Меню
Қашқадарё
УСТОЗ ЁДИ
Чироқчи туманининг Давтош қишлоғида туғилган Тўра Нафасов Самарқанд давлат университетида ўқиётган йиллариданоқ тил илмига айрича қизиқиш билан қаради, меҳр билан ёндашди. Ўзбек тилшунослиги кафедраси ҳузурида ташкил қилинган “Ёш тилшунос” тўгарагининг мунтазам машғулотларидаги баҳслар бунга туртки бўлди. Юқори курсларга ўтганида шу тўгаракка сардорлик қилди. Битирувчи босқичда у туркий тиллардан рус тилига ўтган сўзлар бўйича илмий иш бошлаб, рус тилига туркий тиллардан турли даврларда 600 дан ортиқ сўзлар ўзлашганини аниқлади. Бу илмий иши унинг университетни имтиёзли диплом билан тугатиб, аспирантура таҳсилини олишга ундади.
1965 йилдан бошлаб топонимика, яъни жой номлари мазмуни ва тарихини жиддий ўргана бошлаган ёш тадқиқотчи устози - филология фанлари доктори, профессор Аъзам Шерматов тавсияси билан “Қашқадарё вилояти топонимларини лингвистик таҳлил қилиш” мавзусида номзодлик диссертациясини ёзишга киришди. Бу соҳада кўплаб изланишлар олиб борди. 1966 йилда вилоятимиз қишлоқларини кезиб, топонимик терминлар, бундан ташқари, уларга оид ривоят ва афсоналарни тўплади, кўплаб топишмоқлар, мақолларни ёзиб олди.
Шу тариқа у ўз фаолиятини тилшунослик билан чамбарчас боғлади. Илм ўрганиш билан бирга, Қарши давлат университети (ўша даврда Ҳамид Олимжон номли педагогика институти)да талабаларга тилшуносликдан сабоқ берди. Катта ўқитувчи, сўнгра доцент бўлди, кейинроқ профессор унвонига эга бўлди. Домладан сабоқ олганлар унинг ўз фанига бўлган чуқур муҳаббатини дарслар жараёнида ҳис қилишганини эслашади. Унинг маърузалари талабалар учун қизиқарли, мазмунли, айни пайтда, содда ва тушунарли ҳам бўларди. Чунки у барча биладиган, кунда ишлатадиган оддийгина сўзларнинг маъно-мазмунини теран англаб, англатар, тилимиздаги сўзнинг асли қайси тилга мансублиги, ҳақиқий маъносию кўчма мазмунини ғоятда чиройли тарзда, ифодалар билан тушунтириб берарди. Шунинг баробарида талабалар кўнглига саволлар билан учқун ташлар, бу учқун кейинчалик гуриллаган гулханга айланиб, илми толиб дилида тил деган сирли хазинани тадқиқ қилиш, ўрганишга ҳавас уйғотарди. “Тил бу – математика! – дея таъкидлар экан домла. – Худди ҳисоб илмини ўрганиш учун қанчалик бош қотиришга тўғри келса, тилни ўрганиш учун ҳам шу қадар ўйлашга, тафаккур қилишга тўғри келади”.
Домланинг ўзи бу илмни ниҳоятда севар, она тилининг бутун товланишларини, ундаги сўзларнинг ранг-баранг маъноларини кашф этишдан чарчамасди. Бу кашфиётлар Тўра Нафасов муаллифлигида чоп этилган қатор илмий монографиялар, рисола ва луғатларга жо бўлди. 10 га яқин илмий асарлар яратди. 1988 йилда “Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати”, 2007 йилда “Ўзбек тили топонимларининг ўқув изоҳли луғати” нашр қилинди ва олимга катта шараф келтирди. Бу илмий асарлар топонимларнинг изоҳини тўғри аниқлашда муҳим манба сифатида ўзбек тилшунослигида катта аҳамиятга эга.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, олим бу борадаги илк изланишларини бошлаган вақтларда топонимика ўзбек тилшунослигида янги йўналиш эди. Топонимиканинг тадқиқ усуллари ва методи, топонимларни таснифлаш йўллари лингвистик йўналишда аниқланмаган эди. Тўра Нафасов Ўзбекистонда биринчи бўлиб, вилоятимиз ҳудудига доир макро ва микротопонимларнинг маҳаллий талаффуз ва адабий шаклини ёзиб олиб, картотекалаштирди. Шу тариқа республика топонимияси базасини яратишга асос солди. Профессорнинг “Қашқадарё қишлоқномаси”, “Чироқчинома”, “Қашқадарё ўзбек халқ сўзлари луғати“, “Аёл олами насимлари” каби китобларидан ҳозирда ўқув қўлланма ва дарслик сифатида фойдаланилади. Бу асарлар қимматли манба. Уларни варақлаган киши ўзи яшаб турган ҳудудда истеъмолда бўлган жой номларининг маъно-мазмуни, тарихи, этимологияси ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлади.
- Устозимиз профессор Тўра Нафасов Ўзбекистондагина эмас, балки Ҳамдўстлик мамлакатлари миқёсида ономастиканинг топонимика соҳаси тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган олим сифатида тан олинади, - дейди Қарши давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси мудири Эшпўлат Жабборов. - Домла олий ўқув юртлари талабалари учун дарслик ва ўқув қўлланмалари яратган педагог олимлардан биридир. Унинг “Лингвистик таҳлил”, “Ҳозирги ўзбек адабий тилидан лаборатория машғулотлари” каби китоблари фикримизнинг исботидир. Республика ва халқаро илмий журналларда домланинг 200 га яқин мақола ва тезислари чоп этилган. Бундай инсоннинг шогирди бўлиш биз учун шараф.
Устоздаги фидойиликни, шижоат ва истеъдодни ҳар доим барча шогирдлари ҳамиша яхши сўзлар билан эслашади.
- Тўра Нафасов зукко, талабчан, юксак маданият соҳиби бўлган олим сифатида барчанинг ҳурматини қозонган, - дейди филология фанлари номзоди Олима Ўринова. – У талабалардан чуқур билим талаб қилиш билан бирга, дарсдан бўш вақтида тилшуносликнинг қайсидир йўналиши бўйича илмий мақола ёзишни топширар, кўнглидагидай чиққан мақолани вақтли матбуот нашрларида чоп эттиришни назорат қиларди. Кафедра мудири сифатида фаолият юритган даврида домла илмий изланиш олиб бораётган шогирдлари ҳамда кафедра аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турарди. Ҳозирги кунда Тўра Нафасов яратган топонимика бўйича тадқиқотлар мактаби аъзолари нафақат Қашқадарё, балки бошқа вилоятлар ҳудудларида учрайдиган топонимлар устида ҳам қизғин иш олиб боришмоқда.
Профессор Тўра Нафасовнинг ҳаёт аъмоли шогирдлари, собиқ талабалари учун доимо ўрнак бўлиб қолади. Ёди эса ҳамиша қалбимизда барҳаёт.
Сарвиноз ХОЛТЎРАЕВА,
Қарши давлат университети ўзбек филологияси факультети талабаси