвирлаш имконсиз. Дахлдорлик ҳисси билан яшаётган ҳар бир юртдошимиз бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларига ўз ҳиссасини қўшишни истайди. Қутлуғ айём арафасида турибмиз. Тоза, озода ва обод гўшага байрам ярашади. Шу боис биз – маҳалла аҳли ҳам ўз уйимиз, кўчамизни обод этиш, йўлларни тартибга келтириш, ариқларни тозалаш, чироқларни таъмирлаш ишларига зўр бераяпмиз. Бу тадбирда ёшу қари – барча иштирок этаяпти, бунда ўзаро жипслик, аҳиллик хислатлари тўла намоён бўлмоқда.
Қайд этиш жоиз, вилоятимизнинг ҳар бир гўшасида ободонлаштириш ва тозалик ойлигини, бугун ва эртага белгиланган умумхалқ хайрия ҳашарини юқори савияда, кенг аҳоли иштирокида ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилди. Бу жараёндаги ишларни изчиллик билан ташкил этиш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузурида ишчи гуруҳлар шакллантирилди. Тозалик ва ободонлаштириш ишларида фаол қатнашганларни муносиб рағбатлантириш мақсадида хонадонлар, кўчалар, маҳаллалар, ободонлаштириш ишларига муносиб улуш қўшаётган ҳомий ташкилотлар ва тадбиркорлар ўртасида танловлар эълон қилинди.
М.ШУҲРАТОВ