Меню
Қашқадарё
УСТОЗЛАР АНЪАНАЛАРИГА САДОҚАТ
Марям Сатторова 1964 йилда Шаҳрисабз шаҳрида туғилган. Санъатга, қўшиқ айтишга қизиқиш Марямда жуда эрта пайдо бўлди. Радио, телевизор орқали эшитадиган ашулаларни хиргойи қилиб юрарди. Фарзандидаги бу истеъдодни пайқаган онаси кейинчалик уни шаҳар маданият уйи қошидаги тўгаракка олиб борди. Бу ерда Марям мусиқадан илк сабоқни Элмурод Боймуродовдан олди. Устози ширали, ноёб овозга эга бўлган Марямни мумтоз ашулалар ва мақомларни ижро этишни ўрганишга рағбатлантирди. Унда аста-секин ижро маҳорати мукаммаллашиб борди. Шаҳарда ўтказиладиган турли байрам тадбирларида Марям Сатторова ижро этган ашулалар томошабинлар қалбидан жой олди.
Устозининг маслаҳати билан Марям Сатторова Тошкент давлат консерваториясининг анъанавий хонандалик йўналиши бўйича ўқишга кирди. У машҳур ҳофиз Фаттоҳхон Мамадалиев қўлида таълим олди, талабалиги даврида устози ёрдамида жуда кўп мумтоз ашулаларни куйлашни ўрганди. 1990 йилда консерваторияни битирган Марям 12 йил Ўзбекистон давлат филармониясида ишлади, кейин ижодий фаолиятини "Ўзбекнаво" бирлашмасида давом эттирди.
Диапозони ва нафаси кенг, кучли ва ёрқин овоз соҳибаси Марям Сатторова жуда кўп мумтоз ашула мақомларни куйлаган. Улар орасида "Чоргоҳ", "Феруз", "Самарқанд ушшоғи", "Сувора", "Сарахбори дугоҳ" каби халқимиз севиб тинглайдиган мумтоз ашулалар ва мақомлар бор. Қўшиқчилик санъатини ривожлантириш соҳасидаги хизматлари учун 2000 йилда унга Ўзбекистон Республикаси халқ артисти унвони берилди.
Марям Сатторова ижро этган ашулалар 2 та грампластинка ва 3 та компакт дискка ёзилган. Унинг ижодига бағишлаб Ўзбекистон телевидениеси томонидан 2 та телефильм суратга олинган. У бир нечта Европа мамлакатларида ҳам гастролда бўлган.
1963 йил 27 апрелда Шаҳрисабз шаҳрида туғилган Ўктам Аҳмедовнинг таъкидлашича, унда ашула айтишга ҳавасни Фурқат номли ўрта мактабнинг мусиқа фани ўқитувчиси Нўъмон Мавлонов уйғотган. Устозидан рубоб чалиш ва куйлашни ўрганган Ўктам шаҳар ва вилоят миқёсида ўтказиладиган ашула байрамлари ва кўрик-танловларда қатнашади ва таниқли санъаткор Элмурод Боймуродов назарига тушади. У дастлаб маданият саройидаги тўгаракка қатнаб, янги устози раҳбарлигида репертуарини бойитиб боради. 16 йил шаҳар маданият бўлими қошидаги маданият саройида хонанда бўлиб ишлайди. Бадиий ҳаваскорларнинг вилоят ва республика кўрик-танловларида мумтоз ашулалар ижрочилиги бўйича совринли ўринларни эгаллайди.
1996 йилда Ўткам Аҳмедов Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблига ишга таклиф этилади. Энди у таниқли хонандалар билан бирга ишлаш ва улардан ўрганиш имкониятига эга бўлади. У асосий эътиборни янги мақомларни ўрганиш, уларни юқори савияда, моҳир мақомчилар ижроси даражасида куйлашни ўзлаштиришга қаратади. Дарҳақиқат, Ўктам Аҳмедов "Сарахбори оромижон", "Дугоҳ", "Насруллойи", "Насрууззол", "Тошкент ироғи", "Қўқон ушшоғи" каби мақомларни шунчалик маҳорат билан ижро этадики, уни тинглаганда, одам катта руҳий озуқа олади, юксак орзулар, хаёллар оғушига чўмади.
Унинг миллий мумтоз ашула ва мақом санъатини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва бу соҳадаги фаол ижоди муносиб тақдирланди. 2001 йилда унга Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвони берилди. 2013 йилда эса Ўктам Аҳмедов "Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи" унвони билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи Ўктам Аҳмедов ҳозир алоҳида чолғучилар гуруҳи тузиб, мумтоз ашула мақомларни ижро этишда давом этмоқда.
Шаҳрисабзда унинг кўплаб шогирдлари бор. Ниҳол мукофоти соҳиби Ойбек Мирзаев, кекса хонанда Саиджон Нурбобоев ва унинг ўғиллари Ҳасан ва Ҳусан Нурбобоевлар, Ўрол Ваҳҳобов мумтоз ва замонавий куй-қўшиқларни моҳирона ижро этиб келишмоқда.
Насиба Сатторова таваллуд топган оила санъатсевар, айниқса, хонандаларга ихлоси баланд эди. Отаси Парда Сатторов, онаси Норбиби Сатторова, амаки ва опалари ҳам тўй-ҳашамларда қишлоқдошлари (Шаҳрисабз шаҳри биқинидаги Қўштепа қишлоғи) илтимосига мувофиқ даврага чиқиб, қўшиқ куйлашарди. Насиба ана шу яқинларининг ашулаларини тинглаб катта бўлди. Қишлоқдаги Мақсуд Шайхзода номли мактабда ўқиб юрган кезларида хонадонидан унча узоқ бўлмаган пахта тозалаш заводида ташкил этилган, амакиси Рустам Сатторов бадиий раҳбар бўлган ҳаваскорлик тўгараги машғулотларига ҳам қатнашиб турди. Шаҳар халқ театри режиссёри Элмурод Боймуродов уни ёш мақомчилар дастасига олиб келди. Бу даргоҳда Насиба, айниқса, мумтоз ашулаларни хор таркибида, шунингдек, якка ҳолда ижро этиш маҳоратини эгаллади. 1983 йилда ўрта мактабни битиргач, ҳеч иккиланмай, ҳужжатларини Тошкент давлат консерваториясининг анъанавий хонандалик йўналишига топшириб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтди. Талабалик даврида устозлари унга мумтоз ашулалар, шунингдек, ижро йўлларини пухта ўзлаштиришни, бу соҳада тинмай устида ишлашни тавсия қилди. Насиба Сатторова устозлари ўгитларига қатъий амал қилиб, мақомнинг анъанавий ижро йўлларини чуқур ўзлаштириб олишга эришди. Талабалик даврида - 1987 йилда Самарқандда ўтказилган мақомчилар беллашувида "Муғулчаи сегоҳ" ва "Муғулчаи бузрук" мақомларини ижро этиб, моҳир мақомчи санъаткорлар эътирофига сазовор бўлди.
Орифхон Ҳотамов, Фаттоҳхон Мамадалиев, Абдуҳошим Исмоилов каби мақом санъати усталари Насибанинг ижрочилик фаолиятини кузатиб бориб, унинг келгусида бу соҳанинг етук хонандаси бўлиб етишишига катта умид билан қарадилар. 1990 йили консерваторияни битириши билан у Юнус Ражабий номли мақомчилар ансамблига ишга таклиф этилди. Ансамбль таркибида ёш истеъдод эгасининг ижрочилик маҳорати тобора ошиб борди. Самарқандда 1999 йилда ўтказилган "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали Насиба Сатторова учун катта синов бўлиб, у ижро этган мақом барча ҳайъат аъзолари томонидан юқори баҳоланди ва ҳофизага "Гран-при" мукофоти топширилди.
Насиба Сатторова 2005 йилгача республика мақомчилар ансамблида ишлаб, кейинги фаолиятини ёш санъаткорларга таълим беришга бағишлашга қарор қилди. Бир неча йил Тошкент давлат санъат ва маданият институтида анъанавий ижрочилик йўналиши бўйича талабаларга дарс берди. Ҳозир В.А.Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқувчилари Насиба Сатторованинг мақом йўналиши бўйича хонандалик сирларидан баҳраманд бўлмоқдалар. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Насиба Сатторова ижро этган мумтоз ашула ва мақомларини унинг мухлислари доимо радио тўлқинлари ва телевидение орқали севиб тинглашади.
Мўмин АЗИЗОВ,
тарихчи-журналист